Гуллит Ямалга ортиқча юклама хавфи ҳақида жиддий огоҳлантирди

Руд Гуллит ёш юлдузлар масаласида жиддий фикр билдирди. Нидерландиялик афсона "Барселона" клуби ва Испания терма жамоасига Ламин Ямал билан боғлиқ хавфли тенденция ҳақида огоҳлантириш берди.
Унинг таъкидлашича, атиги 18 ёшда бўлган футболчининг доимий равишда юқори даражадаги ўйинларда иштирок этиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Гуллит фикрича, бу ҳолат узоқ муддатли жароҳатлар хавфини оширади.
«Бу нормал ҳолат эмас. Жамоа унга жуда қаттиқ боғланиб қолган, лекин у ҳали жуда ёш. Мен унинг жароҳат олиши мумкинлигидан жиддий хавотирдаман. Чунки уни деярли ҳар бир ўйинда майдонга туширишяпти. “У ёш, бардош беради”, дейиш осон. Аммо биз бу ҳолатни Педри ва Гави мисолида аллақачон кўрганмиз», — деди у.
Гуллитнинг фикрича, ёш футболчиларга ортиқча юклама бериш уларнинг жисмоний ҳолатига жиддий таъсир қилади ва тикланиш жараёнини анча қийинлаштиради.
Шу билан бирга, Ямалнинг жорий мавсумдаги статистикаси ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. У барча мусобақаларда 44 та учрашувда иштирок этиб, 23 та гол ва 18 та голли узатма билан ажралиб турибди.
Қисқаси, иқтидор бор — бу факт. Лекин уни тўғри бошқариш ҳам шунчалик муҳим. Акс ҳолда, бу “олдириб қўйиш” сценарийсига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!