
Ўзбекистон ҳудудида яқин кунлар давомида ёз ойларига хос бўлган иссиқ ҳаво кузатилади. «Ўзгидромет» томонидан маълум қилинишича, 5–7 май кунлари республика бўйлаб қуруқ ва иссиқ об-ҳаво ҳукмронлик қилади.
Метеорологларнинг башоратларига кўра, душанба кунидан бошлаб чоршанбагача ҳаво ҳарорати кундузлари +35...+38 даражагача кўтарилади. Жанубий вилоятлар ва чўл зоналарида эса ҳарорат +40 даражагача бўлиши мумкин.
Мутахассислар бу ҳолат май ойининг боши учун одатий ҳолдан анча юқори эканини қайд этмоқда. Бундай иссиқ ҳаво одатда июнь ва июль ойларига хос ҳисобланади.
Бироқ, бу иссиқлик узоқ вақт сақланиб турмайди. 8 май куни республика ҳудудида ҳаво ҳароратининг пасайиши бошланади. 9 май – Хотира ва қадрлаш кунида эса ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасайиб, +27…+32 даражани ташкил этади.
Бундан ташқари, 8 май куни Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. 9 май куни эса бу ҳолат марказий ва шарқий ҳудудларга тарқалади.
Шамол ҳам айрим жойларда сезиларли даражада кучайиши кутилмоқда. Хусусан, 5–7 май кунлари шимолий ҳудудлар ва чўл зоналарида, 8–9 май кунлари эса бутун республика бўйлаб шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши мумкин. Айрим жойларда шамол тезлиги 20–22 метр/сониягача етган ҳолда, чанг-тўзон билан бирга кузатилиши эҳтимоли бор.
Тошкент шаҳрида об-ҳаво қандай бўлади?
Пойтахтда 5–8 май кунлари об-ҳаво қуёшли ва қуруқ бўлиб, ҳарорат асосан +33…+36 даража бўлади. 7 май куни эса ҳарорат максимал даражагача кўтарилиб, +36…+38 даражани ташкил этади.
Бироқ 9 май куни об-ҳаво кескин ўзгаради. Шу куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати эса бир неча даража пасайиб, +27…+30 даража атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.
«Ўзгидромет» фуқароларни ҳавонинг бундай кескин ўзгаришига тайёр туришга, иссиқ кунларда қуёш уриши ва ҳаво таъсиридан ҳимояланиш чораларини кўришга чақирмоқда. Айниқса, кундузги соатларда қуёш остида узоқ вақт қолмаслик тавсия этилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар