
Чемпионлар Лигасининг асосий фаворити сифатида тилга олиб келинган Ҳанси Флик жамоаси қандай омиллар сабаб энг муҳим паллада панд еди? «Интер» ҳақида ҳали финалда ҳам гаплашиш имконияти бўлишидан келиб чиққан ҳолда, келинг, кечаги ўйинга «Барселона» ракурсидан қараб чиқсак.
ҚАНОТСИЗ «БАРСЕЛОНА»
Жерар Мартин икки ассист, Гарсия гол муаллифи бўлганидан сўнг «Барселона»нинг қанот ҳимоячилари ҳақида танқидий фикр айтиш мумкин эмасдек, аммо структуравий томондан жамоа ҳужумлари ташкил қилинишида асосий қанот ҳимоячилари – Кунде ва Балденинг йўқлиги билинди.
Замонавий футболда латераллар тўп билан ҳам, тўпсиз ҳаракатлар орқали ҳам ҳужум картинасини яратишда, ҳужумчиларга бўш ҳудудлар очишда муҳим фигура саналади. «Барселона»да Кунде ва Балденинг ўзига хос роли бор эдики, айнан улар билан тандемда Рафиня ва Ямалнинг энг зўр ўйинларини кўраётгандик.
Ямал «Интер»га қарши икки учрашувда ҳам энг фаол ўйинчи бўлгани сир эмас. Аслида Ямал доим фаол, аммо бир муҳим фарқ бор: «Интер»га қарши кечган 210 дақиқаликда Ямал 16 марта рақиб дарвозасига зарба берган – ўртача ҳар 13 дақиқада 1 зарба. Ямалнинг Кунде билан бирга тушган ўйинларини алоҳида олсак, Ла Лигада бу кўрсаткич ҳар 22 дақиқада 1 зарба, Чемпионлар Лигасида эса ҳар 24 дақиқада 1 зарбага тенг.
Бу шуни англатадики, Кунде доим ҳужумда қўшимча вариант сифатида Ямални қўллаб-қувватлаб келган. Вазият қийинлашганда Ямалда доим Кундега тўпни етказиб бериш ва ўзи учун қулайроқ позицияга ўтиб, қайтариб олиш имконияти бор эди. Жуфтлик бу жиҳатдан ўз вақтидаги Роналду- Марсело тандемини эслатиб юбораётганди.
Кундесиз Ямал жуда кўп марта ноқулай нуқталарда ҳам зарба беришга ёки мажбурий дриблингга қўл уришига тўғри келди, қулай позицияга чиқиш имконияти қийинлашиб кетди. «Интер»га қарши биринчи ўйинда Ямал гол урганидан кўп ўтмай Кунде жароҳат олиб майдондан чиқиб кетди ва шундан сўнг ёш футболчи бошқа гол ҳам, ассист ҳам амалга ошира олмади.
«Барселона» қанчалик Ямал орқали ўйнашга уринмасин, Ямал ҳам «Интер» билан қарама-қаршиликда ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатган бўлмасин, Кунденинг йўқлиги сезилди. Ямал одатдагидан анча кам ҳолатларда қулай нуқталарда тўп билан учрашди.
Балденинг ўрни эса имкон қадар қанотни кенгайтириш орқали, яримчапқанотда Рафиняга ҳудудлар очиш билан боғлиқ. Ўтган мавсумларда ҳақиқий вингер сифатида ўйнаган ва у қадар муваффақият қозонмаган Рафинянинг «Олтин тўп»га даъвогарлар қаторига қўшилишида айнан мана шу позиция муҳим – бразилиялик ҳужумчи марказга яқинроқда тўп сурганда қулай вазиятларга чиқади. Жерар Мартин 2-бўлимда фаоллашган бўлса-да, «Барселона»га мавсум давомида жуда сермаҳсул бўлишига замин яратган ҳужум структуралари кўнгилдагидек ишламади. Фликнинг хавфли вазиятлар генераторига айланиб кетган формулалари ишламагани, натижада ҳужум ташкил қилишда футболчиларнинг креатив маҳоратига таяниб қолинганининг сабаби ҳам мана шу чизиқлардаги оптимал таркиб аъзоси бўлган футболчилар жароҳатлангани бўлди, дейиш мумкин.
КУЧЛАР ТАҚСИМОТИ
«Интер» Европада ўртача ёши энг катта жамоа ҳисобланади, «Барселона» эса аксинча. Бир қараганда, жисмоний томондан ҳал қилувчи омиллардан бўлиши керакдек. Ростан ҳам агар икки ўйин умумий вақтини оладиган бўлсак, «Барселона» фаолроқ бўлган, кўпроқ ҳужум қилган дақиқалар кўп. Аммо бир жиҳатни эътиборга олиш керак.
Салкам 220 дақиқа давом этган бу тўқнашувнинг қарийб ярмида, жами 100 дақиқа вақт давомида «Интер» ҳисобда олдинда борди. «Барселона» ўзи қониқтирадиган ҳисобга фақат 5 дақиқа, иккинчи ўйиннинг 87-92 дақиқаларида эга бўлди, холос.
Ҳисобни сақлаш учун ўйнаш эса доим таъқиб қилувчидан кўра камроқ куч талаб қилади. Сабаби, «Интер» бутун жамоа бўлиб ҳимояланаётганда юклама футболчилар ўртасида тенг тақсимланади. Ҳар бир футболчидан нисбатан ўхшаш вазифаларни бажариш талаб этилади ва табиийки, бу сценарийда жамоа жисмоний ҳолатини назорат қилиш, алмаштиришлар орқали ёрдам бериш осонроқ. Мхитарян чарчадими, ўрнига исталган футболчи тушиб, белгиланган вазифани ўша даражада амалга ошира олади.
«Барселона»нинг ҳолати бошқача. Таъқиб қилаётган жамоада юкламанинг асосий қисми ҳужумдаги етакчи футболчиларга тушади. Ямал, Рафиня, Педри, Олмо каби футболчилар қиладиган юмушларни ҳамма ҳам қилавермайди. Демак, ҳам бу футболчилар ўйиннинг ҳар фазасида фаол бўлишлари лозим, ҳам уларни сифатни туширмаган ҳолатда алмаштиришнинг имкони йўқ.
Қўшимча бўлимларнинг биринчисида «Барселона» рақиб дарвозасига бирорта ҳам зарба бера олмади. Қизиғи, шунга ўхшаш сценарийда яқинда Испания кубоги финалида «Реал»га қарши кечган ўйиннинг қўшимча бўлимларининг биринчисида «Барселона»да атиги 1 та зарба бўлганди, холос. Яъни «Барселона»нинг баъзи етакчилари елкасида ҳаддан зиёд юклама борлиги ва бу бутун мавсум давом этиб келаётгани ўз сўзини айтмай қолмасди. Табиийки, Педрининг ишини Гави, Олмонинг ишини Фермин айни ўша даражада қила олишмайди, натижада ўйин сифати тушаётганини гувоҳи бўляпмиз.
Ҳа, етакчи футболчилар ҳар бир жамоада бор, «Интер» ҳам аслида шундай, аммо юқорида айтганимиздек, ўйиннинг бориши, таблодаги ҳисобнинг қониқарсиз бўлиши мавжуд муаммони янада намоён қилади. «Интер»нинг жисмоний ҳолат бўйича муаммолари янада кўпроқ, агар «Барселона» икки тўп фарқи билан олдинда борганда, ўйин ўша заҳоти тугаши ҳам мумкин эди.
Ўйин масаласини ҳам шу омил ҳал қилди дейиш мумкин – «Интер» ўзининг фаол дақиқаларидан унумлироқ фойдаланди ва айнан «Интер»нинг меҳнати эвазига ҳар икки учрашувда ҳам ҳосил бўлган сценарий ёрдамида ўзига комфорт зона яратиб олди.
ТАЖРИБА
Аслида Фликнинг бир мавсумдаги мураббийлик ишини аълога баҳолаш мумкин. Муваффақиятсиз кечган мавсумдан сўнг, айтарли трансферларсиз бу қадар ўсиш, Қироллик кубоги ва Испания чемпионлигида пешқадамлик – яхши натижа. Флик мавжуд ресурслардан унумли фойдаланди, баъзи футболчилар ўсди, ёшлар орасида номлар пайдо бўлди. Бу ишларнинг ҳаммаси яна Европада энг яхши футбол намойиш қилган ҳолда, Чемпионлар Лигаси финалига беш дақиқа масофага етиб келган ҳолда амалга ошириш зўр иш. Қайсидир маънода Гвардиоланинг 2009 йилдаги дебют мавсумига ҳам қиёсласа бўлади. Бир фарқ бор.
Ўн беш йил олдин Гвардиола таркибида мавжуд бўлган бир хусусият ҳозирги «Барселона»га етишмади – тажриба. 2009 йилдаги таркибда Месси, Иниеста, Пике, Бускетс каби ёшлар билан бир қаторда Анри, Пуйол, Хави, Это’О каби Европа чемпионати ҳамда Чемпионлар Лигаси финалларида ўйнаган, майдонда етарлича тажрибага эга бўлган футболчилар ҳам бор эди. Флик ихтиёридаги таркибда фақат Роберт Левандовски ва Френки де Йонгни ўша талабга жавоб беради, дейиш мумкин. Бунинг устига полшалик ҳужумчи энг керакли пайтда яхши спорт формасида эмасди.
Футбол ўйнаш, гол уриш керак бўлганда «Барселона»да муаммо йўқ, бутун мавсум камбэкларга тўла, гўёки бу йигитлар амалга ошира олмайдиган юмуш йўқдек. Аммо сафар ўйинида ғалабали ҳисобни беш дақиқа сақлаб туриш анча осон вазифа бўлса-да, маълум қобилият, тажриба талаб қилади. Вазиятга прагматик ёндашув, ўйин ҳовурини пасайтириш хусусияти майдондаги футболчиларда етишмади.
Ачерби гол урган паллада «Интер»нинг 4 футболчисига қарши «Барселона»нинг 4 футболчиси қолганини кўриш мумкин. Чемпионлар Лигаси даражасидаги турнирнинг яримфинали учун кечирилмас ҳолат.
ИНДИВИДУАЛ ҚАҲРАМОНЛИК ВА ХАТОЛАР
Буларнинг ҳаммаси содир бўлган тақдирда ҳам «Барселона» финалга чиқиши ва бу ҳар ким томонидан адолатли якун сифатида қабул қилиниши мумкин эди, албатта. Агар ҳар қандай буюк учрашувларда бўлгани сингари қаҳрамон ва антиқаҳрамонлар бўлмаса.
Ламин Ямал ўйин учун салкам 9 баллга лойиқ кўрилди – бирорта гол ва ассист амалга оширмаган ва мағлуб бўлган футболчининг бу қадар катта баҳо олиши деярли кузатилмайди. 17 ёшли вундеркиндда 14 та муваффақиятли дриблинг, дарвоза соҳасига тўғри борган 5 та зарба бор. Рақиб майдонида 100 дан ортиқ марта тўпга тегинди – ўйнаган барча футболчилар ичида энг яхши кўрсаткич. Бу бир томондан, Ямалнинг зўр ўйин кўрсатганини исботласа, иккинчи томондан, Олмо, Торрес каби футболчилардан етарлича қувватлов бўлмагани, Педри, де Йонг, Рафиня ҳам энг яхши ўйинини кўрсата олмагани билан изоҳланади.
Албатта, якунда Ямалнинг ўйин қаҳрамони бўлмаганида Ян Зоммернинг хизмати катта. Учта гол қўйиб юборганига қарамасдан у ўйиннинг энг яхши ўйинчиси деб топилди, 7 зарбани қайтариб, жамоасини 4 марта муқаррар голдан қутқариб қолди.
Дензел Думфрис эса умуман икки учрашув бўйича асосий фигура: нидерландиялик ҳимоячи «Интер»нинг 7 голидан бештасида бевосита иштирок этди. Шундоқ ҳам Думфрис ҳужумда фаол ва гол+пас бўйича Европада энг яхши кўрсаткични қайд этган ҳимоячи саналади, аммо шундаям «Барселона»га қарши икки ўйинда 5 очко тўплаш (2 гол ва 3 ассист) жуда кўп. Индзаги Мартинес, Тюрам каби ҳужумчиларнинг кўнгилдагидек спорт формасида эмаслигидан келиб чиқиб, урғуни Думфрис қанотига қаратда ва адашмади. Энг қизиғи, Дензел мана шу икки ўйин давомида ҳаммаси бўлиб 15 марта аниқ узатма амалга оширган, холос. 15 аниқ узатма, 3 ассист, 2 гол.
Шу ўринда «Барселона» таркибида ўз даражасида ўйнай олмаган футболчилардан ташқари, яққол ёмон ўйин кўрсатган номларни ҳам айтиб ўтиш керак. Пау Кубарси жарима майдони ичида пеналтига сабаб бўлган қўполликни амалга оширган бўлса, ўйин охирида янги кучларни тўхтатиш учун туширилган Роналд Араухо иккала голда ҳам доғда қолдирилди.

Уругвайлик ҳимоячи аввалига яхшироқ позицияда турганига қарамасдан тўп учун курашда Ачербини ўтказиб юборган бўлса, ҳал қилувчи гол урилишидан олдин Тюрамнинг бемалол жарима майдони яқинида ҳаракатланиб, тўпни Торимийга етказиб беришига йўл қўйди.

«БАРСЕЛОНА» ЯНА ҚАЙТАДИ
Чемпионлар Лигаси шундай мусобақа. Сиз тарихдаги энг кучли жамоани соатдек ишлайдиган ҳолатга келтиринг, барибир шундай палла бўладики, тақдирингизни ёзаётган қалам муаллақ ҳолда тасодифларга бўйсунишни бошлайди, жуда майда деталлар ҳам ҳал қилувчи мақомга чиқиб, тузатиб бўлмас оқибатлар яратади. «Барселона»га яна юз марта имконият берилса, «Интер»га қарши ҳар сафар ўша беш дақиқаликни муносиб ўтказиши мумкин, аммо кеча юз биринчи эҳтимол содир бўлди.
Миллий чемпионатлар, лига форматидаги курашлар жамоалар кучига, имкониятларига баҳо берувчи асосий ўлчов, бунга шубҳа йўқ, аммо футболда очко, турнир жадвали каби тушунчалар ёнига финал, плей-офф каби форматларни ўйлаб топган инсонларни ҳар қанча «сумалакка тўйдирсак» арзийди. Айнан мана шундай ўйинлар мухлисларга унутилмас ҳиссиётларни тақдим этади.

Флик бошқарувидаги «Барселона» учун бу дастлабки уриниш. Умид қиламизки, келаси мавсумда жамоа янада кучлироқ, тажрибалироқ бўлиб қайтади. «Интер» эса катта эҳтимол билан, келаси мавсумни бу таркиб, бу ижрочилар билан ўтказмайди. Шу томондан ҳам «Интер» финалга чиққани, икки йил олдин бошланмай тугаб қолган финалда чала қолган сўзларини айтиб олиш учун имкониятга эга бўлгани адолатдандир?
Қ. Асланов
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар