date
views 2 643

Юлдуз Усмонова: «Ижодкорларни суд эмас, илҳом кутяпти» — санъат аҳлини ранжитаётган вазиятлар ҳақида мурожаат

Юлдуз Усмонова: «Ижодкорларни суд эмас, илҳом кутяпти» — санъат аҳлини ранжитаётган вазиятлар ҳақида мурожаат
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ижод аҳлининг бугунги ҳолати, қўшиқчилик соҳасидаги муаммолар ва муаллифлик ҳуқуқлари атрофида юзага келаётган тортишувлар ҳақида очиқ-ойдин фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда кўплаб санъаткорлар илҳомсиз қолган, ижодий жараёнлар эса мунтазам равишда тўхтаб қолмоқда.

«Ҳозир янги қўшиқлар чиқмаяпти, дейишади. Нега деб сўрайсизларми? Чунки ижодкорлар ўз асарлари устидан бўлаётган кутилмаган ва кечиктирилган даъволардан чарчаган. Баъзан орадан 10–15 йил ўтиб, аслида руҳсат асосида ижро этилган қўшиқлар бўйича суд ишлари очилаётгани — ижодкорга қаттиқ зарба», — дейди хонанда.

У ўз мурожаатида санъат аҳлининг қийин даврларини эслаб ўтди: «Ўтган аср охирида продюсерлик марказлари — “Тарона”, “Пантера”лар орқали барча ҳуқуқлар расмийлаштирилган, рухсатлар олинган, солиқлар тўланган. Ҳозир эса ўша даврдаги тартиб-интизом бўлмаган каби, ижодкорлар ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоясиз қолган».

Юлдуз Усмонова айрим шоирлар ва ҳуқуқ эгалари томонидан юзага келаётган ноадолат ҳолатлардан ҳам шикоят қилди. Унинг таъкидлашича, «кейинчалик даъво қилаётган шоирларнинг ўзлари ҳам бошқа бир шоирнинг асарини ўзлаштириб, бугун эса қонунларга суяниб юрибди».

«Кимгадир тижорат йўналишида ёзиш қизиқ бўлган. Лекин ҳозир Ватан ҳақида жон фидо қилиб шеър ёзган шоирларни кўрмаяпмиз», — деб қўшимча қилди Усмонова.

У президент, бош вазир ва масъул идораларга мурожаат йўллар экан, ижодкорларга нисбатан адолатли ёндашув бўлиши, аввало илгари расмийлаштирилган рухсат ва шартномалар инобатга олиниши, айниқса ортиқча кечиктирилган даъволар холисона кўриб чиқилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Юлдуз Усмонованинг бу чиқиши ижод муҳитидаги долзарб масалаларга яна бир бор эътибор қаратиши ва масъуллар томонидан тингланиши кутилмоқда. Зотан, ижод муҳитида хавфсизлик ва барқарорлик бўлмаса, илҳом ҳам узоққа чўзилмайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Юлдуз Усмонова: «Ижодкорларни суд эмас, илҳом кутяпти» — санъат аҳлини ранжитаётган вазиятлар ҳақида мурожаат