date

Тошкентдаги Mangal Fest фестивали жанжалга айланди

Тошкентдаги Mangal Fest фестивали жанжалга айланди

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Mangal fest номли оммавий фестивал шанба куни кутилмаган тарзда шов-шувга айланди. Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчасида ташкил этилган тадбир пайтида бир гуруҳ фуқаролар ўртасида оғзаки тортишув пайдо бўлиб, тез орада у жанжалга айланди.

Ҳодисадан тарқалган видеоларда жанжалчи шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари аралашиб ажратаётгани аниқ кўрилади. Фестиваль тинч ва хатарсиз ўтказилиши учун илгаридаёқ махсус хизматлар жалб қилинган бўлса-да, айрим фуқаролар жамоат тартибини инкор этиб, ўзаро келишмовчиликка берилган.

Пойтахт ИИББ расмий ахборотида таъкидланишича, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари вазиятни ўз вақтида назоратга олиб, жанжалнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаган. Бундан ташқари, можарога алоқадор шахсларнинг барчаси аниқланиб, улар профилактик суҳбат ўтказиш учун яқин орадаги ИИБ биносига олиб кетилган.

Ҳозирда жанжал акс этган видеоматериаллар асосида Миробод тумани ИИО томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув якунида жамоат тартибини бузган шахсларга нисбатан қонуний баҳо берилиши кутилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Тошкентда жорий йилнинг 27–29 июн кунлари ўтказилган пиво фестивали ҳам жамоатчилик орасида катта тортишувларга сабаб бўлганди. Қатор фуқаролар ва ижтимоий фаоллар бу каби тадбирларни миллий анъаналар ва маънавий қадриятларга зид, деб баҳолаган. Хусусан, “Миллий тикланиш” партияси депутати Фируза Мухамеджанова бу каби тадбирларни очиқ танқид қилиб, уларнинг жамият онгига салбий таъсири борлигини таъкидлаган эди.

Бундай ҳолатлар жамоат тартибини сақлашнинг қанчалик муҳимлигини яна бир бор намоён этмоқда. Ҳар қандай оммавий тадбир нафақат кўнгилочар мазмунда, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам масъулият билан ташкил этилиши лозим. Мангал ёқишдан бошланган мазмунан мусиқа, таъм ва кўнгил очишга бағишланган фестивал кенг жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдаги Mangal Fest фестивали жанжалга айланди