
Жонажон диёримизда Саодат асридан буён мусулмонлар алоҳида аҳамият билан кутиб оладиган, муқаддас динимиз арконларидан бири адо этиладиган муқаддас Рамазон ойи кириб келди, дейилади "Кун" нашрида. Халқимиз бу муборак ойда хайрли амалларни кўпайтиришга, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга интилади. Доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Истиқлол йилларида миллий-диний қадриятларимиз тикланиб, Рамазон, Қурбон ҳайитларини нишонлаш, фазилатли кунлар шарофатидан баҳраманд бўлишга кенг йўл очилди. Халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқиб, муборак Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш имконияти яратилди. Диний маросимларимиз ва миллий урф-одатларимизни эмин-эркин адо этиш бахтига мушарраф бўлганимиз ва бошқа кўплаб хайрли ишлар амалга оширилдики, бунинг учун ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди.
Кўп қаватли турар-жой биносида истиқомат қиламиз. Бир неча йил аввал, Рамазон ойининг учинчи куни бўлса керак, эрталабки соат учлар эди, саҳарлик қилаётган эдик, тўғридаги уйлардан бирининг хонадонида қий-чув кўтарилди. Бирор кор-ҳол юз берган бўлса керак, деб эътибор қаратмадим. Кечқурун ишдан келсам, вазият ойдинлашди. Келин ухлаб қолган бўлса керак, ўз вақтида қайнота ва қайнонасига саҳарлик тайёрлай олмабди. Шунга қайнона бутун маҳаллани бошига кўтарибди. Тавба, ахир оғиз ёпилишига 20 дақиқа қолган, бу вақт ичида кечаги овқатни танавул қилиб бўлсада саҳарлик қилишга улгуруш мумкин бўлса, шовқин кўтаришга арзирмикан? Унда қайнонанинг тутаётган рўзаси қаерда қолди. Ахир рўза тутиш дегани саҳарлик ва ифторликда еб-ичиш дегани эмас-ку?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муборак ой ҳақида “У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир”, деганлар.
Рўза бандани дунёда гуноҳлардан тўсиб турадиган қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб турадиган қўрғон бўлади. Агар ейиш ичишни тарк қилса-гу бошқа ҳаром ишларни тарк қилмасак қилаётган амалларимиз қабул этилмаслигига ва жазоланишмизга лойиқ бўлиб қоламиз.
Ишга маршрут таксида келаман. Йўловчиларнинг аксарияти аёллар. Улар ҳамма нарсани билишади. Ҳар куни нафақат уларнинг уйида, маҳалласида, балки шаҳримизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан айнан шу маршрут таксида бохабар бўламан. Бир куни аёллардан бири қуда чақириққа (келинни отасиникигами ёки куёвни уйигами, билолмай қолдим) борганини оғиз кўпиртириб мақтай бошлади. Ифторликда оғизларни қаймоқ билан очишибди, ундан кейин европача ва миллий салатлар тортилибди. Сўнг сомсалар (авваллари битта сомса тортилса, энди иккита - ўзбекча ва туркча сомса) берилибди. Суюқ-қуюқ овқатлар орасида норин ва кабоб тановул қилинибди. Ўзбеклар одатига кўра, ошдан кейин фотиҳа қилиниб, кетишга рухсат берилиши керак эди. Аммо қудалар замонавий экан, шу сабаб ошдан кейин десерт сифатида музқаймоқ тарқатилибди. Энг қизиғи, дастурхонда овқат ҳазм қилувчи “Мезим” борлиги меҳмонларнинг дардига дармон бўлибди. Во ажабо, тўйдан кейин “келин салом”га қолган хотин-халажга “Мезим” берилгани ҳақида қулоққа чалингандек бўлган эди, энди ифторликда ҳам бу дори дастурхон кўркига айланибди-да. Яшавор ўзбек, дегинг келади. Ахир бу манманлик, исрофгарчилик эмасми?! Яхшиям, ўз вақтида кафе ва ресторанларда берилаётган ифторликларга чек қўйилди. Бўлмаса манманлик авжига чиқармиди? Чунки мана шу каби тадбирларга рўзадорлар эмас, рўза тутмаганлар ҳам ташриф буюриши сир эмаску.
Рамазон ойи бошланиши билан рўзанинг ҳурмати деб, рўзадорларга ҳурмат кўрсатила бошланади ва дастурхон ноз-неъматларга тўлади. Ахир нафсни тийиш ўрнига овқатга хаддан зиёд киришиб кетмаяпмизми? Оддий арифметика бўйича мисол келтирамиз. Одатга кўра эрталаб бир коса, пешинда бир коса, кечқурун бир коса овқат ейилса, рўза бошланиши билан саҳарликда “рўза оғизман, қувват бўлади”, деб икки коса овқат еймиз. Кечқурун эса “рўзаман, ҳолдан тойдим” дея яна икки коса овқатини паққос туширамиз. Яъни бир кунлик еган овқатимиз тўрт коса бўлади. Уч косага ўрганган ошқозонимиз тўрт косани кўтара олармикан? Мана шу нарсаларни ҳар йили Рамазон ойи арафасида аҳолига тушинтиришимиз керакка ўхшайди.
Рамазон гуноҳлардан, ёмон хулқлардан покланиш ойидир, нафсни тарбиялаш, сайқаллаш мавсумидир. Рамазон ойини муносиб кутиб олиб, гўзал тарзда ўтказиш учун, ундан унумли фойдаланиб қолиш учун, аввало, унга руҳий ва маънавий жиҳатдан муносиб тайёргарлик кўриш лозим.
Шу ўринда яна бир мисолни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим кўрдик. Навоий кўчаси атрофида қаҳвахоналар кўп. Ўтган йили (Рамазон ойида) автобусда кетаётган эдик, бекат яқинидаги каҳвахонада музқаймоқ еб, яхна ичимлик ичаётган уч нафар ҳижобли аёлга кўзимиз тушди. Тўғри улар ўша куни узрли сабабларга кўра рўза тутмаган бўлишлари мумкин. Аммо қайсидир манбада, агар рўза тутмаган бўлсангиз ҳам ўзингизни рўзадордек тутинг, деган маслаҳатни ўқиган эдим. Дарҳақиқат, “ўранган аёлларимиз” Рамазон кунлари ўзларини ҳақиқий муслимадек тутсалар яхши бўлармиди?! Чунки йўлдан ўтган кетганларнинг кўзлари овқатланаётган аёлларга тушиши ва “мана ҳижоблилар рўзага амал қилмаяпти, меники узрли”, деган фикрга келишлари аниқ. Агар аёллар ўша куни рўза тутмаган бўлсалар, у ҳолда ҳижоб кийишлари шартмиди?! Исломда ҳижоб эмас, балки рўза фарз саналади. Шу ўринда Жалолиддин Румийнинг “Аслинг каби бўл, бўлганинг каби кўрин” деган сўзлари ёдга тушади. Хижобни олифтагарчилик учун кийиш ярамайди.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга Рамазон ойида ўзга умматларга берилмаган бешта ҳислат берилди: 1) рўзадорнинг оғзида пайдо бўладиган нохуш ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир; 2) Ифтор вақтигача рўзадорларга дарёдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб дуо қилишади; 3) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнгра унга: “Менинг солиҳ бандаларимнинг дунё машаққатларини ортга ташлаб ҳузуринггга келишлари яқиндир”, дейди; 4) бу ойда исёнкор шайтонлар кишанланади, шу сабабдан улар бошқа ойлардаги каби ёмонликлар қила олишмайди; 5) рамазон ойининг охирги кечаси рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар.
Рамазон ойи – Қуръон нозил бўлган ойлигини, у ойлар султони эканлигини, У раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойилигини, Унда минг ойга тенг кеча борлигини, Унда ҳар бир яхши амалнинг ажри бир неча баробарга кўпайтириб берилишини асло унутишимиз керак эмас.
Рамазон ойида инсон ҳам маънан, ҳам жисмонан покликка эришади, руҳан юксалади. Шу боис ушбу қутлуғ ва баракотли ойда ҳар биримиз эзгу ниятлар қилайлик, Яратгандан юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик бардавом бўлишини тилайлик. Рамазон ойини тинчлик, осойишталик ва хурсандчиликда ўтказиш ҳаммамизга насиб этсин.
Барча мусулмонларга Қуръон, тақво, шафқат, барокат, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойи муборак бўлсин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар