
Элит Осиё чемпионлар лигаси 4-туридан ўрин олган “Насаф” – “Ал Ваҳда” баҳси Қаршида катта қизиқиш билан кузатилди. Тенг курашларга бой ўйин якунида БАА вакили 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Ал Ваҳда” бош мураббийи ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Фавор Огбу журналистлар саволларига жавоб берди, деб хабар берди championat.asia.
“Бугунги ғалаба осон келмади”
Мураббий сўзининг аввалида жамоа интизоми ва жамоавий руҳ натижани белгилаганини таъкидлади:
“Ўйин биз кутгандек оғир кечди, аммо натижадан мамнунман. Бугунги ҳисоб ким учундир адолатли, ким учундир йўқ — бу футболнинг табиий қонуни. Биз 0:1 ҳисобида ортда қолган вазиятда ҳам ишончни йўқотмадик.
Иккинчи бўлимда футболчилар жуда катта характер кўрсатишди. Иккита стандарт вазиятда аниқ ҳаракат қилиб, натижани ўз фойдамизга бурдик. Баъзи етакчи ўйинчиларимиз турли сабабларга кўра майдонга туша олмади, лекин уларнинг ўрнини захирадагилар муносиб тўлдиришди. Бу жамоамиздаги соғлом рақобат ва руҳий барқарорликнинг ифодасидир.”
“Насафнинг омади келмади”
Мураббий рақиб ҳақида ҳам ижобий фикр билдирди:
“Насаф яхши ташкил этилган жамоа экан. Улар ҳам бир неча бор гол уриш имкониятига эга бўлишди, фақат омад етишмади. Футбол шундай: баъзан сенинг кунинг бўлади, баъзан йўқ. Бугун эса омад биз томонда бўлди — ҳатто одатда гол урмайдиган ўйинчимиз ҳам тўп киритди. Шунинг ўзи ҳам жамоавий ҳаракат ва меҳнат самарасидир.”
Фавор Огбу: “Бугунги гол — меҳнат натижаси”
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган Фавор Огбу ўз фикрларини қисқача билдирди:
“Қаршига келганимдан хурсандман, мухлислар муҳити ва ўйин жуда ёқди. Бугунги голимни тасодиф деб бўлмайди, бу узлуксиз меҳнат самараси.”
“Танаффусда нимани айтдингиз?”
Мураббийдан иккинчи бўлим олдидан жамоага қандай таъсир кўрсатгани ҳақида сўрашди:
“Танаффусда футболчиларга шундай дедим: ‘Биз яхши ўйнаяпмиз, лекин натижа йўқ. Тўпни узатяпмиз, аммо зарба етишмаяпти.’ Футболда паслар эмас, голлар ҳисобни ўзгартиради. Уларга шунчаки йўналиш бердим — зарба беринг, таваккал қилинг. Баъзан футболчи буни эшитмайди, баъзан эса — эшитади. Бугун эшитишди.”
“Агар дуранг бўлганидачи?”
Мураббий бунга шундай жавоб берди:
“Биз ҳар доим ғалаба учун ўйнаймиз. Бир очко жамоани олдинга олиб чиқмайди, фақат уч очко мақсадга яқинлаштиради. Шунинг учун футболчиларга ҳам натижа учун ҳаракат қилишни уқтираман. Бугунги меҳнатнинг эвазига ютуққа эришдик, бу осон бўлмади.”
“Финалгача етиб бориш имконияти борми?”
Сўнгги савол “Ал Ваҳда”нинг келгуси мақсадларига оид бўлди:
“Албатта, шундай орзумиз бор. Финалгача етиб бориш осон эмас, лекин биз тўғри йўлдамиз. Бу мусобақада ҳар бир рақиб кучли, ҳар бир ўйин синов. Биз биринчи босқични муваффақиятли якунлашга ҳаракат қиламиз, кейинги босқичларда ҳам қадамма-қадам олға юрамиз. Ҳеч бир ғалаба тасодиф эмас — бу интизом ва ишонч мевасидир.”
Шу тариқа “Ал Ваҳда” жамоаси Қаршидаги муҳим баҳсдан кейин ғалаба ҳисобига 10 очко жамғарди ва Ғарб минтақасида пешқадамга айланди. “Насаф” эса, шунчаки омади келмаган ўйинни ортида қолдириб, кейинги турларга тайёргарликни бошлайди.