
15 декабр, душанба куни Ўзбекистоннинг Ватикандаги элчиси Фаррух Турсунов Рим папаси Лев XIVга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Фаррух Турсунов айни пайтда Испания ва Андоррадаги элчихоналарни ҳам бошқаради. У 1990-йиллардан бошлаб Ташқи ишлар вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритиб келган – атташе лавозимидан тортиб департамент директоригача.
Шу билан бирга, у Қозоғистондаги (2008–2012-йиллар) ҳамда Япониядаги (2012–2017-йиллар) дипломатик миссияларга раҳбарлик қилган. Католик черкови раҳбари билан учрашувда дипломат Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида ахборот берди.
У президент Шавкат Мирзиёев номидан Рим папасига салом ва эзгу тилаклар етказди. Лев XIV Ўзбекистон президенти ва халқига чуқур ҳурматини билдирар экан, Ватикан ва Ўзбекистон ўртасидаги 33 йиллик дипломатик алоқалар мустаҳкам ҳамкорлик асосини яратганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Ватикан ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йилнинг 17 октябрида ўрнатилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.