22:24 / 02.08.2018
4 733

Кириш имтиҳонларида қинғирликлар давом этмоқдами?

Кириш имтиҳонларида қинғирликлар давом этмоқдами?
Кечадан бошлаб деярли барча оммавий ахборот воситаларида «Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари очиқлик ва шаффофлик билан ўтказилаётгани» ҳақида жар солинмоқда. Содда халқимиз ҳам бу сўзларга ишонмоқда, кўпчилик ниҳоят адолат қарор топишидан умид қилмоқда. Гуёки ҳаммаси рисоладагидек. Лекин, танганинг иккинчи тарафи ҳам мавжуд. Ростан ҳам ҳамма ерда тест имтиҳонлари адолатли олиб борилмоқдами?

«Kun.uz» ижодий жамоаси 1 август имтиҳон куни қандай ўтказилаётганини кузатиш учун худудларга борди. Имтиҳонлар айни дамда Тошкент шаҳрида қуйидаги биноларда ташкил этилмоқда:

1. «ЎзЭкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуаси;
2. Олий ўқув юртлариаро спорт мажмуаси;
3. Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси Республика маркази;
4. Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати;
5. «Теннис» спорт мажмуаси;

Барча биноларга ҳам боришни режалаштирдик. Лекин, бир бино борки, у ерга борилмаса бўлмасди. Бу бино Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси Республика марказидир. Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳудудида, шундоққина «Беруний» метроси ёнида жойлашган.

Негалигини сўраяпсизми? Чунки, бу ер Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва шу каби бошқа нуфузли олийгоҳларда ўқиш истагини билдирган абитуриентлар имтиҳондан ўтказиладиган макон. Сирли макон.

Бу таълим даргоҳлари ҳақида қизиқ фактлар билан ўртоқлашсак. Булар иқтисод, сиёсат, юриспруденция, молия соҳаларида етук давлат кадрларини тайёрлаши керак бўлган олийгоҳлар ҳисобланади. Сўнгги йилларда кириш баллари «осмонга учган» таълим масканлари, десак муболаға бўлмайди. Бир вақтлар халқ орасида ҳар хил «ўйинлар» бўлган олийгоҳлар деган гаплар ҳам тарқалган.

Оддий мисол: 2009 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Халқаро ҳуқуқ (ўзбек) факультетига кириш балининг ўзи 200,4 баллни ташкил қилган. Ўша даврда камида 3та блок бўйича 36та тестдан камида 32тадан ечмаган абитуриент талаба бўла олмас эди. Бунинг учун сиз тарих фанининг ўзидан камида 250 варақ бўлган 11та дарсликни ёдлаб ташлашингиз талаб этиларди. Кўчаларда эса ўша «X» вариантларни кўриш мумкин эди. Бу ҳамма билган ҳақиқат. «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди», дейди доно халқимиз.

Ижтимоий тармоқларда биринчи кунданоқ бу сафарги кириш имтиҳонларида ҳам одатдаги каби аудиториялардан вариантлар олиб чиқиб кетилгани, телефонлардан фойдаланилгани ва бошқа турли найранглар ишлатилгани, ноҳақликлар кузатилгани ҳақида бот-бот ёзишди. Интернетда тарқалган, имтиҳонлар ўтказилган ҳудудларда олинган суратлар ҳам жойларда ишлар «Эски ҳаммом, эски тос»лигича қолганини кўрсатмоқда.

Бугун 2 август куни шу бинога яна бордик. У ердаги имтиҳон жараёнларини бошидан охиригача кузатиб, ҳеч кимга халақит бермасликни, ўз навбатида бизга ҳам ҳеч ким халақит бермаслигини истагандик. Давлат тест маркази тегишли рухсатномаларни тайёрлаб берган эди. Биноларда эркин ҳаракатланиб, шаффофлик таъминланишига хизмат қилишни истаган эдик. Лекин у ердаги Давлат хавфсизлиги хизмати ва Давлат тест маркази ходимлари бизга «Фақатгина жараён бошланишидан аввал 5 дақиқа расмга оласизларда, кетасизлар» дейишди. Биз уларга сизлар каби адолат таъминланишига хизмат қилмоқчимиз, дейишимизга қарамай, у ерда қолишимизга қаршилик қилишди. Афсус, шунча давлат ташкилотлари сиғган жойга тўртинчи ҳокимият вакили сиғмай қолди.

Яқиндагина президент Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида «Биз жамиятимизда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда, ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлашда сизларга, сизларнинг билим ва истеъдодингизга таянамиз» демаганмиди? Нега амалда кўпчилик президент сиёсатига риоя қилишни истамайди? Журналистлар шунчаки халққа ва давлатга хизмат қилмоқчи, амалга ошириладиган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшмоқчи ахир!

Бу ҳолат бўйича албатта тегишли ташкилотлардан керакли изоҳларни кутиб қоламиз. Нега жараёнда бевосита қатнашишимизга рухсат берилмагани тушунтириб берилади, деган умиддамиз.

Яна умид қиламизки, жойлардаги бошқа шубҳали ҳолатлар юзасидан суриштирувлар ўтказилиб, ислоҳотлар моҳиятини ҳали англамаган ёки «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» қабилида англашни истамаётган масъулларга тегишли жазо берилади ва бундай хуфёна ишларга чек қўйилади. Ахир халқимиз давлатдан биринчи навбатда адолат истайди.
Зафар Солижонов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кириш имтиҳонларида қинғирликлар давом этмоқдами?