09:00 / 28.07.2022
5 352

«Токайгача минг йил олдин ўтиб кетган авлодларимиз билан фахрланиб яшаймиз?»

«Токайгача минг йил олдин ўтиб кетган авлодларимиз билан фахрланиб яшаймиз?»
«110 метр баландликда» лойиҳасининг бугунги меҳмони – фалсафа доктори, доцент, социолог, медиатор, Тошкент шаҳар педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази директори Моҳира Холиқова. Қуйида Моҳира Холиқова билан ўтказилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Илмни оммалаштириш, иборасини жуда кам ишлатамиз? Илмни оммалаштириш, тарғиб қилиш атамаси ҳақида нима дея оласиз?
– Илм-фан ҳамма ҳам шуғулланиши шарт бўлмаган хусусий соҳа ҳисобланади. Илм билан шуғулланиш меҳнат ва илмий методологияни талаб қилади. Яна битта томони борки, уни ҳамма ҳам тушунавермайди. Масалан, поп мусиқасини олайлик. Поп мусиқани ҳамма тушунади ва енгил «ҳазм» бўлади ёки булвар адабиёт, сариқ матбуотни ҳамма осон ўқийди. Эстетик қиймати юқори бўлмаган жанрлиги учун уларни ҳамма ҳам қабул қила олади. Лекин илм-фан-чи?

Масалан, квант физикасини олайлик. Эверетнинг мулти оламлар назарияси бор ёки Копенгаген эксперименти, мана бу нарсалар ўқувчи учун осон билиши керак бўлган мавзу эмас. Лекин илм-фаннинг шундай аспектлари борки, биз уч ўлчамли фазо, техника оламида яшаяпмиз, оддий инсон, техник имкониятларнинг асосий ишлаш механизмларини моҳиятини билиш керак. XXI асрнинг техник имконияти, деб мана бу биз суҳбат қилаётган телеминорани ҳам аташимиз мумкин.

Шунча ихтиролар, кашфиётлар борки, инсон бунга кўникиб кетди, ҳатто бунинг моҳиятини ҳам ҳис қилмайди. Масалан, телефон. Сизга телефон қилишим керак бўлса, тўлқин аввал космосга чиқади, сунъий йўлдошга чиқади, қабул қилади ва сизга жўнатади. Замонавий инсон юқори материяларни тушунмаслиги мумкин. Лекин кундалик ҳаётда фойдаланаётган техник имкониятларнинг асосий моҳиятини билиш керак. Телефон, почта, соатига минг километр йўл босадиган поездлар бор, саёҳат қиляпмиз, лекин инсон қандай қилиб етиб келди шу даражага?

Илм-фанни нега тарғиб қилиш керак? Цивилизацияни, асосий ривожланиш тенденцияларни билиш учун, инсоният тамаддуни қаерга кетаяпти, олдинда инсониятни қандай хавф-хатар кутаяпти, тўғри йўлдан кетаяптими мана шу учун ҳам керак илм-фан.

Масаланинг иккинчи аспекти юнон файласуфи Аристотел инсон жамоавий бўлиб яшовчи мавжудот, у жамода ривожланади, қўним топади ва фаолият олиб боради, деганда қанчалар ҳақ эди. Инсон жуда кўникувчан, у кўникди, замонавий техникаларга кўникди, бемалол ишлатяпти. Масалан, ақлли уйлар ёки самолёт – ҳаводан оғир бўлган пўлат темир осмонда учаяпти, яъни гравитациянинг ҳамма қонунларини инкор этган ҳолда самода учиши таажжубланарли. Ёки бўлмаса америкалик олим Александр Бел телефонни кашф қилганда одамлар таажжубга тушган. Узоқдаги танишинг билан худди ёнингда тургандай гаплашиш ўша пайт одамлар учун мўъжиза бўлган, бугун эса ҳамма бу имкониятларга кўникиб кетди.

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, иннавацион тараққиёти учун ҳам илм-фанни тарғиб қилиш керак. Тўғри, мамлакатимиз сиёсий жиҳатдан мустақил давлат, лекин том маънодаги мустақиллик бу иқтисодий мустақил бўлган давлат ҳисобланади, саноатнинг иннавоцион соҳаларини ривожлантириш орқали иқтисодий мустақилликка эришилади.

Яна битта фалсафий жиҳати бу эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси. Масалан, Иоган Гётенинг «Шарқу Ғарб» асарида эзгулик ёвузликнинг устидан ғалаба қилингани айтилади. Ахир илм олишнинг ўзи етарли эмас, олинган билимларни тараққиёт учун ишлата билиш ҳам керак.

Илм-фанни, кашфиётни эзгулик йўлида ишлатиш ҳам, ёвузлик йўлида ишлатиш ҳам мумкин. Олайлик атомнинг парчаланиш ҳодисаси. Агар унинг парчаланишидан кейин пайдо бўладиган энергияни эзгулик учун ишлатишимиз мумкин. Айтайлик, қуёш энергияси, шамол энергияси. Қачонлардир ердаги газ ва энергия заҳираси тугайди, ўшанда атом, шамол, қуёш энергиясидан фойдаланамиз. Шу аспектни ёвузлик йўлида ҳам ишлатишимиз мумкин. Атом бомба, водород бомбаларни ҳам яратишди ва хабарингиз бор ёвузлик йўлида фойдаланишди ҳам.

Илм-фанни тарғиб қилишнинг яна бир жиҳати ёш авлоднинг ижтимоийлашуви. Мен педагог андрагогик сифатида айтишим керакки бу VUCA, яъни мураккаб дунёда шахснинг ижтимоийлашуви қандай кечиши керак? Авлодлар назарияси бўйича 20-25 йилда битта авлод иккинчи авлодга жойини бўшатиб беради.

Ҳозирги ёш авлоднинг ижтимоийлашуви қандай кетяпти, ҳозирги авлод социапат гуруҳига киради. Социапат деганда уларнинг ижтимоий муҳитдан чекланишини кўрамиз. Улар компьютер, телефон билан банд бўлгани боис ижтимоий муҳитдан қўрқиш ҳисси бор. Хўш, уларда ижтимоийлашуви қандай кетяпти, илм-фанга қизиқиши қандай? Бу ҳам андрогика, социология тадқиқ қилиш керак бўлган масала ҳисобланади.

– Болаларни илмга қизиқтириш, уларни лабораторияхоналарга «михлаш» учун нималар қилинаяпти?
– Таълим-тарбияда аниқ фанларни ривожлантириш бу саноатга инновацияни ишлаб чиқаришнинг энг қулай имконияти, деб биламан. Мактабларда аниқ фанларни ривожлантириш устувор аҳамият касб этиши керак.

Футурология деган фан бор. Ижтимоий-сиёсий хатарларнинг олдини олиш мақсадида келажакни ўрганадиган, олдиндан тахмин қиладиган. Асли Японияда туғилган, Америкада яшайдиган тадқиқотчи Мичу Каку бор, Тесла компаниясининг раҳбари Илон Маск креатив фикрлайдиган, ғояларни илгари суради. Уларнинг башоратича 10-15 йилда Ер сайёрасида технологик сингулярлик эра пайдо пайдо бўлади. Яъни, сунъий интеллект барча соҳани эгаллаши кутилаяпти.

Агар шундай бўлса, дунёда инсоннинг ўрни қандай бўлади, инсонга ўрин қоладими бу дунёда деган савол бор. Инсон яратган кашфиётлар келажакда назоратдан чиқиб кетади. Менинг отам физик бўлган, математик сингулярлик деган мавзуда диссертация иши ёқлаган, орадан 30-40 йил ўтиб математик сингулярлик ўз ўрнини техгнологик сингулярлик, деган тушунчага бўшатиб бераяпти. Эртага инсониятнинг тарихий эраси тугаб сунъий интеллект эраси бошланса инсониятни нима кутади? Илм-фан ҳақида гапирганда унинг ахлоқий тарафларини ҳам назардан четда қолдирмаслик керак.

Биз токайгача минг йил олдин ўтиб кетган авлодларимиз билан фахрланамиз. Ҳар бир авлод ўзидан физикларни, математикларни қолдириши керак.

– Фантастик асарлар ўқиб улғайганмиз. Жюлен Верннинг асарлари кўпгина кашфиётчилар етишиб чиқишига сабаб бўлган. Илм-фанда илмий фантастиканинг ўрни қандай?
– Илмий тадқиқотларга кўра, илмий фантастик асарларнинг 80-85 фоизи бугун реал ҳаётга кўчди, ҳаётимизга кириб келди. Ёки бўлмаса Леонар до Винчининг эскизларида вертолёт, субмарина каби қораламалар бугун ҳаётимизнинг бир қисмига айланди.

Илмий фантастиканинг илм-фан тарғиботида жуда ўрни юксак. Масалан, Айзек Азимов, Габриэл Гарсиа Маркес, Экзюпери, Рей Бредбери, Вашингтонг Ирвинг, О Генри каби илмий фантаст ёзувчиларнинг асарлари қанчадан-қанча кашфиётлар кашф қилинишига ҳисса қўшган бўлса ажаб эмас.

Айзек Азимовнинг «Мен роботман», «Мангуликнинг интиҳоси» деган асарларида нафақат илм-фанни тарғиб қилади, балки унинг гуманистик, ахлоқий тарафларига ҳам эътибор қаратади.

«Мен роботман» деган асарида робототехниканинг учта ахлоқий томонини кўрсатади. Биринчи қонун инсоният тарафидан яратилган робот инсоният учун хавф туғидириши керак эмас, иккинчи қонуни робот эгасининг буйруқларини бажариши керак, учинчи қонуни робот ўзининг ҳам шахсий хавфсизлигини ўйлаши керак. Айзек Азимов ўша пайти ўйлаган: биз сунъий интеллектларни, роботларни яратаяпмиз, эртага улар бизга қарши чиқиб қолмасмикан?

– Сизга агар имконият берилса, телевидения учун қанақа теледастурлар, лойиҳалар қилардингиз?
– Эсингиздами, ўзбек фантаст ёзувчиси Ҳожиакбар Шайхов асос солган «Сирли олам» журнали бўларди, афсуски шу ёзувчидан бошқа ёзувчини билмасаканман, яна «Фан ва турмуш» журнали бўларди, «Вокруг света», Яков Перелманнинг «Ғаройиб математика» асарини олайлик. Оқил Рашидовнинг «Санамай саккиз дема» китобиям математикани қизиқарли ташвиқот қилади. Телевидениеда мана шу мавзуларга оид бирорта тизимли кўрсатувлар қўйилаётгани йўқ. Илм-фанни ривожлантиришда, албатта, ОАВнинг ўрни бор.

– Кўпинча теледастурларда шоуларга, артистларга урғу берилади. Уларнинг иддаосича олимларни чақириб кўрсатувлар тайёрлашса рейтинг тушиб кетармиш. Тўғри, бошида илм-фанга оид кўрсатувлар томошабинни ўзига чорлаши қийин. Лекин бу кўрсатувларни қизиқарли қилиб ва тез-тез тайёрлашса томошабиннинг диди шунга мослашармиди?
– Касб этикаси бўйича, рейтингнинг орқасидан қувиш керакми ёки жамиятнинг аъзоси сифатида жамиятнинг ривожига ҳисса қўшишми? Инсонлар билан уларнинг англашлари даражасида гаплашинглар, дейилади ҳадисларимизда.

Биз телевидениеда уларнинг тушунадиган тилида кўрсатувлар қилсак, рейтинг ҳам аста-секин ошади. Чунки фақатгина мусиқа, шоу ёки булвар адабиёт билан рейтингга эришишингиз мумкин, лекин жамиятнинг ривожланиши, эртанги куни-чи, келажаги-чи? Биз ҳар доим ўйлашимиз керак, биз эртанги кун авлодига қандай жамиятни ташлаб кетамиз? Ривожланган жамиятними ёки бошқа давлатларга иқтисодий ва сиёсий қарам жамиятними? Ривожланган, замонавий, билимли ёшларними ёки бошқа малакатларга хизмат қиладиган гастербайтерларними? Тил ўрганиш, спорт билан шуғулланиш керак. Лекин давлатни ривожлантириш учун фақат тил ўрганиш билан чекланмаслик керак.

– Илм байрамларида иштирок этасизми?
– Илм байрамларига иштирокимни ҳеч эслай олмайман. Лекин ўзимизда ва чет элда бўладиган илмий симпозиум ва конференцияларда қатнашаман. Кинофестиваллар, мусиқа фестиваллар бўлади, лекин илмга оид фестиваллар ҳам ўтказилиш керак. Ёш болалар учун олимпиадалар бор, лекин мамлакат масштабида илм-фанга оид тадбирларни, кўргазмаларни кўпайтириш зарур. Илм-фанга улкан ҳисса қўшган олималарни биламиз. Мазлума Асқарова, Хадича Сулаймонова, Мария Кюри, Софи Ковелевская каби олималар етишиб чиқиши учун имкониятлар керак. Оилавий тарбия ҳақида гап кетганда болаларнинг амбицияларини, яъни катта мақсадларни олдига қўйиш ва ўзидаги сабр, матонат, ирода каби туйғуларни шакллантириш лозим.

– Мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Барно Султонова суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Токайгача минг йил олдин ўтиб кетган авлодларимиз билан фахрланиб яшаймиз?»