
Замонавий дунёда смартфонсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Эрталаб кўзимизни очишимиз биланоқ унга қараймиз, кечаси эса телефон экранига тикилган ҳолда уйқуга кетамиз. Ишда, транспортда, ҳатто дўстлар даврасида ҳам уни қўлимиздан қўймаймиз.
Бизни дунё билан боғлайдиган кичик қурилма аслида реал ҳаётдан узоқлаштираётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Смартфоннинг руҳий ва жисмоний соғлиғимизга жиддий зарар етказаётганини-чи, сезасизми?
Кun.uz телефонларга керагидан ортиқ боғланиб қолиш натижасида юзага келган “рақамли қуллик” ва унинг оқибатларини ўрганди.
Симптомлар
Инсоннинг технологик воситаларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиши натижасида ўз ҳаёти устидан назоратни йўқотиши рақамли қуллик дейилади. Бу тушунча, одатда, "телефонга қарамлик" ёки "технологик асирлик" каби иборалар билан ёнма-ён келади.
Смартфондан доимий фойдаланиш истаги, уни ишлатмаса ўзини нотинч ва ноқулай ҳис қилиш ҳолати – телефонга қарамлик ҳисобланади. Бу илмий тилда "номофобия" (no-mobile-phone phobia – телефонсиз қолишдан қўрқиш) деб ҳам аталади.
Телефонга қарамлик қуйидаги аломатлар билан намоён бўлади:
- ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам смартфон экранини очиб, унга қараб туриш;
- ўқиш, иш ёки суҳбат мобайнида доимий равишда телефонга чалғиш;
- ётишдан олдин узоқ вақт давомида телефон ишлатиш ва бунинг натижасида уйқу сифатининг ёмонлашиши;
- ҳақиқий ҳаётдаги мулоқот ўрнига фақат интернет ва виртуал дунёга боғланиб қолиш.
Допамин тузоғи
Ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар ва видеоўйинлар мулоқот қилиш, ҳордиқ чиқариш ва янгиликлардан хабардор бўлиш имконини беради. Лекин улар инсон миясида махсус мукофот тизимини шакллантириб, қарамликни ҳам келтириб чиқаради. Бу жараённинг асоси допамин деб номланган гормон билан боғлиқ. Допамин – мияда завқ ва мотивация ҳиссини уйғотадиган модда ҳисобланади.
Калифорния давлат университети олимлари ўтказган тадқиқотда ижтимоий тармоқларнинг миядаги рағбат тизимини қандай ўзгартириши ўрганилган. Бунинг учун МРТ (магнит-резонанс томография) ёрдамида миянинг фаолияти кузатилган. Изланишларда маълум бўлишича, ҳар сафар ижтимоий тармоқлардан билдиришномалар келганда, миянинг "мукофот маркази" (стриатум) фаоллашади. Бу – инсонда завқланиш ҳолатини ҳосил қилади, яъни қанча кўп лайк ёки изоҳ қолдирилса, шунча кўп допамин ажралади. Шунинг ортидан фойдаланувчи платформада узоқроқ қолишга мойиллашади.
Допамин миқдори вақт ўтиши билан камайиш хусусиятига эга. Бу моддани қайта тўплаш ва завқ ҳисси йиғишни давом эттириш мақсадида одамлар ижтимоий тармоқларга узоқ вақт сарфлайди. Ушбу жараён гиёҳвандлик механизмларига ўхшаш тарзда ишлайди. Яъни инсон қандай қилиб чекиш ёки ширинлик ейишга ўрганиб қолса, ижтимоий тармоқлар ва интернетдан фойдаланишга ҳам худди шундай қарам бўлиши мумкин.

“Балки кейингиси қизиқроқдир”
Ижтимоий тармоқлар кўнгилочар майдон ва ахборот олиш воситаси бўлишдан ташқари, улкан бизнес индустрияга ҳам айланди. Бу платформаларнинг асосий мақсадларидан бири – фойдаланувчиларни иложи борича кўпроқ вақт давомида ушлаб қолишдир.
Бунинг учун ижтимоий медиа компаниялари неврология, психология ва сунъий интеллект тадқиқотларидан фойдаланган ҳолда, диққатни бошқарадиган кучли алгоритмлар ва дизайн механизмларини ишлаб чиқмоқда:
- "Infinite scroll" (чексиз айлантириш) – фойдаланувчи экранни пастга силжитгани сари, янгидан янги контент чиқиб келаверади ва бу оқим тугамайди, чексиз давом этади. Бу – мияга "кейинги пост қизиқроқ бўлиши мумкин" деган кутиш ҳиссини беради. Натижада одам экран олдида режа қилганидан анча кўпроқ вақт ўтказади.
- "Autoplay" (автоматик бошланиш) – видео тугаши билан кейингиси автоматик тарзда бошланади. Бир видеони кўриб бўлган одам танаффус қилишга улгурмасданоқ, кейинги контент бозорига шўнғийди, янги видео танлаш ҳақида ўйламайди. Бу эса "яна бир марта кўрай" деган одатни шакллантиради. Бу механизмлар инсонни доимий равишда янгилик излашга мажбур қилади ва эътиборни жамлаш қобилиятини заифлаштириб, телефонга қарамликни оширади.
- Контентни шахсийлаштириш – ижтимоий тармоқларга интеграция қилинган сунъий интеллект алгоритмлари фойдаланувчининг ҳаракатларини кузатиб, унинг қизиқишига мос контентни кўрсатади, бу алгоритм одамни платформага янада боғлаб қўяди.

FOMO синдроми
Бугунги кунда кўплаб одамлар ижтимоий тармоқларда содир бўлаётган воқеаларни кузатиш учун телефонга ёки компютерга тез-тез қарашни одатга айлантирган. Воқеалардан орқада қолиб кетиш, муҳим нарсани ўтказиб юборишдан ташвишланиш ҳиссини – FOMO (Fear of Missing Out) синдромини уйғотади.
FOMO синдромига чалинган инсонларда қуйидагиларга мойиллик ортиб кетади:
- Ижтимоий тармоқлардаги янгиликларни доимий кузатиш. Улар ҳар қандай янги пост ёки хабарни ўтказиб юбормаслик учун телефонини қўлдан туширмайди.
- Бошқаларни ўзидан яхшироқ яшайди деб ҳисоблаш. Ижтимоий тармоқлардаги суратлар ва видеоларни кўриб, бошқаларнинг ҳаёти янада қизиқарли, бой ва омадли эканини тан олади, ўзини эса бетавфиқ сифатида ҳис қилиб, ҳаётидан нолий бошлайди.
- Ҳар қандай воқеадан бехабар қолишдан қўрқиш. Кимдир тадбир ёки саёҳатга борганда ўша жараёнда иштирок этмаганидан афсусланиб, ўзини ёмон ҳис қилади.
- Реал ҳаётдаги муҳим дақиқаларга эътибор бермаслик. Оиласи ва яқинлари билан вақт ўтказиш ўрнига, ижтимоий тармоқлардаги янгиликларни кузатишга кўпроқ вақт ажратадиган бўлиб қолади.
Ижтимоий изоляция
Одамлар билан жонли мулоқот қилиш имконияти чекланган ёки ўзини ёлғиз ҳис қиладиган шахслар ижтимоий тармоқлар ва онлайн ўйинларга кучлироқ боғланади.
Рақамли технологиялар, жумладан интернет, видеоўйинлар ва ижтимоий тармоқлар реал ҳаётдаги муаммолардан вақтинчалик яшириниш майдони сифатида хизмат қилмоқда.
Стресс, депрессия, ёлғизлик ёки турли ҳаётий қийинчиликлардан қочиш одамларни виртуал дунёда кўп вақт ўтказишга ундаяпти.
Рақамлар нима дейди?
Сўнгги маълумотларга кўра, одам ҳар куни ўз телефонида ўртача 4 соат 37 дақиқа вақт сарфлайди. Бу ҳафтада 1 кундан ортиқ ёки ойда 6 кунга тенг. Бу кўрсаткич йил давомида телефонга қарийб 70 кун сарфланишини англатади.
Бошқа бир тадқиқот шуни кўрсатадики, аёллар эркакларга қараганда смартфонлардан бироз кўпроқ фойдаланади. 30 мингдан ортиқ одам билан ўтказилган тажрибада аёллар учун кунлик экран вақти ўртача тахминан 2 соат-у 47 дақиқа, эркакларда эса 2 соат-у 34 дақиқани ташкил қилган.
Ҳозирда бутун дунё бўйлаб қарийб 5,4 миллиард одам интернетдан фойдаланади. Шулардан 96,5 фоизи интернетга мобил телефон орқали интернетга уланади – бу рақам ўтган йилга нисбатан 4,6 фоизга ошган.
2011 йилда интернетда вақт ўтказиш ярим соатдан сал кўпроқни (32 дақиқа) ташкил этган бўлса, 2014 йилга келиб икки баробарга ошиб, 1 соат 38 дақиқага етди. 2024 йил ҳолатига кўра, смартфонда интернетдан фойдаланиш учун ўртача кунлик вақт тахминан 3 соат 45 дақиқага чиқди.
Манба: DataReportal
Эътибор ва концентрация муаммолари
Рақамли дунё ва ундаги тезкор ахборот оқими одамларнинг диққатни жамлай олиш қобилиятини сусайтириб бормоқда. Тез ва қисқа маълумотларни қабул қилишга ўрганиб қолган миямиз чуқур фикрлаш ва узоқ муддатли эътиборни талаб қиладиган ишларни бажаришга қийналяпти. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон мияси аслида узоқ муддатли концентрацияга мойил шаклда яратилган, аммо доимий чалғитувчи омиллар туфайли бу қобилият йўқолиб бормоқда.
Microsoft компаниясининг Канададаги шўбаси ўтказган тадқиқотга кўра, замонавий инсоннинг эътиборини жамлаш давомийлиги 8 сониягача қисқарган. Таққослаш учун, қисқа эътибор давомийлиги билан танилган олтин балиқ (goldfish)нинг диққатни ушлаб туриши 9 сонияни ташкил қилади. 2000-йилларда одам бир вазифага ўртача 12 сония диққат қарата олган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 25 фоизга камайган. Ижтимоий тармоқлардан кўп фойдаланадиган одамлар тез-тез чалғийди ва диққатини узоқ муддат бир жойда жамлай олмайди.

Рақамли технологиялар болалар ва ўсмирлар мияси ривожланишига қандай таъсир қўрсатиши борасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлайдиган болаларда префронтал кортекс (диққат ва тафаккур маркази) суст ривожланади. Тезкор контент истеъмоли (reels, shorts) диққатни жамлаш ва чуқур тафаккур қилиш қобилияти учун масъул саналган миядаги префронтал кортекс фаолиятини пасайтиради. Натижада бола қисқа маълумотларга ўрганиб қолади ва узоқ матнларни тушуниши қийинлашади. Бу болаларда чуқур фикрлаш ва муаммоларни мустақил ҳал қилиш қобилиятини йўқотади.
Кўк нурланиш: мовий ёруғликнинг қора таъсири
Смартфонлардан муттасил фойдаланиш кўк нурланиш натижасида юзага келадиган физиологик муаммоларни ҳосил қилади. Электромагнит спектрининг 400-495 нанометр тўлқин узунлигига эга қисмини ташкил этувчи ёруғлик кўк нурланиш бўлиб, у табиий (қуёш нури) ва сунъий манбалар (экранлар, LED чироқлар)дан тарқалади. Кўк нур табиий ёруғликнинг таркибий қисми ҳисобланишига қарамай, унинг смартфон, планшет, компютер ва LED ёриткичлар орқали ҳосил бўладигани инсон кўзига салбий таъсир қилиши мумкин.
Хусусан, кўп вақт давомида экранга тикилиш кўз мушакларида ортиқча зўриқишни юзага келтиради. Кўздаги толиқиш эса бош миянинг фронтал қисмида оғриқни ҳосил қилади. Узоқ вақт давомида яқин масофада экранга қараш кўзнинг узоқни кўриш қобилиятини вақтинча пасайтиради. Хусусан, кўк нурланишнинг кўз тўр пардаси (ретина)га зарар етказиши ва макула дегенерацияси (кўриш маркази емирилиши )ни тезлаштириши мумкинлиги аниқланган. Шунингдек, телефон ёки планшет экранига узлуксиз тикилиш кўз ёшининг тез буғланиши ва табиий намланиш механизмининг бузилишига олиб келади.

Бундан ташқари, кечаси экранга узоқ қараш, яъни кўк нурланиш таъсири мелатонин гормони ишлаб чиқарилишини пасайтиради, шу тариқа уйқусизлик ривожланади, сиркадиял ритм (биологик соат) бузилади. Мелатонин уйқу гормони бўлиб, у тун давомида табиий равишда ишлаб чиқарилади ва организм уйқу режимини тартибга солишда муҳим рол ўйнайди.
Шунингдек, смартфон, планшет ва ноутбукдан фойдаланишда бошни олдинга эгиб туриш натижасида бўйин мушаклари ва умуртқа поғонасига ортиқча босим тушади. Бошнинг эгилиш даражаси ортгани сайин бўйин умуртқасидаги юк миқдори сезиларли даражада кўпаяди. Масалан, 15 даража эгилиш бўйин умуртқасига тахминан 12,25 кг оғирлик тушишига олиб келади, 60 даража эгилиш эса бу массани тахминан 27,2 кггача оширади. Ортиқча масса вақт ўтиши билан бўйин ва елка мушаклари чуррасини (грижа) юзага келтириши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар – рақамлашаётган дунёда қудратли восита. Улар бизга ахборот олиш, ўзга шахслар билан контакт ўрнатиш ва ўзимизни ифодалаш имкониятини беради. Шу билан бирга, инсон психологияси, эътибор қобилияти ва ижтимоий хулқ-атворига бевосита таъсир кўрсатади. Уларни онгли равишда ишлатмасак, улар бизни бошқариши, яъни рақамли қулларга айлантириб, ижтимоий ҳаётимиз, физиологик барқарорлигимизда ўзининг салбий бўёқларини қолдиради.
Онгли ёндашув, рақамли детокс ва реал ҳаётдаги муносабатларга кўпроқ аҳамият қаратиш орқали виртуал муҳит ҳукмига тушиб қолишдан ҳимояланишимиз мумкин.
Диёрахон Набижонова

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар