Энди прописка хатоларини 1 мартдан онлайн бепул тўғрилайсиз

Ишонинг, уйингизда “бегона прописка” туриб қолгани ёки манзил маълумотларида хатолар чиқиб кетгани — кўпчиликнинг асабини ейдиган классик муаммо. Энди эса бунақа “қайта-қайта ИИБга бориб юриш” сценарийи секин-аста тарихга айланяпти.
2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролар яшаш жойи бўйича рўйхат (прописка) маълумотларидаги хатоларни онлайн тарзда тўғрилаш имкониятига эга бўлади. Бу тартиб 30 январ куни имзоланган Ҳукумат қарори билан жорий этилмоқда.
Янги тартибга кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали:
— уй манзилингизда рўйхатда турган шахслар ҳақидаги маълумотларни текшириш;
— нотўғри киритилган маълумотларни тўғрилаш;
— манзилга боғлиқ хатоларни тезкор бартараф этиш мумкин бўлади.
Энг муҳими — бунинг учун Ички ишлар органларига шахсан бориб, навбат кутиб, “энди анави кабинетга” деган квестдан ўтиш талаб этилмайди. Ҳа, нервни асрайди.
Текширувлар ҳам қўлбола эмас: мурожаатлар автоматик равишда давлат ахборот тизимлари орқали кўриб чиқилади. Жумладан, “Манзил” ахборот тизими, ИИВ маълумотлар базалари, суд қарорлари, маҳалла маълумотлари, ФҲДЁ ягона электрон архиви ҳамда кадастр ахборотлари ўзаро боғланади. Шу боис аксарият ҳолатларда сўров реал вақтда ҳал бўлади, айрим вазиятларда эса бир иш куни ичида жавоб берилади.
Хизмат бепул. Якунда фуқарога QR-кодли Қайд варағи ёки манзил бўйича рўйхатдан ўтган шахслар ҳақида маълумотнома тақдим этилади.
Хулоса оддий: ким уйида ким “прописка”да турганини аниқ билмоқчи бўлса — энди бу ишни смартфон билан ҳам қилиб қўяди. Қоғозбозлик камайса, ҳаётга ҳаво кириб, нервлар ҳам раҳмат айтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!