
7 декабр куни Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида қайта таъмирланган "Ҳазорасп" темир йўл вокзалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ҳокимият вакиллари, транспорт соҳаси мутасаддилари, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги ва яқинлашиб келаётган Янги йил муносабати билан ташкил этилди. Маросимда қайд этилишича, реконструкция ишларидан сўнг вокзал биноси замонавий кўринишга эга бўлиб, йўловчилар учун қулайликлар яратилган.
Таъмирлаш жараёнида вокзалнинг асосий қисми тўлиқ янгиланди. Ички хоналар қайта жиҳозланди, иситиш тизими алмаштирилди, янги ёритиш тизими ўрнатилди, бино иссиқлик изоляцияси ва ойналаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, мебель ва ускуналар янгиланди. Йўловчилар ва меҳмонлар учун яшил майдонлар, гулзорлар ва тераслар барпо этилди.
VIP мижозлар ва ходимлар учун алоҳида кириш йўлаги ташкил қилинди. Бундан ташқари, хорижий сайёҳлар учун қулай хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари яратилди.
Реконструкция ишларидан сўнг вокзал бир соатда 200 нафар йўловчига, энг юқори юклама даврларида эса 1 минг нафар кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.