date

Ўзбекистонда Хитойдан келган 3 та маҳсулотга тақиқ қўйилди

Ўзбекистонда Хитойдан келган 3 та маҳсулотга тақиқ қўйилди

Ўзбекистонда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Назорат инспекцияси Хитойда ишлаб чиқарилган учта маҳсулотнинг импортига тақиқ қўйилганини хабар қилди. Бу қарор мамлакатдаги истеъмолчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди.

Тошкент шаҳридаги Ўрикзор бозорида сотилаётган, Хитойда ишлаб чиқарилган Mozere бренди остидаги соч қуритиш мосламаси (фен)га нисбатан назорат хариди ўтказилди. Лаборатория текширувлари натижасида, ушбу феннинг белгиланган стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланди. Маҳсулотнинг салбий оқибатлари қуйидагилар:

  • Ток қаршилигини ошириш;

  • Ток ўтказгичдан оқим ўтганда сезиларли даражада қизиб кетиш;

  • Изоляциянинг ҳаддан ташқари қизиб кетиши;

  • Ёниш ва ёнғинга сабаб бўлиши мумкин;

  • Ускунанинг хизмат муддати қисқариши.

Шунингдек, Марғилон шаҳридаги бозорда сотилаётган, Хитойда ишлаб чиқарилган FABOLAI бренди остидаги 800 мл ҳажмдаги “Гел для души” маҳсулоти ҳам лаборатория текширувидан ўтказилган. Маҳсулотдан олинган намуна стандарт талабларига мос келмаслиги аниқланди. Салбий оқибатлари қуйидагилар:

  • Терининг қичиши, қизариши ёки аллергик реакциялар;

  • Тери тўқималарининг яллиғланиши;

  • Нафас йўлларига салбий таъсир кўрсатиши;

  • Терининг табиий мувозанатини бузиши, бу эса бактериал ёки замбуруғли касалликларга олиб келиши мумкин.

Навоий шаҳридаги Story савдо дўконида сотилаётган Хитойда ишлаб чиқарилган “Soldering Iron” ва “Epica Star” бренди остидаги электр леҳимли дазмоллар ҳам назоратдан ўтказилган. Натижалар шуни кўрсатдики, ушбу маҳсулотлар стандарт талабларга мос эмас ва уларнинг ишлатилиши истеъмолчиларнинг ҳаётига хавф туғдириши мумкин.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мутахассислари истеъмолчиларга бундай маҳсулотларни сотиб олаётганда уларнинг сертификатлари ва хавфсизлик белгиларига эътибор қаратишни, шунингдек, сифати шубҳали асбоб-ускуналардан фойдаланмасликни тавсия этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда Хитойдан келган 3 та маҳсулотга тақиқ қўйилди