Ўзбекистонлик икки футболчи "Брага" клубига йўл олиши мумкин

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вакиллари Садриддин Хасанов ҳамда Сайфиддин Содиқов Португалиянинг "Брага" клубига ўтиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Хабарларга кўра, португалиялик мутахассислар 17 ёшли истеъдодларни “Бунёдкор” ҳамда Одил Аҳмедов футбол академияси базасидан бир йиллик ижара асосида жалб қилишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, футболчиларнинг “Андижон” клубидаги ижараси муддатидан аввал тугатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Режага кўра, ёш иқтидорлар 2026 йил ёзида, 18 ёшга тўлганидан сўнг расман янги жамоага қўшилади. Бу эса уларнинг Европа футболига илк қадамларидан бири бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, "Брага" скаутлари уларни Қатарда ўтказилган U-17 Жаҳон чемпионатида кузатган ва шундан сўнг кўрикка чақирган. Кейинроқ футболчилар клубнинг U-23 жамоаси билан икки ҳафта машғулот ўтказиб, мураббийлар штабида ижобий таассурот қолдирган.
Энг муҳими, шартномада сотиб олиш ҳуқуқи ҳам назарда тутилган. Хасанов учун тахминан 250 минг евро, Содиқов учун эса 300 минг евро миқдори белгиланган. Агар ушбу имконият ишга тушса, ҳар икки футболчи 5 йиллик шартнома имзолаши мумкин.
Шу билан бирга, “Бунёдкор” ва Одил Аҳмедов академияси ҳам келгуси трансфердан маълум фоиз улуш олиши кўзда тутилган. Бу эса маҳаллий футбол академиялари учун ҳам қўшимча мотивация бўлиши мумкин.
Агар барча жараёнлар режа бўйича амалга ошса, бу трансферлар ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг Европа майдонларига чиқишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!