Радиобошловчи, вайнер Акмал Мирзо ва шоир Ботир Эргашев “Oriat dono” радиосида эфирга бериладиган “Биз ким” ток шоусида давлат ташкилотларидан бюджет пулининг қандай ишлатилаётганини сўраётган журналист ва блогерларни маломат қилди.
Хусусан, Акмал Мирзо ўзбек халқини солиқлардан қочиб юрадиганлар дея таърифлади.
Акмал Мирзо
“Бизнинг халқимизда мана шундай бир тенденция пайдо бўлди. Ишонинг, ҳамма ақлли бўлиб кетди, бюджет пулининг ҳисоб-китобига ўтиб кетди. Ўзи асли солиқлардан қочиб юрадиган халқмиз. Ё нотўғрими? Биз максимум ҳаракат қиламиз, бухгалтернинг зўрини оламиз, бир нарса қилиб солиқ тўламасак, бир нарса қилиб алдаб қочсак-да. Уни қилиб бўлгандан кейин, буёқда чиқиб: “Солиқлардан...” деб айюҳаннос солишни биламиз. Ўзи аксари соҳаларда солиқ тўлашни қойил қиладиган халқ эмасмиз. Бундай қарасанг, Ўзбекистонни боқяпман деб юборди. Ие, кимсан сен ўзи?!” – дейди вайнер.
Ботир Эргашев
Ботир Эргашев вазирдан давлат маблағларининг қандай ишлатилгани бўйича ҳисоб сўраган одамни ўзининг назарида қандай “мот қилгани” ҳақида айтиб берди.
“Икки-уч кун бўлди. Биттаси ижтимоий тармоқда трендга чиққан мавзу бўйича нима қилувди, мен савол бердим: қаерда ишлайсиз, дедим. Ҳеч қаерда ишламайман деди. Ҳеч қаерда ишламасдан туриб қанақасига мен солиқ тўлаяпман, деб ётибсиз дедим. Қаердан тўлайсиз солиқни, дедим. Онангизни пенсиясидан ё отангизни пенсиясиданми, қаердан тўлаяпсиз? Шундай десам, бўлди, хайр... Жавоб йўқ. Ўша одам вазирнинг ёқасидан оляпти, сен солиқдан йиғилган пулларимни қаерга сарфлаяпсан, деб”, – деди шоир.
Акмал Мирзо Маданият вазирлигини танқид қилган блогер ва журналистлардан “ақли етса” Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг бюджети ҳақида ҳам ёзишни сўради.
“Мен илтимос қиламан мутахассислардан. Шунақа гапирадиганларнинг давлатга тўлайдиган солиғини чиқариб беринглар, илтимос. Кейин мен тўлаётган солиқлари учун унга давлат томонидан яратиб берилаётган имтиёзлар, шароитлар ҳақида гапириб бераман. Қўпол қилиб айтганда, унинг бир йил тўлаган солиғи бир кун тинч яшашига етмайди! Бир йил тўлаган солиғи бир кун тинч яшашига етмайди! Ўзи асли. Шунақа! Хоҳлайсизларми, хоҳламайсизларми, шунақа! Ёқмаяптими, эшитманглар.
Битта нарса-да, сал қарични кенгроқ олайлик, ҳурматли блогерлар, журналистлар. Бир гап айтайми, ўзига яқинроқ, кеча ака-ука бўлганларни вариллатиб ёзаверади-да. Эркак бўлсанг, ақлинг ишласа, Адлия вазирлигини, Ички ишлар вазирлигининг бюджети ҳақида ёз! Агар эртага нормалний юришни хоҳласанг. Маданият вазирлиги, битта телеканалдаги лойиҳа... Эй... лўттибоз!” – таъкидлади Акмал Мирзо.
Фақат ишлайдиган одам солиқ тўлайди деган фикр – хато
Ишсиз фуқаролар солиқ тўламайди деган хато фикр кенг тарқалган. Бундай янглиш фикрни, масалан, собиқ бандлик вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов ҳам илгари сурган. У ўз чиқишларидан бирида миллионлаб ўзбекистонликлар норасмий секторда банд эканини айтиб, уларни “бир тийин ҳам солиқ тўламаслик”да айблаган эди.
“Бу тоифадаги инсонлар ҳар куни норасмий ишлаб, чўнтагини пулга тўлдириб уйга боришади. Болаларини мактаб, боғчалар ва ҳоказоларга беришади, лекин давлатга булар бир тийин ҳам солиқ тўламайди, тўловларни қилмайди”, – деганди у.
Таъкидлаш керакки, ойлик маошдан ушлаб қолинадиган солиқ (расмий номи – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи) – Ўзбекистонда амал қилаётган 10 хил турдаги солиқлардан фақат биттаси холос.
Ўзбекистонликларнинг барчаси товар ва хизматларни сотиб олишда қўшилган қиймат солиғини тўлайди. Шунингдек, фуқароларнинг катта қисми мол-мулк ва ер солиқларини тўлайди, муайян тоифа фуқаролар учун ижтимоий солиқ белгиланган. Яна бошқа турдаги солиқлар тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланса-да, бизнеснинг бу харажатлари маҳсулот нархида акс этиши ҳисобига қолган турдаги солиқларнинг ҳам якуний тўловчиси истеъмолчилар ҳисобланади.
Солиқлардан ташқари, божлар ва мажбурий йиғимлар ҳам давлат бюджети шаклланишида муҳим ўринга эга.
Вайнер ва шоир нима ҳақда гапиряпти?
Охирги ойларда маданият вазири Озодбек Назарбеков “Овоз” лойиҳасига давлат бюджетидан пул ажратгани жамоатчилик томонидан танқид қилиб келинмоқда.
Ўтган ҳафта бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир пуллар ҳақидаги маломатларга жавоб қайтарганди. У “Овоз” лойиҳаси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи учун кераклигини қайта-қайта такрорлаб, бу борадаги танқидлардан хуноб бўлганини билдирганди. “Бутун дунёда – 76 та давлатда энг топ мусиқий шоу мана шу бўла туриб, агар шу 2 миллиард пулга маломат қилаверсанглар, уйимни сотиб бўлса ҳам бераман охири шу пулни. Шу катта лойиҳа Ўзбекистоннинг нуфузига хизмат қиладими ёки йўқми? Келинглар, олдин шу ҳақда гаплашайлик”, деганди Назарбеков.
Бюджет назорати – фуқаролик жамиятининг асосий шарти
Фуқаролар ўзлари тўлаган солиқлар ва умуммиллий активлар (қазилма бойликлардан тортиб давлат корхоналаригача) ҳисобига олинган даромадларнинг қандай сарфланишига фаол қизиқиш билдириши – фуқаролик жамиятининг асосий хусусиятларидан бири ҳисобланади.
26 август куни имзоланган президент фармонига асосан, фуқаролик жамияти институтлари томонидан таъсирчан жамоатчилик назоратини рағбатлантириш – фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди