03:25 / 10.11.2018
2 921

Матбуотми ёки гумма?

Матбуотми ёки гумма?
Блогерларимизу турли сайтларда ишлаётган ҳамкасбларимизнинг обуна машмашалари, даврий нашрларнинг даври аллақачон ўтиб бўлгани хусусидаги чиқишлари урчигандан-урчиб турган бир пайтда бу мавзуни қаламга олиш уларнинг андак жиғига тегиши табиий. Аммо, калтакнинг иккинчи учини ҳам унутмайлик...

«Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компаниясининг савдо бўйича директори Даврон Сафаров билан суҳбатимизда бу соҳада амалга оширилаётган ишлар, йиғилиб қолган муаммолар ва уларнинг ечимларини очиқлашга ҳаракат қилдик.

Фото: «Xabar.uz»

Компания балки 20 йил олдинги талабларга қайсидир маънода жавоб берар, лекин бугунги замон талабларидан бироз орқадалигимизни ҳам очиқ тан олишимиз керак.


— Даврон Сафарович, «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси ташкил этилганига ҳам салкам 20 йил бўлиб қолди. Бу оз муддат эмас, албатта. Шу давр мобайнида компания ўз вазифасини нечоғлиқ бажара олди?

— Дарҳақиқат, келгуси йилда «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси ташкил этилганига 20 йил тўлади. Компания Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 13 сентябрдаги қарори асосида иккита корхона негизида ташкил этилган.

«Матбуот тарқатувчи» АКнинг фаолиятида гуркираган даври ҳам, турғун даврлари ҳам бўлган. Умуман олганда, компания балки 20 йил олдинги талабларга қайсидир маънода жавоб берар, лекин бугунги замон талабларидан бироз орқадалигимизни ҳам очиқ тан олишимиз керак. Тўғри, тизим яратилган, иш жараёнида фойдаланиш учун махсус дастурлар бор, матбуот маҳсулотларини тарқатиш тармоғида 1,3 мингдан ортиқ ходим банд, жиддий технологик база яратилган, омбор ва маҳсулотларни ташиш, саралаш бирлашмалари, IT-таъминоти, маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда бир қатор хизматлар йўлга қўйилган. Компаниянинг даврий нашрларни тарқатиш xизматларини тақдим этиш соҳасидаги сифат менежменти тизими ISO 9001:2015 сертификати xалқаро стандартларга жавоб беради. Ва ҳоказо-ҳоказолар. Ҳар қандай ҳаракат ўз йўлига, лекин очиқ тан олиш керак, бугунги муштарийга муносиб ва сифатли хизмат кўрсатишга эриша олганимиз йўқ ҳали.

— Компаниянинг норматив-ҳуқуқий базасини давр талабига мослаштириш борасидаги фикрингиз қандай?

— Соҳага доир тасдиқланган ҳужжатга деярли 20 йил тўлди. Орада қанчадан-қанча ўзгаришлар бўлиб ўтди. Янги тармоқлар вужудга келди. Албатта, янги ҳуқуқий ҳужжатга эҳтиёж бор. Бу ҳужжат қандай бўлиши керак? У халқаро тажриба пухта ўрганган ҳолда бўлиши лозим, фақатгина тарқатиш соҳаси билан чекланмасдан, назаримда, ноширлик соҳаси билан қатъий боғланган ҳолда мукаммал ҳужжат тайёрланмоғи керак, деб ўйлайман. Газета ва журналларнинг тақдири таҳририятнинг «нафас олиши»га қанчалик боғлиқ бўлса, «Матбуот тарқатувчи» АКнинг ҳам тақдирига шунчалик таъсир кучига эга. Бу борада барча таҳририятларни бирга, бир давра атрофида йиғилиб, халқчил тилда айтганда, дўппини бошдан олиб мулоҳаза билан ҳамжиҳатликда ишлашга чорлайман. Соҳада йиғилиб қолган масалаларни бирма-бир муҳокама қилиб олардик. Бу борада бизда меъёрий ҳужжат лойиҳаси тайёрланган, муҳокамалар асосида тузатишлар киритиб, ҳукуматга тавсия этсак бўларди.

Аслида биз билан сиз биргаликда муштарийга сифатли хизмат қилишимиз керак.


— 2019 йил учун обуна мавсумини таҳририятларга маъқул келадиган қандай «ярқ» этган янгилик билан бошладингиз?

— Қизиқ савол бўлди. Нима учун таҳририятларга «ярқ» этадиган? Обуначига эмас? Аслида биз билан сиз биргаликда муштарийга сифатли хизмат қилишимиз керак. Таҳририят информацияни топиб, зарур ҳолларда журналистик суриштируви ёки ўрганишлар олиб бориб материал тайёрлаб нашрни чоп этса, биз шунча заҳматли меҳнат билан чиққан нашрни обуначига ўз вақтида етказишимиз керак. Айнан ўз вақтида етказиш борасида бу йил биринчи маротаба синов тариқасида нашрларни ташувчи машиналарга GPS назоратини қўллаш йўлга қўйилмоқда.

Умуман олганда, Тошкент шаҳрида нашрлар эрта тонгдан ўз манзилига етказилади, ҳозирча 2018 йил ҳисобидан обуначилардан шикоятлар тушмади. Бироқ, чакана савдода газеталарнинг кеч етказилиши бўйича 233-70-70, 233-78-62 рақамли ишонч телефонларимизга бир неча мурожаатлар бўлди. Баъзида турли сабабларга кўра, масалан, босмахонадан нашрлар кеч чиқиши сабабли ҳам матбуот дўконларига нашр кечроқ бориши мумкин. Лекин, ҳар қандай ҳолатда бизнинг экспедиторларимиз нашр чиқишини кутади, қабул қилиб олингач нашр сараланиб, ўша куниёқ киоскага етказади. Сараловчиларимиз асосан кечаси ишлашади, эрталабки соат 6:30 лар атрофида машиналар тарқатишга чиқади. Ҳар бир матбуот дўконига кўпи билан 3,5 дақиқагача тўхташга рухсат берганмиз. Ушбу вақт давомида экспедиторларимиз «накладной» асосида нашрларни топшириши, ведемост асосида савдо пулини қабул қилиб олиши лозим.

Таҳририят ва тарқатувчи биргаликда деярли битта бир «бутун ишни» амалга оширса-да иккаласи икки қутбда сарсонгарчиликда юраркан.


— Даврий нашрларнинг обуначилар қўлига вақтида (ёки умуман) етиб бормаслиги анча эски муаммолардан саналади. Муштарийлар таҳририятларни айблайди, таҳририятлар эса сизларга иддао қилишади. Бу муаммонинг ечими борми ўзи?

— Назаримда суҳбатимизнинг энг оғриқли ва долзарб қисмига келдик. Икки томоннинг бир-бирига айблов ёки иддао қилишига сабаб яқиндан ҳамкорлик қилмаслиги, деб ўйлайман. Бир йил олдин, гарчи бошқа соҳада ишласам-да, мен ҳам журналист сифатида худди таҳририятлардек позицияда эдим. Яъни, ўқувчининг камайишига ҳам, нашрлар нархининг қимматлашишига ҳам, обуначига ўз вақтида етиб бормаслигига ҳам тарқатувчилар айбдор, деб ҳисоблардим. Аслида соҳанинг ич-ичига кириб борсангиз жуда кўп омиллар борлигига гувоҳ бўларкансиз. Таҳририят ва тарқатувчи биргаликда деярли битта бир «бутун ишни» амалга оширса-да иккаласи икки қутбда сарсонгарчиликда юраркан, деган хулоса келдим. Боғлиқ муаммоларимиз жуда кўп бўлса-да, бирга ўтириб ечим ишлаб чиқиш ўрнига ҳар ким ўзича ечим қидиришга уринмоқда. Биргина тарқатиш борасидаги (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 13 сентябрдаги 418-қарори) ҳужжатга ҳам деярли 20 йил бўлибди. Савол туғилади: ушбу ҳужжат қанчалик бугунги кун талабини қаноатлантиради, қолаверса, ўша мавжуд қарорга ҳам қанчалик амал қилинмоқда? Бугун бору эртага йўқ «тарқатувчи корчалонлар»нинг эркин фаолият олиб боришларига, натижада қанчадан-қанча обуначиларнинг ишончини йўқотаётганлигимизга ҳам асосий сабаб бир стол атрофида йиғилиб, ҳамкорлик қилмасликдан деган фикрдаман.

Тарқатувчидан ёки таҳририятдан бир бор кўнгли совиган муштарийни яна газетхонликка қайтариш қанчалик қийин бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз. Яна такрор айтаман, соҳани тўлиқ қамраб олган мукаммал қарор лойиҳасини тайёрлаб ҳукуматга тақдим этишимиз керак. Ушбу ҳужжатда нашр қилишдан тортиб тарқатишгача бўлган жараён тўлиқ акс этиши лозим. Бу билан лицензиялаш, тарқатувчига талабларни кўпайтириш керак демоқчимасман, масъулиятни ошириш, тизимли тармоққа янада кенгроқ шароит яратиб шаффофлаштиришимиз, бу борада хориж тажрибасини ҳам пухта ўрганишимиз керак. Ҳозир битта ншр бир неча ташкилот қўлидан ўтиб битта маҳсулот (нашр)дан бир неча бор солиқ тўланмоқда. Умуман, бу борада ўрганишлар, изланишлар ва ҳатто хомаки қарор лойиҳалари, бошқа лойиҳалар ҳам тайёрланган, бироқ уни мукаммаллаштириш учун, янада ҳаётийлаштириш учун ҳамжиҳатликда ишлаш бугунги замон талаби.

— Хусусий матбуот тарқатувчилар ҳам кўпайиб қолган. Уларнинг ишига қандай баҳо берасиз? Ўзаро рақобатда қандай устунликлар ёки заифликларга эгасизлар?

— Бу борада юқорида бироз тўхталиб ўтдим. Агар соғлом рақобат бўлса фақатгина хурсанд бўламиз. Негаки, рақобат бўлмаса — ривожланиш бўлмайди, боқиманда кайфият пайдо бўлади. Лекин, носоғлом рақобат ҳар доим муаммолар келтирган. Айтайлик, арзон обуна ташкил этаман деб обуначи пулини олса-ю бир икки ой обориб кўринмай қолса ёки етказиш қулайроқ туман-шаҳар марказларида обуна ташкил этиб, узоқ қишлоқлардаги обунани бизга ўхшаган ташкилотларга «илинса» бу ҳам носоғлом рақобат кўринишидир. Айтганимдек, бу ҳам ислоҳотга эҳтиёжманд соҳа.

— Компаниянинг даврий нашрларни эгаларига етказиб бериш учун моддий-техник базаси қай ҳолатда? Вилоятлардаги шўъба корхоналар фаолияти сизни қониқтирадими?

— Тошкент шаҳрида тарқатишда бироз камчиликлар бўлса-да, анчагина тизимга солинган, лекин вилоятларнинг муаммоси жиддий. Бошқарувни тўғри йўлга қўйиб, ишни рисоладагидек ташкил этган вилоят шўъба корхоналаримиз, МЧЖларимиз ҳам йўқ эмас, бироқ ҳамма жойда ҳам иш бирдай эмас. Камчиликлар, хатоликлар бўйича ишлаяпмиз, тўғри йўлдан юришни хоҳламайдиганларга ҳуқуқий чора кўриш борасида мурожаат қилишимизга мажбур бўлган ҳолатларимиз ҳам бор. Обуначини рози қилиб ишлаш даражасига эришиш учун ҳали олдимизда анча ишлар бор.

Канада, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларда нашрлар асосан обуна орқали етказилади.


— Газета ва журналларга обуначиларнинг кўпайиши албатта уларнинг таннархига бевосита боғлиқ. Таҳририятлар доим сизларни нашрлар баҳосини ошириб юборишда айблашади. Бу баҳсни қандай изоҳлайсиз? Юқоридаги саволимда «таҳририятлар учун «ярқ» этган янгилик»ни сўраганимда шуни назарда тутгандим.

— Бу борада дунё тажрибасини ҳам ўрганиб кўрайлик. Масалан, Канада, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларда нашрлар асосан обуна орқали етказиларкан. Нашрнинг 55-60 фоиз таннархи логистика (тарқатувчи) харажатлари. Германия, Буюк Британия ва аксар Европа давлатларида нашрни манзилга етказиш харажати қимматлиги сабабли обуна кам ҳолларда қилиниб, нашрлар асосан чакана савдо орқали тарқатиларкан.

Энди узоққа бормайлик, яқин қўшниларимизда ҳам шу ҳолат, обуна сони кескин тушиб кетяпти. Биз ҳам ёнилғи-мойлаш материаллари қимматлашганда ёки шунга ўхшаш ҳолларда нархлар ошиб кетишидан чўчиб турамиз. Негаки, обуначига йилнинг ўртасида, нархлар ошди, дея олмаймиз, фойдами-зарарми фарқи йўқ — обуначига ўша эски нархда етказамиз. Умуман, таҳририят нархи қанча бўлса унга фоиз ҳисобида устама қўйилади. Йилдан-йилга фоизлар тушириб келинган, ҳозирда минимал ҳолатга келтирилган, бундан ортиқ фоиз туширилиши харажатларни ҳеч қанақасига қопламайди.

— Пойтахтда даврий нашрлар чакана савдоси билан шуғулланувчи 150 та киоск бор экан. Бу рақам ошхона ва дорихоналар сони соясида қолиб кетади-ку?!

— Албатта, бу пойтахт аҳолиси учун етарли эмас. Лекин, янги жойга битта киоск ўрнатиш ҳам осон эмас, у жойга рухсат олиш учун анчагина ҳаракат қилиш лозим. Қолаверса, ўрнатилган жойнинг рентабеллиги ҳам ҳисобга олиниши керак. Баъзи жойларда одам кўп, лекин газетхон кам. Масалан, «Чилонзор буюм бозори»да одам гавжум, аммо газета кам сотилади, чунки бу бозорга одамлар бошқа харидлар учун боришади-да. Очиғи, киоскларнинг охирги модели 3-4 йил олдин қурилган. Тўғри, ҳали унчалик эскимасдир, лекин замонавий шаҳарсозлик талаблари жуда тез ортмоқда, биз ҳам кўп функцияли замонавий киоскларни ўрнатишни режалаштирганмиз. Албатта, бу, ўз навбатида, маблағ ва вақт талаб этади.

Савдонинг олтин қоидаси бу муомала маданияти, савдонинг ҳар қандай турида амал қилинишининг исботи бу. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, кадрлар борасида ҳам масалалар кўпгина.


— Бугун даврий нашрларнинг даври ўтдими? Бу савол теграсидаги баҳс бошланганига анча бўлди? Ҳам тажрибали журналист, ҳам матбуот тарқатувчи мутахассис сифатида бу саволга қандай жавоб берган бўлардингиз?

— Бу савол кейинги пайтларда жуда кўп янграмоқда. Худди телевидение пайдо бўлганида радионинг умри қисқарди, дегандек. Аксинча, радио охирги 20-30 йилда ривожланишнинг янги босқичига чиқди дейишимиз мумкин. Газетанинг ҳам, китобнинг ҳам инсон ҳаётида ўз ўрни бор. Шу савол мени жуда кўп бора ўйлантиргани учун ҳам ўтган йили ушбу даргоҳда иш бошлаганимнинг илк давридаёқ киоск сотувчилари орасида газетхонларнинг ёши, харидоргир нашрларнинг тури борасида сўровнома ўтказдик. Йил охирига бориб яна бир бор сўровнома ўтказдик. Умумий газетхонларнинг 60-65 фоизини 45 ёшдан катта бўлган газетхонлар ташкил этди. Йил бошидаги газетхонларнинг умумий сонини қараганимизда, йил охирида 1,5-1,8 фоиз камайиш кузатилди.

Лекин, ижтимоий сиёсий нашрларга нисбатан талаб ёшлар орасида ҳам, катта ёш вакиллари орасида ҳам ортганлигига гувоҳ бўлинди. Умуман, муштарийлар сафини ошириш борасида тажрибали киоск сотувчилари олдига бориб, тез-тез маслаҳат олиб тураман, 49 йилдан буён киоск сотувчиси бўлиб ишлаётган олий маълумотли киоскирларимиз ҳам бор, авлоддан авлодга фарзандлари киоск сотувчиси бўлиб ишлаётган, ҳатто 3-4 авлод бўлиб киоскда ишлаётган киоск сотувчиларимиз бор, ҳаётини газетасиз тасаввур қилолмайдиган, ҳар ҳафта имкон доирасида газеталарни ўқиб чиқадиган ходимларимиз кўпчиликни ташкил этади. Улар билан доим маслаҳатлашамиз, фикр алмашамиз. Ҳар душанба куни киоск сотувчилари билан йиғилиш ўтказилиб, газеталар сотилишини таҳлил қиламиз, муштарийлар эътирози бўлса, ўрганиб таҳририятларга етказамиз.

Йиғилишларимизга таҳририятлар вакилларини чақириб фикр алмашилади. Буларнинг барчаси газетхонларни сақлаб қолиш мақсадида қилинаётган ишлар. Имкон қадар ҳар бир киоск билан индивидуал ишлашга ҳаракат қилинади. Яқинда шаҳар марказидаги киоскимизда савдо ҳажми тушиб кетди, кейин ушбу ходимни олиб бошқа жойга қўйдик ва ёш коллеж битирувчисини ўша киосккага ишга қўйдик, биласизми, ёз фасли бўлса-да (ёз бизда савдо тушиб кетадиган давр ҳисобланади) савдо ҳажми илгариги даврга нисбатан 2,5 баробар кўтарилди. Савдонинг олтин қоидаси бу муомала маданияти, савдонинг ҳар қандай турида амал қилинишининг исботи бу. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, кадрлар борасида ҳам масалалар кўпгина.

Жамиятимизда жуда кўплаб соҳа ўзининг янгиланиш даврини бошлаганидек, журналистикамизда ҳам янги бир даврни кузатиш мумкин. Бу шунақа бир даврки қалам аҳлига иштиёқ беради. Ҳақиқатан ҳам қалам зеҳнини кўрсатса бўладиган бир давр, деб ўйлайман. Журналистикамиз тарихини, айтайлик, жадидчилик давридан деб оладиган бўлсак, кейинги 70 йиллик тузумда ҳам, ундан кейинги даврда ҳам ҳозиргидек шароит бўлмаган. Албатта, шундай имконият бор экан, барча журналистларимизга холис ахборот беришдаги масъулиятли ва шарафли хизматларида соғлиқ, омонлик, ижодий баркамоллик тилайман.

Матбуот дўкони ўрни эса ҳокимлик айтганидек ободонлаштирилмади, балки унинг ўрнига бир шахсий тадбиркор тайёрлаб сотаётган гумманинг ташқи рекламаси ўрнатилди. Мана сизга маърифатга, маънавиятга эътибор! Фарзандларимиз газет ўқиб шаҳар олиб берармиди, ундан кўра гумма есин, дейишди шекилли...


Муаллифдан: Суҳбатдошимизнинг куюниб айтишича, айрим туман раҳбарлари томонидан маърифат масаласига бироз панжа ортидан қаралаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Масалан, пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Қушбеги мавзесида жойлашган матбуот дўкони рисоладагидек фаолият юритаётган эди, савдо ҳам кўнгилдагидек, режалар ҳам ортиғи билан уддаланаётганди. Аммо, туман мутасаддилари компаниядан ушбу киоскни бошқа жойга кўчиришни талаб қилишди. Сабабини бу ерда ободонлаштириш ишлари (гарчи киоск ободонлаштириш ишларига ҳеч қандай халал бермаса-да) олиб борилишига тақашди. Узоқ тортишувлардан сўнг матбуот дўконини бошқа жойга кўчиришга мажбур бўлинди. Натижада эса даврий нашрлар савдосида пасайиш бошланди, демакки, одамлар газета-журналлар ўқишдан маҳрум қилинди. Матбуот дўкони ўрни эса ҳокимлик айтганидек ободонлаштирилмади, балки унинг ўрнига бир шахсий тадбиркор тайёрлаб сотаётган гумманинг ташқи рекламаси ўрнатилди. Мана сизга маърифатга, маънавиятга эътибор! Фарзандларимиз газет ўқиб шаҳар олиб берармиди, ундан кўра гумма есин, дейишди шекилли...

P.S. Суҳбатимизни оққа кўчириб нуқта қўйиш арафасида яна компаниядан телефон қилишиб, ҳасратларини айтиб қолишди. Яна киоскни олиб ташлаш муаммоси. Бу сафар Мирзо Улуғбек туманидаги 15-шаҳар шифохонаси яқинидаги матбуот дўкони кимларгадир «халақит» бериб қолган назаримизда. Лекин, киоскни олиб ташлаш сабаби бўйича туман ҳокимлигидан компанияга на телефон бўлган ва на расмий хат юборилган. Шунчаки, «Оққўрғон» МФЙ профилактика инспектори (гарчи бу умуман унинг ваколатига кирмаса ҳам) телефон қилган. «...юқоридан буйруқ бўлди, зудлик билан буткаларингни олиб ташлар экансизлар...». «...у бутка эмас, матбуот дўкони, газета-журналлар сотилади...». «Ҳа-ҳа, ўша-де»...
Усмонжон Йўлдошев суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Матбуотми ёки гумма?