Европа футбол оламида ёш ва иқтидорли футболчиларнинг нархи йил сайин ошиб бормоқда. Англиянинг “Ливерпуль” клуби ёзги трансфер ойнасида Германиянинг “Байер” клубидан ҳужумкор ярим ҳимоячи Флориан Вирцни ўз сафига қўшиб олди. Маълумотларга кўра, “қизиллар” ёш футболчи учун 125 миллион евро сарфлаган.
Флориан Вирц ўзининг трансфери атрофидаги ҳаяжон ва катта маблағ ҳақидаги саволларга жавоб берди. “Бу ҳақида ўйлаб ҳам қўймайман. Мен учун асосий мақсад — майдонда ўз ўйинимни кўрсатиш. Клублар ўртасида қай даражада маблағ ҳаракати бўлгани мен учун муҳим эмас”, — дея таъкидлади футболчи The Times нашрига.
Ёш ярим ҳимоячи яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди: “Мендан талаб қилинаётган энг асосий вазифа — жамоа билан яна чемпионликни қўлга киритиш. Бу эса осон иш эмас. Ҳар бир ўйинда имкониятлар яратиш, тўпсиз ҳаракат ва майдонда кўпроқ югуришга интиламан. Буни жамоавий ўйинга татбиқ этиш мен учун муҳим. Тўп менда бўлган пайтда эса, жамоа ўйинини яхшилашга ва жамоадошларимни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан”, — деди Вирц.
Трансфер атрофидаги катта маблағ ёш футболчи учун қўшимча юк бўлиши мумкин эди. Бироқ Флориан Вирц янги жамоаси — “Ливерпуль”даги ишонч ва мотивация билан асосий эътиборини фақат ўйинга қаратмоқда. Мерсисайдликлар эса ўз тарихларига яна бир ёш ва келажакли ярим ҳимоячини қўшганидан умидвор.
“Ливерпуль”нинг янги трансфери Вирц учун катта синов, жамоа мухлислари эса унинг янги мавсумда қандай ҳаракат қилажагини қизиқиш билан кузатмоқда. Майдондаги ҳар бир қадам, ҳар бир пас ва имконият Вирцнинг янги лойиҳасида муҳим аҳамият касб этади.
Янги мавсум “қизиллар” учун янада юқори марралар, кучли рақобат ва чемпионлик учун жиддий кураш билан бошланмоқда. Вирц эса барча эътибор ва босимдан холи равишда майдонда ўз ўйинини кўрсатишга бел боғлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!