date
views 96

Ўзбекистонда блогерларнинг мажбуриятлари енгиллаштирилади

Ўзбекистонда блогерларнинг мажбуриятлари енгиллаштирилади
Ўзбекистонда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида соҳани тартибга солувчи тўғридан тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқлари, соҳада юзага келаётган ижтимоий муносабатлар, замонавий чақириқлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маълум қилинди.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда ҳозир очиқлик сиёсати даврида интернет ва ижтимоий тармоқлар фуқароларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини тезкор қондириш, жамиятдаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишда муҳим воситага айланиб бораётгани таъкидланди. Ушбу шароитда онлайн платформалар фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қонун асосида аниқ мустаҳкамлаб қўйишнинг аҳамияти борасида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Шу муносабат билан, тадбирда иштирок этган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида соҳани тартибга солувчи тўғридан тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Билдирилишича, лойиҳанинг мақсади — фуқароларнинг онлайн платформалар ва веб-сайтлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини қонун даражасида белгилаш, уларни ёлғон ахборот, нафрат уйғотувчи, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ноқонуний контентлардан ҳимоя қилишдан иборат.
Унда онлайн платформалар соҳасидаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган қатор нормалар назарда тутилган бўлиб, уларнинг қабул қилиниши энг аввало:
  • онлайн платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини қонун даражасида мустаҳкамлаш;
  • интернет тармоғида ахборот тарқатиш тартиблари борасида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлаш;
  • онлайн платформалар ва веб-сайт эгалари учун Ўзбекистонда фаолият юритишнинг аниқ шартларини белгилаш, уларнинг бизнес моделлари учун шарт-шароитларни аниқ прогнозлаш имкониятини яратиш;
  • ахборот соҳаси иштирокчилари, жумладан, онлайн платформалар, блогерлар, инфлюенсерлар ҳамда соҳани тартибга солувчи давлат органлари ўртасида ўзаро мулоқот ва конструктив ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;
  • интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги даражасини ошириш, болалар соғлиғига хавф солувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмларни яратиш;
  • фойдаланувчилар ўз шаън ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлардан ҳимояланиш борасида ҳуқуқий кафолатларга ва зарур ҳолларда ваколатли органнинг кўмагидан фойдаланиш имкониятини яратади.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳасида инфлюенсер ва блогерлар масъулияти ажратилиб, блогерлар мажбуриятлари сезиларли енгиллаштирилмоқда.

Давра суҳбатида лойиҳа билан киритилаётган янги ҳуқуқий институтлар батафсил кўриб чиқилди ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш тўғрисида хулосага келинди.
Фото: Олий Мажлис қонунчилик палатаси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда блогерларнинг мажбуриятлари енгиллаштирилади