Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган ёнғин ва портлаш ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар аҳоли орасида катта таҳликали муҳокамаларга сабаб бўлди. 5 август куни “Олтиндала” маҳалласида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида жиддий фавқулодда ҳолат рўй берди.
Расмий маълумотларга кўра, автоцистернадан пропан суюлтирилган газ сақлаш резервуарига ёқилғи қуйиш пайтида чақнаш содир бўлган ва натижада ёнғин авж олган. Воқеа жойига тезкор тарзда 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Қутқарувчилар соат 22:22 да манзилга етиб бориб, 22:30 да ёнғинни қуршаб олишган ва 22:50 да тўлиқ ўчиришга муваффақ бўлишган.
Ёнғин оқибатида бир автоцистерна тўлиқ ёниб кетган, шунингдек, 10 кублик пропан суюлтирилган газ сақлаш резервуари ҳам зарар кўрган. Воқеада автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш тан жароҳати олгани қайд этилган. Ҳодиса жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари ҳам етиб бориб, вазиятни назоратга олишган.
Эътиборлиси, 16 июл куни ҳам Кўкдала туманида аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа бир газ тўлдириш станцияси ҳудудида ҳам ёнғин ва портлаш содир бўлган, ўша воқеада тўрт нафар фуқаро ҳалок бўлгани қайд этилган эди.
Сўнгги воқеалар Кўкдала туманида ёқилғи инфратузилмаси хавфсизлиги ва назоратига янада жиддий эътибор қаратилмоқда. Мутахассислар эҳтиёткорлик ва қоидаларга амал қилиш зарурлигини такрорламоқда. Ҳокимият ва махсус хизматлар томонидан ушбу ҳолатлар тўлиқ ўрганилмоқда ва барча жабрланганларга ёрдам кўрсатилмоқда.
Фуқароларга яна бир бор хавфсизлик чораларига риоя этиш ва шубҳали ҳолатлар юзасидан зудлик билан масъул идораларга мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!