Фарғонада 14 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилди

Фарғона вилояти Учкўприк туманида 9 январ куни 14 ёшли вояга етмаган қизга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан зўравонлик содир этилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди.
Ички ишлар вазирлиги хотин-қизлар ва болалар масалалари бўйича бошқарма раҳбари Нилуфар Ғиёсова Газета нашрига маълум қилишича, ушбу воқеа юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2026 йил 10 январ куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми (номусга тегиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида гумон қилинувчи шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси талабларига мувофиқ ушланди. Суд қарор асосида уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Ҳозирги пайтда жиноят иши доирасида барча зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва тергов жараёнлари Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан амалга оширилмоқда.
Болалар омбудсмани Газета нашрига билдиришича, мазкур ҳолатга оид тафсилотларни кенг жамоатчиликка ошкор этиш бола манфаатларига зид. Жумладан, жабрланувчи вояга етмаган шахсга оид шахсий маълумотлар ва воқеа тафсилотларининг оммавий тарқалиши боланинг ҳуқуқлари ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!