date

Ертўлада болаларни яшириб диний таълим берган эркак қўлга тушди

Ертўлада болаларни яшириб диний таълим берган эркак қўлга тушди

Тошкент шаҳрида ва Фарғона вилоятида болаларга ноқонуний равишда диний таълим бериш ва тақиқланган диний китобларни тарқатиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Айни ҳолатлар фақат қонунбузарлик эмас, балки жамият онги, болалар хавфсизлиги ва келажагига таҳдид солувчи жиддий таҳлика сифатида баҳоланмоқда.

Маълум бўлишича, Олмазор туманида жойлашган Жидали маҳалласининг битта хусусий уйида Қашқадарёлик бир эркак томонидан 15 нафар ёшга диний таълим берилган. Унинг дарслари яширин равишда 2025 йил майидан буён ўтказилган ва ҳар бир ўқувчи учун 150 доллар миқдорида тўлов талаб қилинган.

Бу ўқувчилар 2004–2014 йиллар оралиғида туғилган бўлиб, 11 нафари вояга етмаганлар. Қизиғи шундаки, улар орасида уч йилдан бери мактабга бормаган бир бола ҳам аниқланган.

Бошқа бир ҳолатда эса, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқаро шу йилнинг июн ойидан буён 10 нафар вояга етмаган болага дарс бериб келган. Ҳар бири учун у 100 доллар ва озиқ-овқат талаб қилган. Энг хавфлиси – у болаларни ҳуқуқ-тартибот органларидан яшириш учун уйнинг подвалини қайта қурдириб, металли қопқоқ билан ёпиб, тош ва қум билан тўлдирган.

Бу ёпиқ ертўлада болаларни сақлаш усули шунчалик рад этиладиган ва тушунарсизки, унинг ортида қандай фикр ва ният тургани жамиятни ташвишга солмоқда. Болаларини бундай муҳитга ишониб топширган ота-оналарнинг ўзи ҳам жавобгарликдан четда қолмаслиги керак.

Ҳар икки ҳолат бўйича 241-модда асосида маъмурий иш қўзғатилган. Қонунга зид равишда таълим берган шахслар расмий рўйхатдан ўтмаган, ҳеч қандай голограммасиз, қўлёзма ва чоп этилган китоблардан фойдалангани маълум қилинди.

Шу билан бирга, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яна бир қонунбузар фуқаро ўз уйида ноқонуний босмахона ташкил этган ҳолда диний адабиётларни чоп этиб келган. Ушбу китобларни Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги айрим дўконлар орқали тарқатган. Рейд пайтида 1210 та тайёр, 2000 та ярим тайёр китоб ва 6 та босмахона жиҳозлари мусодара қилинган.

Қизиғи шундаки, ушбу шахс 2024 йилнинг июлида худди шу қилмиши учун жаримага тортилган, бироқ ноқонуний фаолиятини тўхтатмаган.

Ҳозирда ушбу барча ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болаларни таҳдид остига қўйган, диний таълимни пулли бизнесга айлантирган шахслар жавобгарликка тортилади.

Ушбу воқеалар яна бир бор кўрсатиб турибдики, болалар таълими масаласида ота-оналар, давлат ва жамоатчилик юксак масъулият билан ёндашиши лозим. Ёпиқ хонада, қоронғу ертўлада ўтказилаётган “сабоқлар” келажагимизга соя солмаслиги шарт.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ертўлада болаларни яшириб диний таълим берган эркак қўлга тушди