Профессор Эршаҳин: «Фитрат, Чўлпоннинг ғоялари янгидан тадқиқ қилиниши фақат яхшиликка хизмат қилади»
Анқара университети профессори Сайфеттин Эршаҳин Тошкентда ўтган «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» халқаро конференцияда жадидларнинг вақф масаласини қандай ёндашгани ҳақида нутқ сўзлади. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда жадидчилик бутун ислом оламига даҳлдорлиги ҳақида гапирди.
«Жадидчилик Ислом дунёсидаги модерн бир ҳаракат эди. Оврўпа, умуман Ғарб дунёси билан Туркистонни тенг кўра олган ҳаракат эди. У Туркистонда омадли бўлган дейиш мумкин. Чунки жадидлар Бухоро халқ республикаси, Хоразм халқ республикаси каби жумҳуриятлар қурди. Ўзбекистоннинг илк марта ташкил топишида жадидларнинг буюк хизматлари сингди. Бугун ҳам Ўзбекистонда давлат раҳбари даражасидаги эътибор сабабли уларнинг хотирасига чуқур эътибор қаратиляпти.
Мана шу эътибор сабабли Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш мумкин бўлар, балки. Албатта, Форобийлар замонидаги бир ренессансдан, Амир Темур давридаги омадли бир хотиралардан сўзлашимиз мумкин бўлса, бугунги даврни ҳам балки бир ренессанс сифатида баҳолаш мумкиндир. Бу конференциянинг ўзига хослиги ҳам шунда.
Жадидларнинг ҳар мавзуда илмий ишлари бор. Улар таълим, адабиёт, тил мавзусидаги докладларини учратиш мумкин. Шу билан бирга мен бу ерда уларнинг вақф масаласини қандай ҳал этганликлари ҳамда амалга оширганликлари масаласида нутқ сўзладим.
Жадидчилик фақат Ўзбекистон миқёсида эмас, балки бутун Ислом дунёсида аҳамиятлидир. Анжуманда сўзланганларга эътибор қаратсак, Мисрда, Усмоний ва янги турк давлати даврида, Эронда, татарлар орасида ҳам бу ҳаракатлар бўлгани ҳақида билиб оламиз. Шу қатор ўзбек жадидларининг қайси соҳа ва йўналишларда фаол бўлганликлари ҳақида ҳам нутқ сўзланяпти. Бу анжуманларнинг фойдали тарафи шундаки, агар жадидчилик жадал бир ҳаракат бўлса, ўзбек жадидлари бу йўлда қайси йўналишларда яна фаол бўлганликлари ҳақида фикрлар алмашилади. Масалан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мактаблар мавзусидаги фикрлари, Абдурауф Фитрат, Чўлпоннинг ғоялари янгидан тадқиқ қилиниши фақат яхшиликка хизмат қилади деб ҳисоблайман ва бу учун барчани табриклайман», — деди профессор.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг