00:05 / 15.12.2018
3 581

Журналист қачон ички цензурадан қутулади?

Журналист қачон ички цензурадан қутулади?
Бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ОАВ вакиллари иштирокида «Шижоат, профессионал маҳорат, холислик ва чуқур таҳлилий салоҳият – ҳар қачонгидан муҳим» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда ягона мавзу – Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқида оммавий ахборот воситалари жамиятдаги муаммоларни танқид ва чуқур таҳлил қилишда оқсаётгани муҳокама қилинди.

Журналистика ва оммавий коммуникация университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев мавзу юзасидан шундай деди: «Афсуски, соҳамизнинг кўпчилик вакиллари ички цензурадан қутула олмаяпти. Ахир Конституция ҳам, қонунлар ҳам журналистик фаолиятни ҳимоя қиладику?».

Давра суҳбатида сўзга чиққан Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Олимжон Ўсаров танқидга муносабат шаклланмагани, кўтарилган танқидий чиқишлардаги муаммоларнинг ечимини алоҳида назорат қилиш шартлигини таъкидлади.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саидабдулазиз Юсупов журналистларни энг кўп қийнаган мавзуни кўтарди.

«Албатта, жамиятга танқид керак. Лекин жамият ҳам холис танқидчини ҳимоя қила билиши шарт. Масалан – аксарият журналистларнинг пойтахт пропискаси йўқ. Хўш, улар кимнидир танқид қилса, оддий бир маҳалла нозири «прописканг йўқ» деб, бемалол жазога тортиш ваколатига эга эканлигини наҳот ҳеч ким билмаса? Шунча ташкилотларга бундай имконият бериларкан, пойтахтда фаолият юритаётган журналистларга ҳам прописка бериш керак деб ўйлайман», деган у.

Ёзувчи, устоз журналист Хуршид Дўстмуҳаммаднинг сўзлари кўпчилик учун кутилмаган бўлди:

«Президентнинг журналистларнинг фаол эмаслиги мавзусида олдин ҳам икки марта огоҳлантирганди. Бу учинчиси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг қатъиятидан келиб чиқиб айтаяпманки, тўртинчисидан Худо асрасин. Кўпчилик ички цензура борлигини баҳона қилади. Барака топгур – ички цензуранг бўлса бу соҳада ишлама, ўша цензуранг йўқолса келарсан бу лавозимга.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Мустақиллик йилларида бизда нима кўпайди – ошхона кўпайди. Ошхона ортидан нима кўпайди – дорихона кўпайди. Энди учинчи босқич – диагностика марказлари кўпаймоқда. Ҳозир тиббиётни хусусий секторга ўтказишга уриниляпти. Лекин бу мутлақо нотўғри! Чунки, хусусий тиббиёт биринчи навбатда чўнтакни ўйлайди. Давлат тиббиёт тизимининг эса аҳволи оғир. Мана сизларга ўйлаб кўрса бўладиган, чуқур таҳлил қиладиган мавзу».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Журналист қачон ички цензурадан қутулади?