24-26 март кунлари Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда янграган айрим фикр-мулоҳазаларни келтириб ўтамиз.
«Асосий мақсад – бюрократик чекловларни олиб ташлаш» – Марио Ебсим
Марио Ебсим
Boeing компаниясининг минтақавий директори Марио Ебсим туризм соҳасини ривожлантириш учун сарфланган маблағ мамлакатга ортиғи билан даромад келтириши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
«Туризм нафақат даромад келтиради, балки кўплаб одамларни иш билан ҳам таъминлайди. Бу соҳага аёлларни жалб қилиш жуда муҳим. Асосий мақсад – бюрократик чекловларни олиб ташлашдир.
Экспертларнинг баҳолашича, туристик хизматлар учун тўғридан тўғри сарфланган ҳар бир доллар турдош соҳаларда тахминан қўшимча уч доллар даромад келтиради. Кўплаб хорижлик сайёҳлар учун бирданига Осиёдаги бир неча мамлакатга ташрифни кўзда тутувчи турлар қизиқ бўлар эди ва бу мамлакатларга ҳам яхшигина фойда келтиради».
«Ҳудудий қатновлар учун 40га яқин йўналишлар очишни режалаштиряпмиз» – Раъно Жўраева
Раъно Жўраева
Uzbekistan Airports раҳбари Раъно Жўраева ҳудудий қатновлар камлиги, шу сабабдан ҳам одамлар ҳаракатланишда муаммоларга дуч келаётгани ҳақида айтиб ўтди.
«Аэропортлар Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида бор, уларнинг яхши фаолият юритиши туристик соҳани ривожлантириш учун жуда муҳим. Ҳозирда мамлакатда мавжуд авиақатновларга талабни қўллаб-қувватлаш учун ўтган йили ҳудудий авиакомпания ташкил этиш ташаббусини илгари сурдик.
Ҳудудий қатновлар кам, уларни ривожлантириш керак, шу боис 40га яқин йўналишларни очишни режалаштиряпмиз. Ҳозир одамлар автотранспорт, поездлар орқали ҳаракатланиб, чипталар тақчиллиги сингари ноқулайликларга дуч келишмоқда. Миллионга яқин одам ўтган йили миллий авиакомпания хизматларидан фойдаланди, бироқ амалда бу кўрсаткич бундан анча юқори бўлиши керак. Яқинда биз Самарқандда аэропорт қурдик ва давлат ушбу лойиҳани хусусий ҳамкорлар инвестицияларидан фойдаланиб амалга оширди».
«Агар рақамлаштириш бўлмаса, коррупцияга йўл очилади» - Маҳмуд Ал-Бастақий
Маҳмуд Ал-Бастақий
DP World компанияси операцион бош директори Маҳмуд Ал-Бастақий логистика тизимида рақамлаштиришнинг қанчалик аҳамиятли эканлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
«Компаниямиз таъминот занжири ва логистикани оптималлаштириш учун рақамли воситалардан фойдаланади. Юк ташишнинг автоматик тизими етказиб берувчидан мижознинг эшигигача бўлган барча нуқталарни ўз ичига олишини истаймиз.
Рақамлаштириш транспорт соҳаси учун жуда муҳим. Агар рақамлаштириш бўлмаса, коррупцияга йўл очилади, ҳаракат секинлашади, юк операцияларининг сифати ёмонлашади. Асосий мақсадларимиздан бири – Ипак йўлини тиклаш. Буни амалга ошириш вақти келди. Бу муаммони ҳал қилишга ёрдам берадиган энг мақбул тизим бу – рақамлаштириш».
«Халқаро инвестор Ўзбекистонда топа оладиган энг муҳим ресурс – бу инсон» – Шерзод Шерматов
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳар қандай инвестор учун Ўзбекистонда етарли миқдорда ишчи кучи мавжудлиги ҳақида айтиб ўтди.
«Ўзбекистонда инвесторлар топа оладиган энг муҳим ресурс инсон эканлигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатларига тўғридан тўғри чиқиш, савдо-сотиқ ва ҳамкорликни эркин амалга ошириш салоҳиятига эга. Жаҳон иқтисодиётидаги глобал жараёнлар, ижтимоий, илмий ва ишлаб чиқариш соҳаларида юзага келаётган муаммолар шуни кўрсатадики, замонавий IT технологияларини жорий қилмасдан туриб, жиддий ўзгаришлар ва сифатли технологик ютуқга эришиб бўлмайди».
«Ташқи иқтисодий бизнес иштирокчилари сони икки баробар ошди» – Галина Саидова
Галина Саидова
Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова бозорни эркинлаштириш сабабли эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.
«Биз валюта бозорини тез ва самарали либераллаштиришни амалга оширдик. Бу ташқи бозорни ривожлантириш учун энг кучли ва самарали воситадир. Натижада ташқи иқтисодий бизнес иштирокчилари сони икки баробар ошди. Экспорт 1,4 баробар, импорт эса 2 баробар кўпайди. Энди АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатлар бозорлари биз учун очилди. Бошқача айтганда, ташқи савдо соҳасида кўплаб ютуқларга эришдик.
Биринчи навбатда, қўшилган қиймат занжирларини яратиш механизмини жорий қилмоқдамиз. Пахта экспортидан 800 миллион доллардан 1 миллиард долларгача даромад олардик. Ҳозирда бу тизимдан амалда воз кечдик ва шу кунгача фақатгина тўқимачилик маҳсулотларининг ўзини 3 миллиард долларга экспорт қилдик.
Шунга қарамай, бозорни эркинлаштириш ва юқори маошли иш ўринларини сақлаб қолиш ўртасида мувозанатни сақлаш зарур. Бу муаммони ҳал қилиш орқали биз либераллаштиришнинг кейинги босқичига сакраш имкониятига эга бўламиз».
«Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги ишларни давом эттиряпмиз» – Сянчен Чжан
Сянчен Чжан
Жаҳон савдо ташкилоти бош директори ўринбосари Сянчен Чжаннинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
«2020 йилда пандемия туфайли Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги масаласи тўхтаб қолганди, бироқ айни пайтда бу йўналишдаги ишларни давом эттирмоқдамиз. Кириш учун 30 дан ортиқ ҳужжатлар аллақачон топширилган. Ҳозир биз бор эътиборимизни Ўзбекистон ЖСТнинг барча стандарт ва меъёрларига эришишига қаратмоқдамиз».
«Инфраструктура ва логистика соҳаларида рақамли технологияларни жорий қилиш жуда муҳим» – Одиль-Рено Бассо
Одиль-Рено Бассо
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль-Рено Бассо Ўзбекистонда ташкилот томонидан эътибор қаратилаётган 3та асосий йўналиш ҳақида тўхталиб ўтди.
«Европа тикланиш ва тараққиёт банки кейинги беш йил давомида Ўзбекистон билан асосан қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилишни давом эттиради. Булар: барқарор иш ўринларини яратиш, фуқароларга хизмат кўрсатиш тизимлари ишини яхшилаш ва соғлом яшил муҳитни барпо қилиш, шунингдек, рақамлаштириш ҳамда рақобатбардошликни ошириш.
Ўзбекистон учун инфраструктура ва логистика соҳаларида рақамли технологияларни жорий қилиш жуда муҳим ҳисобланади».
«700 минг нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизлар давлат ҳисобидан ўқитилади» – Обид Ҳакимов
Обид Ҳакимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
«2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон стратегиясига кўра, 2,5 миллион норасмий ишлаётган фуқароларнинг бандлигини қонунийлаштиришга кўмаклашиш орқали уларга ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, камбағалликни қисқартириш доирасида аёллар ўртасидаги ишсизлик даражасини икки баравар камайтириш кўзда тутилган. Хусусан, 700 минг нафардан ортиқ ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан ўқитиш режалаштирилган.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, етарли миқдорда озиқ-овқат билан таъминланганлик қашшоқликка қарши курашда катта роль ўйнайди. Шу сабаб Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги мактабларда овқатни бепул тарқатиш тизими аллақачон йўлга қўйилган. Мазкур тажриба натижаларидан келиб чиқиб, бошқа ҳудудларда ҳам бепул овқатланиш тизимини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилади». “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”