21:00 / 29.01.2025
752

Калтакланган қизалоқнинг бевақт ўлимида ким айбдор?

Калтакланган қизалоқнинг бевақт ўлимида ким айбдор?
11 ёшли гулдай қизалоқнинг бевақт ўлими. Бу хабарнинг тафсилотларини эшитган, ўқиган ҳар қандай инсон чуқур қайғуга ботади. Ижтимоий тармоқлар отага йўлланган қарғишлар билан тўлиб кетди, бу табиий, лекин мен вазиятга бир оз чуқурроқ назар солишга чорламоқчиман сизларни.

Тўғри, отанинг қилмишини ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайди. Болани камар билан шундай шафқатсизлик билан уриш, бу – мутлақо қабул қилиб бўлмас зўравонлик. Лекин, воқеанинг тубига назар ташласак, бир қанча саволлар туғилади.

Нега қизалоқ ўғирлик қилишга мажбур бўлди?

Нега ота шунчалик шафқатсиз бўлиб кетди?

Бу ерда фақатгина отанинг айби билан чекланиш тўғрими?

Отанинг руҳий ҳолатига назар:

Айтишларича, ота мутаассибликка берилган... Бу даражадаги мутаассиблик, аслида, инсоннинг реал ҳаётдан узилиб, ўз ички дунёсига қамалиб қолишнинг белгиси бўлиши ҳам мумкин. Кўпинча бундай ҳолатлар стресс, иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги каби омиллар таъсирида келиб чиқади. Биз отанинг ички дунёсида нималар кечаётганини билмаймиз, лекин исталган бирор бир бошқа инсон бундай шафқатсизликка бориши, балки, у ҳам қандайдир руҳий азоб чекаётганидан дарак бўлиши мумкин.

Зўравонликни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди, аммо бундай ҳолатларнинг сабабларини тушуниш, муаммони ечишга бир қадам бўлиши мумкин. Зўравон отани мутлақо оқлаш ниятим йўқ, қонун олдида жазосини олиши шарт. Постни ёзишимдан мақсад келажакда яна шундай норасидалар оддийгина булочка учун ўлиб кетавермасин, аслида бу ўлимда жамиятнинг ҳам айби бор...

Мактаб ва таълим тизимининг роли:

Қизалоқнинг оч қолиб, булочка ўғирлаши бу – жуда ачинарли ҳолат. Мактаб бу – нафақат таълим маскани, балки болаларнинг хавфсизлиги, соғлиғи ва фаровонлиги учун ҳам жавобгар жой. Агар мактаб ходимлари қизалоқнинг оч, қийин аҳволда эканини сезмаган бўлса, бу ҳам бир муаммо. Балки, мактаб буфетидаги нархлар ота-оналар учун қимматдир, балки оилада иқтисодий қийинчилик бордир. Таълим тизимида ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларга ёрдам бериш механизмлари ишлаши керак.

Агар қизалоқ ўз вақтида ёрдам олганида, бу фожиа содир бўлмаслиги мумкин эди.

Жамиятнинг масъулияти:
  • Бу воқеа фақатгина ота, мактаб ёки таълим тизимининг муаммоси эмас.
  • Бу – бутун жамият муаммоси.
  • Биз қандай жамиятдамиз?
  • Нега одамлар шунчалик тушкунликка тушиб қолади?
  • Нега зўравонлик муаммоси шунчалик кенг тарқалган?

Иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, ижтимоий тенгсизлик – буларнинг барчаси одамларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилади. Наҳотки, ўша қизалоқнинг ош-овқатга тўймаслигини бирор бир кимса сезмади? Муҳтожларга ёрдам бериш энг авжига чиққан даврда яшаяпмиз деб хато ўйлар эканман (интернетдаги видео-роликларни кўриб шундай хато фикрда яшаётган эканман шекилли). Жамият сифатида биз бир-биримизга ёрдам беришимиз, қўллаб-қувватлашимиз керак. Руҳий саломатликка эътибор қаратиш, психологик ёрдам хизматларини ривожлантириш буларнинг барчаси жуда муҳим.

Ечим излаш:

Хўш, бундай фожиаларнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак?

Руҳий саломатликка эътиборни кучайтириш: Жамиятда руҳий саломатлик муаммоларига нисбатан онглиликни ошириш, психологик ёрдам олишни давлат сиёсати даражасига чиқариш керак. Фақат имконияти борлар учунгина бу хизматнинг бўлиши бутун бошли давлат учун жуда мантиқсизлик.

Оилаларни қўллаб-қувватлаш: Ижтимоий ёрдам дастурларини кенгайтириш, иқтисодий қийинчиликка учраган оилаларга кўпроқ психологик ёрдам бериш. Сабр қилишга ундайдиган маърузалар худди бугунги отанинг вазиятидаги ўхшаш одамларда ишламайди.

Таълим тизимини такомиллаштириш: Мактабларда болалар билан ишлайдиган психологлар сонини камайтириш эмас кўпайтириш керак (улар административ вазифани бажараяпти), ўқитувчиларни ўзларига ҳам алоҳида руҳий ёрдам олишига шарт-шароит қилиниши керак.

Зўравонликка қарши курашиш: Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз бўлиш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш.

Бу фожиа биз учун бир сабоқ бўлиши керак!

Биз фақатгина ижтимоий тармоқларда аюҳаннос солиш, ёмонни қарғашлар билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг ечимини ҳам бир бўлиб излашимиз керак. Бўлмаса ҳали яна нечталаб бунақа гўдакларимизнинг ўлимига биргаликда сабабчи бўлаверамиз.

Ҳар биримиз ўз ўрнимизда, оиламизда, маҳалламизда, иш жойимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки, ҳар бир бола – бизнинг келажагимиз!

Сизлар нима деб ўйлайсиз бу фожеа ҳақида? Бу муаммонинг ечими нимада? Фикрларингиз билан ўртоқлашинг!

Мадина Мийтан, психолог

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият