date

Тошкентдаги Digital Startup Awards финалида ўзбекистонлик стартаплар муваффақияти

Тошкентдаги Digital Startup Awards финалида ўзбекистонлик стартаплар муваффақияти

12–13 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Digital Startup Awards халқаро дастурининг финал босқичи минтақадаги илғор инновацион ғояларни бир майдонга жамлади. Қувонарлиси, ушбу нуфузли танлов финалига Ўзбекистондан тўртта стартап лойиҳаси йўл олди ва улар орасида муносиб натижалар қайд этилди.

Ўзбекистон номидан иштирок этган HGT стартапи энг фаол ва истиқболли лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилди. GovTech йўналишида иш олиб бораётган мазкур жамоа иккинчи ўринни қўлга киритиб, 25 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот билан тақдирланди. HGT аҳоли учун коммунал хизматлар соҳасида тўловларни хавфсиз, қулай ва шаффоф тарзда амалга ошириш имконини берувчи инновацион тизим устида ишламоқда. Ушбу ечим давлат хизматлари билан фуқаролар ўртасидаги ўзаро алоқани янада соддалаштиришни мақсад қилган.

Танлов ғолиблиги эса Қозоғистондан қатнашган Multicode стартапига насиб этди. Ушбу жамоа 40 минг долларлик бош совринни қўлга киритди. Multicode юк вaгонлари операторлари учун сунъий интеллектга асосланган B2B SaaS платформани ишлаб чиққан бўлиб, логистика ва транспорт соҳасида самарадорликни оширишга қаратилган.

Учинчи ўрин Грузиядан иштирок этган Telagri стартапига берилди. 15 минг доллар мукофотга сазовор бўлган мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги соҳасида кредитлашни осонлаштирувчи молиявий технологик ечим таклиф этади. Бу инновация фермерлар ва молия муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни кўзлайди.

Шунингдек, “Энг яхши аёллар стартапи” номинацияси доирасида 10 минг долларлик мукофот Қирғизистоннинг MamaSpace платформасига топширилди. MedTech йўналишидаги ушбу лойиҳа сунъий интеллект ёрдамида оналар саломатлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Маълумот учун, Digital Startup Awards финалида Марказий Евроосиёнинг турли давлатларидан жами 22 та стартап иштирок этди. Танлов сунъий интеллект, финтех, эдтех, GovTech, SaaS ва барқарор ривожланиш каби замонавий йўналишлардаги лойиҳаларни қамраб олди. Умумий мукофот жамғармаси 1 миллион долларни ташкил этувчи ушбу дастур 2025 йил учун 1000 дан ортиқ аризани қабул қилди.

Финал босқичига Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон, Мўғулистон ва Ўзбекистондан энг сара лойиҳалар чиққан бўлиб, Тошкент яна бир бор минтақада стартап экотизимининг муҳим марказларидан бири эканини исботлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Тошкентдаги Digital Startup Awards финалида ўзбекистонлик стартаплар муваффақияти