
Энергетика вазирлиги электр жиҳозларга тўлиқ ўтган аҳоли истеъмолчилари учун электр энергиясига 50% чегирма жорий этишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Чегирма иситиш мавсумида 2 минг кВт·соат, бошқа даврларда эса 1 минг кВт·соатгача бўлган электр энергияси истеъмолига татбиқ этилади. Ушбу имтиёз субсидияланган газ ёки кўмир истеъмол қилувчиларга тааллуқли эмас.
Бундан ташқари, вазирлик янги қурилаётган уй-жойларда электр плиталари ва электр иситиш тизимларини ишлатишни тавсия қилмоқда. Ушбу ташаббус энергия истеъмоли маданиятини ошириш ва уй-жойларни босқичма-босқич электрфикация қилишга қаратилган.
Ҳозирда электр тармоқларининг қўшимча юкламага дош бера олиш қобилиятини баҳолаш учун техник аудит ўтказилмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Ўзэнергоинспекция”, РЭТс ва “Ҳудудгазтаъминот” томонидан қўшимча тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Вазирлик бу ташаббус стратегик аҳамиятга эга бўлган ислоҳотлар сабабли босқичма-босқич ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. Якуний қарор ҳисоб-китоблар ва техник текширувлар якунлангач қабул қилинади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.