
Келаси йили Тошкент шаҳрида 100 та ақлли чорраҳа ўрнатилади. Ушбу чорраҳалар ягона тизим орқали бошқарилиб, сунъий интеллект ёрдамида транспорт ва пиёдалар ҳаракатини кузатиб боради.
Бу чоралар тирбандликларни камайтириш ва йўллардаги хавфсизликни оширишга хизмат қилади, деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтказилган йиғилишда. Шунингдек, шаҳарга киришдаги икки назорат-ўтказиш пунктлари пойтахт ташқарига кўчирилади, учта пункт эса реконструкция қилиниб, 3,5 минг юк машинаси ва 5,5 минг енгил автомобиль учун автотураргоҳлар, шунингдек, аҳолининг дам олиши учун махсус зоналар ташкил этилади.
Ушбу жойлар жамоат транспорти билан боғланиб, шаҳар меҳмонлари ўз автомобилларини қолдириб, шаҳар бўйлаб тез ва қулай ҳаракатланишлари учун имконият яратилади. Бундан ташқари, 30 минг автотураргоҳ ўрни, 300 та янгиланган бекат, 40 км пиёда йўлаклари, 20 км велосипед йўлаклари қурилиши, 100 км йўллар таъмирланиши, шунингдек, Юнусобод ва Яшнобод туманларида йўл ўтказгичлар ва ер ости туннеллари барпо этилиши режалаштирилмоқда.
Шаҳар жамоат транспортини яхшилаш мақсадида 200 та янги электробус келтирилади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.