
Алишер Султанов Ўзбекистон Президентнинг энергия хавфсизлиги масалалари бўйича вакили лавозимидан озод этилди. Тегишли фармонни Президент Шавкат Мирзиёев имзолади.
У ушбу лавозимни 2025 йилнинг июлидан декабрига қадар эгаллаган эди. Бунгача эса у республика Президентнинг энергия хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.
2013–2018 йилларда Алишер Султанов “Ўзбекнефтгаз” тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлади. 2019–2022 йилларда эса Энергетика вазирлигини бошқарган.
1967 йилда туғилган Алишер Султанов техника фанлари доктори бўлиб, 1989 йилда А. Ф.Можайский номидаги Ҳарбий-космик академияни тамомлаган. 1990-йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Амалий физика институтида ишлаган ва ташкилотчи лавозимларда фаолият олиб борган.
Кейинчалик нефт ва газ соҳасига ўтиб, “Ўзбекнефтгаз”нинг йирик объектларини, жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва Шўртан газ-кимё мажмуасини назорат қилиш, харидлар ва қурилиш ишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланган. 1999–2013 йиллар давомида у Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилиш бошқармасини бошқарган ва кейинчалик ушбу мажмуа директори лавозимида ишлаган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.