08:00 / 17.01.2024
335

Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!

Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!

 Жаҳонда мураккаб жараёнлар кечаётган бир шароитда Ўзбекистонда замонавий ислоҳотлар ва миллий ривожланишимизга мос равишда амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар, эркин, демократик жамиятни қарор топтириш ва унинг тараққиётига ҳисса қўшишда сиёсий назария ва амалиётга оид билимлар, даҳлдор ғоя ва мафкуралар, сиёсатшунослик фанини янада чуқурроқ ўрганишни тақозо қилмоқда. Бу маънода, юртимизда айрим олий ўқув юртларида жаҳон фанлари доирасида сиёсатшуносликни қисман бўлса-да ўқув жараёнига татбиқ этилганлиги ҳамда бу йўналишда талабаларни ўқитилаётганлиги ушбу мақсадга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари ва асарларида сиёсий тафаккурни, алломаларимиз маънавий меросини, умуминсоний характердаги сиёсий-мафкуравий билимларни ўрганиш масалаларига катта эътибор бериб келинмоқда. Қолаверса, Янги Ўзбекистон сиёсий тизимида сиёсий маданиятни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларга катта аҳамият қаратилмоқда.

Барчамизга маълумки, дунёда шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари, жаҳоннинг ғоявий-мафкуравий қиёфасини тубдан ўзгартириб, янгича тафаккурни шакллантирмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда таълимнинг ижтимоийлашувига алоҳида эътибор берилиб, ўқитилаётган фанларнинг таркибий тузилиши ва мазмунининг замон талабларига мослаштирилиши бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларни Ватан ва миллат манфаатлари йўлида фидойилик кўрсата оладиган, юрт тақдирига ўзини дахлдор деб ҳис қиладиган, дунёдаги сиёсий рақобатга асосланган ўзгаришларнинг мазмун-мохиятини англайдиган, юртимизни ҳар қандай хавф-хатардан асрашни ўзининг муқаддас бурчи деб билувчи, муайян мутахассисликни, касб-ҳунарни чуқур эгаллаган, мустақил ва эркин фикрлайдиган, маънавий баркомол инсонни тарбиялаш йўлида олий таълим тизимида ижтимоий, сиёсий фанларнинг дастурлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларни замон талаблари асосида яратишни тақозо этмоқда. Шу ўринда сиёсий билим ёки сиёсатшунослик қандай фан деган савол туғилади?

Бизнингча сиёсат – давлат ҳокимияти, бошқарув органлари, мансабдор шахслар, жамоат институтлари мақсад ва манфаатларини амалга оширадиган инсон фаолияти соҳаси сифатида сиёсатшунослик фани доирасида ўрганилади. Илмий манбаларда эса, жамиятнинг алоҳида соҳаси сифатида давлатни бошқариш санъати деб таърифланади. Шу билан бирга, сиёсат турли ижтимоий-сиёсий интитутлар, ижтимоий қатламлар, табақа ва гуруҳлар ўртасидаги муносабатларни ҳам ифода этади. Сиёсатнинг ижтимоий моҳияти давлат ҳокимиятини бошқаришда намоён бўлади. Қолаверса, сиёсатшунослик фани ижтимоий-сиёсий фанлар тизимида муҳим ўрин тутади ҳамда сиёсатни ўрганишда ўзига хос хусусияти, мақсад ва вазифалари борлиги билан фарқланади.

Унинг сиёсий моҳияти жамиятнинг сиёсий ҳаёти ва сиёсий муносабатларида рўй берадиган воқеа-ҳодисалар, ўзгаришларни илмий-назарий жиҳатдан асослаб бериш билан белгиланади. Сиёсатшуносликнинг сиёсий фан сифатидаги роли ва аҳамияти унинг сиёсий моҳиятга эга бўлган воқеа-ҳодисаларни алоҳида олинган бир мамлакат доирасида эмас, балки жаҳоннинг турли мамлакатларида сиёсий муаммоларни ҳал қилишда эришилган натижалар билан баҳоланади.Қолаверса, сиёсатшуносликнинг мазмунини ташкил этувчи масалаларнинг бир бутунлиги ёки яхлитлиги мисолида унинг предмети таърифланади.

Шундай экан, ҳар қандай давлат ва жамиятда фуқаролар, давлат ҳокимияти бошқаруви органлари вакиллари, сиёсий элитанинг сиёсий билимларни чуқур билиши ҳар бир соҳада амалга ошириладиган ислоҳотларнинг самарадорлигига ҳамда стратегик жиҳатдан ривожланишига ўз таъсирини ўтказади.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда айрим тадқиқотчилар томонидан Ўзбекистонда сиёсий билим асосчиларини муҳокама қилиш, бу ҳам етмагандек “академик эркинлик” нуқтаи назаридан сиёсатшунослик фани тақдирини шубҳа остига қўйиш каби субъектив фикрлар тарқалиши кузатилмоқда.

Шу ўринда, сиёсатшунослик фанининг Ўзбекистондаги ҳолати бўйича тарихга бир назар ташлаш лозим бўлади. Хабарингиз бор 2015 йилда аввалги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, ушбу фан мавзулари “бир бирини такрорлагани ва Ғарбда кенг тарқалган назариялар тўғрисида маълумот беришга асослангани” учун фан сифатида расман бекор қилинган эди.Мазкур масалада буйруқ чиқариш учун асос бўлган хулосага кўра, ушбу фан бўйича Ўзбекистонда чоп қилинган китобларда Ўзбекистонга хос бўлган тараққиёт йўли, “Ўзбек модели”нинг асосий тамойиллари атрофлича тушунтирилиб берилмаган экан.

Бунга сабаб, 2015 йилда сиёсатшунослик доирасида эълон қилинган буйруққа асос сифатида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар мазмуни ва таркибини оптималлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосасидир. Мазкур хулосада келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарори асосида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлари шакллантирилиб, уларга Ўзбекистон тарихи, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти, ҳуқуқшунослик, фалсафа, психология ва сиёсатшунослик каби фанлар ҳам киритилган. Биз нимага бу маълумотларни келтирдик, унда гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанларнинг мазмуни тегишли мутахассислар (афсуски ишчи гуруҳ аъзолари сифатида сиёсатшунослар А.Г.Мўминов, А.Ў.Ўтамуродов ва Д.С.Муитовлар ҳам иштирок этган) томонидан ўрганиб чиқилиб, натижаларга кўра, “сиёсатшунослик” фани замонавий талабларга жавоб бермаслиги аниқланган. Мутахассисларнинг таклифи ва мазкур ишчи гуруҳнинг таҳлилига кўра, аксарият мавзулар бошқа фанлар кесимидагилари билан бир хил деб топилган. Ачинарлиси, ушбу таҳлилларни олиб боришда етук сиёсатшунос олимлардан фикр-мулоҳазалар ҳам сўралмаган. Шу боисдан, ҳам катта хато билан сиёсатшунослик фанининг илмий жиҳатдан методологик асоси йўқ ҳамда унинг предмети ва объекти мавҳум дея – дунёвий фандан воз кечилган. Ҳатто олий таълим бакалавриат йўналишлари ўқув режаларидан ҳам “Сиёсатшунослик” фани чиқариб ташланган.

Ушбу далиллардан ҳам тушуниш мумкинки, ривожланишимизнинг аввалги босқичида “Сиёсатшунослик” фанига шубҳа остида қараш, уни тан олмаслик каби сабаблар туфайли мамлакатимизда сиёсий илоҳотлардан аҳолининг хабардорлиги, сиёсий онги ва маданиятининг пасайиши, айниқса ёшларнинг ватан тақдирига бефарқлиги каби салбий ҳолатларни юзага келтирди. Айниқса, кадрларни тайёрлашда ушбу фаннинг имкониятларини четга суриш керак эмас деб билиш устуворлик қилди. Бундан ташқари, собиқ Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги қарори билан, 2013-2014 ўқув йилида мамлакат олий ўқув юртларида сиёсатшунослик бўйича мутахассис етказиб бериш тўхтатилиб, 2013 йилда сўнгги дипломлар топширилди. Кейинчалик эса, ижтимоий фанлар тармоғида етакчилардан бўлган сиёсатшунослик ҳам фан сифатида бекор қилинди. Бу эса, ушбу соҳа олимларини бошқа иш топишига ёки фаолиятини тугатишига ҳам сабаб бўлди. Қолаверса, хорижда ушбу соҳада таҳсил олган талабаларни Ўзбекистонда сиёсатшунослик фанига муносабат ёмонлиги сабабли, ўз мутахассислиги бўйича иш топмаслиги мумкинлиги бўйича хавотирларини юзага келтирди.

Лекин Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати сабаб, ушбу фанга эътибор ва муносабат ўзгарди. Хусусан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, талабаларни сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинди. Дастлаб, сиёсатшунослик бўйича бакалаврга 20 талаба, шундан 5 таси давлат гранти асосида шунингдек, “Амалий сиёсатшунослик” бўйича 10 талаба магистратурага, шундан иккитаси давлат гранти асосида квоталар ажратилди.

Шу ўринда, мени бир ҳолат ўйлантиради, наҳотки, юқорида келтирилган ишчи гуруҳ вакиллари (ишчи гуруҳ аъзолари сифатида А.Г.Мўминов, А.Ў.Ўтамуродов ва Д.С.Муитовлар) дунёвий фаннинг аҳамиятини ҳамда мамлакатимизда барча соҳаларда ривожланишдаги ўрнини унутиб, қандай мақсадларда хулосалар беришган? Бу билан мен, уларнинг хатти-ҳаракатини баҳолашдан йироқман. Бироқ, улардан бирининг яқинда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясига ҳақиқий аъзоларни тайинлаш бўйича ўтказилган танловда “сиёсатшунослик”нинг буюк дарғалари сифатида номзодини илгари сурганига ҳайронман. Аслида, ушбу жараёнда фаннинг ривожига тўсиқ бўлган айрим шахсларни сиёсатшунослик фанининг “асосчилари”, “дарғалари” сифатида номзодини кўрсатишга маънан ҳаққи бормиди, ёки қандай ўзини сиёсатшуносман деб баҳолаш мумкин? Шу ўринда, тадқиқотчи ва таҳлилчи сифатида айтишим мумкинки, айрим олим ва мутахассисларнинг хато таҳлили туфайли, юқорида келтирилгандек, сиёсатшунослик фани таълим тизими ҳамда ўқув жараёнидан чиқиб кетди.

Бугун бундай ҳолатлардан йироқмиз, замонавий таълим ислоҳотлари даврида яшамоқдамиз ҳамда сифат самарадорлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Шу боисдан, сиёсатшунослик фанининг тақдирини шубҳа остига қўйиш ўринсиз. Қолаверса, илмий-тадқиқот фаолиятида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, сиёсатшунослик фани йўналишида илмий иш олиб бориш учун 5 та олий ўқув юртида бўлажак сиёсатшунос мутахассислар учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Ушбу шароитлардан келиб чиққан ҳолда тадқиқотчилар ўз илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб келмоқдалар. Тўғри, ҳали ҳам камчиликлар бор. Лекин ўзим тадқиқотчи сифатида айтишим мумкин-ки, бугунги кунда ҳар бир олимлик йўлини танлаган зиёли шахс ўзининг қобилияти, билими ва кўникмалари орқали тадқиқот ишини ҳеч бир сунъий тўсиқларсиз ҳимоя қилиши мумкин. Ушбу жараёнларда айрим тадқиқотчиларнинг негатив фикрлаши сабаб, илмий-тадқиқот ишларига масъул ташкилотларни муҳокама қилиш, олимларга нисбатан айбловларни кўрсатиш ноўрин деб ўйлайман. Чунки, мамлакатимизда илмий-тадқиқот ишларига эркинлик яратилган бир шароитда илм-фанни ривожлантиришга танқидлар билан эмас, балки ўзининг фундаментал тадқиқотлари билан ҳисса қўшиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шундагина, мамлакатимизда барча соҳалар каби сиёсий соҳа ҳам, сиёсатшунослик фани ҳам ривожланади деб ўйлаймиз.

 Сиёсатшунос А.Хайдаров

                        И.Жонимқулов

Мақоладаги фикрлар муаллифларга тегишли бўлиб таҳририят нуқтаи назарини ифода этмайди.

Реклама ҳуқуқи асосида

 



arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият