Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши йўналтирилган тезкор тадбир Тошкент шаҳрида ўтказилди.
Маълумотларга кўра, олдиндан кузатувга олинган Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар бўлими профилактика инспекторининг хизмат хонаси текширилган. Текширув жараёнида у ерда ҳақиқий нарколаборатория ташкил этилгани аниқланган.
Тезкор чора натижасида ўрами билан жами 10 килограмм 500 грамм “Альфа-ПВП” ва 4 грамм “Спайс” туридаги синтетик моддалар, шунингдек, уларни тайёрлаш учун мўлжалланган 588 грамм суюқлик, асбоб-ускуналар ҳамда электрон тарози аниқланиб, далил сифатида олинган.
Бундан ташқари, профилактика инспекторининг Тошкент вилоятидаги доимий яшаш манзили ҳам кўздан кечирилган. Унинг ҳовлисида ерга кўмилган ҳолда 430 грамм атрофидаги “Альфа-ПВП” моддаси топилган.
Тергов материалларига кўра, ички ишлар ходими “Телеграм” мессенжери орқали фаолият юритувчи ноқонуний наркоканал билан боғланган. У чет элдан контрабанда йўли билан келтирилган синтетик моддаларни қабул қилиб, яширин лаборатория шароитида тайёрлаган ва тарқатиш билан шуғулланган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ҳамда 25,273-моддаси 5-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ДХХнинг Тошкент вилояти бошқармаси Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган яна бир операцияда ҳам гиёҳванд моддалар тарқатувчилари фаолиятига чек қўйилди.
Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи 25 ёшли шахс ўзининг жиноий шеригидан 971 грамм “Катинон” синтетик наркотигини қабул қилиб олган пайтда қўлга олинди. Маълум бўлишича, у илгари ҳам гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлиб, моддани “закладка” усулида тарқатиш орқали даромад олишни режалаштирган.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Тафсилотларга кўра, гумондорлар 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Таҳлилчилар таъкидлашича, ички ишлар тизимидаги бундай ҳолатлар фақат шахсий жавобгарлик эмас, балки умумий тизимдаги интизомни кучайтириш зарурлигини ҳам кўрсатади. Бу ҳолат давлат идораларидаги назорат ва синов жараёнларини янада қатъийлаштиришни талаб қилади.
Бундай мисоллар, шубҳасиз, гиёҳвандликка қарши курашнинг фақат аҳолидан эмас, балки тизимнинг ўзидан бошланиши кераклигини яққол намоён этмоқда.