
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чет эл махсус хизматлари билан уйғун ҳамкорликда ўтказган узоқ муддатли ва мураккаб тезкор тадбирлар натижасида, ўта хавфли деб баҳоланган, халқаро террористик тузилмалар билан боғлиқ шахс ниҳоят мамлакатга қайтарилди. Бу фуқаро қарийб чорак аср – 25 йилдан зиёд вақт давомида қидирувда бўлиб, ўз изини бутунлай йўқотишга уринган эди.
Маълумотларга кўра, мазкур шахс 1999 йилда Ўзбекистонни тарк этган ва шундан кейин Афғонистон, Покистон ҳамда Сурия ҳудудларидаги турли халқаро экстремистик гурҳлар сафига қўшилиб, жанговар ҳаракатларда қатнашган. У радикал ғояларни қўллаб-қувватлаб, “ҳижрат” ва “жиҳод”ни асосий мақсад сифатида белгилагани хабар қилинган.
Кейинги йилларда у бошқа шахс номи билан расмийлаштирилган сохта ҳужжатлардан фойдаланиб, турли давлатларда яширинча ҳаракат қилган. Шунингдек, у МДҲ давлатларидан бирида қўлга олингани ва тез фурсатда Ўзбекистонга экстрадиция қилингани маълум қилинди.
Ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор оғир моддалари — 154 (ёлланиш), 155 (терроризм), 159 (конституциявий тузумга тажовуз) ҳамда бошқа бандлар бўйича жиноят иши очилиб, тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
Тегишли идоралар таъкидлашича, Ўзбекистонда қонун устуворлиги мутлақ ҳисобланади ва ким бўлишидан қатъи назар, содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарлик муқаррар. Тергов амаллари якунлангач, ушбу шахснинг тақдири суд ҳукми билан белгиланади.
Мазкур ҳолат хавфсизликка оид муаммоларга нисбатан мамлакатнинг қатъий ва тизимли позициясини яна бор кўрсатиб берди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.