17:21 / 28.06.2022
1 504

Ерни хусусийлаштириш жараёни: заруратми ёки мажбурият?

Ерни хусусийлаштириш жараёни: заруратми ёки мажбурият?
Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда ерни хусусийлаштириш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланса, фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлиги кафолатланса, бу ўз навбатида халқимизнинг келажакка бўлган ишончи янада ортиши, бизнес юритиш муҳитининг яхшиланишига олиб келади.

Хусусий мулк азалдан инсонларни ўзи ва келажакка бўлган ишончини оширишда муҳим иқтисодий воситалардан бири сифатида қаралади. Шунинг учун бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда жамиятда мулкдорларнинг ўрни ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Чунки, улар жамиятдаги ўзгаришларга бевосита дахлдор бўлган қатлам ҳисобланиб, мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимизда мулк дахлсизлигига оид ислоҳотлар доим давлат раҳбари эътиборида бўлиб келмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 20 июнь куни президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлган учрашувда юртимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида хусусий мулк дахлсизлиги, унинг кафолати ҳамда мамлакатнинг тараққиётида тутган ўрнини асосли равишда очиб берди. Хусусан, Давлат раҳбарининг таъкидлашича «...хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз, кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмайди. Шу боис Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Шу билан бирга, асосий қонунимизда ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши лозим».

Давлат раҳбари томонидан мазкур масаланинг кўтарилиши ҳақиқатдан ҳам ҳозирги кунда соҳада ечимини кутаётган муаммолар борлигидан далолат беради. Зеро, Конституцияга фуқароларимизнинг уй-жой ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш бўйича нормалар киритилиши, биринчидан, мамлакатимизда хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашга, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулки дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслиги бўйича кафолатлар тизими яратилишига замин яраца, иккинчидан, тадбиркорларнинг давлатга бўлган ишончи янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Шундагина тадбиркорлар ўз бизнесига беҳавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши мумкин бўлади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ерни хусусийлаштириш жараёни заруратми ёки давлатнинг мажбуриятими, деган саволга жавоб берсак.

Биринчидан, мамлакатимизда ерни хусусийлаштириш зарурати долзарб масалага айланиб бормоқда. Чунки ерни хусусийлаштиришнинг аҳамияти иқтисодий, ижтимоий ва маънавий омил асосида намоён бўлади. Энди мазкур омилларга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Иқтисодий омил. Иқтисодиётда ер энг муҳим омил ҳисобланиб, ҳар қандай ишлаб чиқариш ер ресурси орқали амалга оширилади. Ерга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш муносабатлари тадбиркорлик фаолиятига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун ер хусусийлашган давлатларда тадбиркорлик кенг ривожланган. Дунёнинг аксарият мамлакатларида ер хусусий мулк сифатида тасарруф этилади.

Ижтимоий омил. Амалдаги қонунларга кўра белгиланган ерларни хусусийлаштириш жараёнининг амалга оширилиши ер эгалари, жумладан, тадбиркорларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, уларда яратувчанлик, ижодкорлик қобилиятларининг янада ривожланишига, жуда кўп ҳолатларда ҳомийлик қилиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни молиялаштириш борасида ташаббуслари кўпайиб боради.

Маънавий омил. Конституциянинг тегишли нормалари орқали мамлакатимизда ернинг хусусий мулкка айлантирилиши ўз навбатида ер эгаларига маънавий томондан катта ишонч беради. Шу билан бирга хусусийлаштирилган ерга мулк эгаларининг муносабати кескин ўзгаради, уни асраб-авайлашга, ердан фойдаланиш бўйича узоқ муддатли стратегик режаларни тузишга олиб келади.

Иккинчидан, мамлакатимизда ерни хусусий мулк сифатида Бош қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилиши ўз навбатида давлатнинг фуқаролар олдидаги яна бир вазифаси мажбурият сифатида эътироф этилишига ҳамда ижтимоий давлат тамойилларининг ҳаётда бажарилишига асос бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун хусусийлаштирилиши мумкин бўлган ерларнинг Конституциямизда акс эттирилиши, фикримизча, ўринли.

Умуман олганда, мамлакатимизда олиб борилаётган хусусийлаштириш соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири бу фуқароларнинг ерга бўлган хусусий мулк ҳуқуқларини амалда кафолатлаш ва мустаҳкамлаш ҳисобланади. Мулк ҳимоясига қаратилган бундай чора-тадбирларни конституция нормалари орқали мустаҳкамлаш, биринчидан, мулк ҳуқуқи кафолатини таъминласа, иккинчидан бу борадаги ҳуқуқий асосни такомиллаштиришга, фуқароларнинг мулкдор сифатида ўз ҳуқуқларини яхши билишига ва ҳимоя қила олиш қобилияти шаклланишига асос бўлади.

Чунки сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда мулк дахлсизлиги билан боғлиқ муаммолар тез-тез муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди. Бунга сабаблардан бири сифатида мансабдор шахслар томонидан асоссиз равишда фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкини бузиб ташлаш, баъзи амалдорлар эса ҳар хил важлар билан хусусий мулкни, шу жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиши, мулкдорга қасддан номақбул шартлар қўйиши каби ҳолатларни кўрсатишимиз мумкин.

Шунинг учун мамлакатимиз иқтисодиётини тубдан яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда аҳоли орасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда ерни хусусийлаштириш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кучайтириш кечиктириб бўлмайдиган масалалардан бирига айланиб бормоқда. Демак, ҳозирги конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ерни хусусийлаштириш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш нормаларини конституция орқали мустаҳкамлайдиган бўлсак, бу, албатта мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлиги ошишига олиб келиши билан бирга инвестор учун юртимиздаги мулк ҳуқуқи қай даражада ҳимоя қилинганлиги тўғрисида маълумот беради.

Бу ҳолат нафақат фуқароларимиз балки маҳаллий ва хорижий инвесторларга ўз бизнес ғояларини амалга ошириш кафолати ҳам таъминлайди.

Нодирбек Расулов,
иқтисодиёт фанлари доктори

Маълумот шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ерни хусусийлаштириш жараёни: заруратми ёки мажбурият?