00:03 / 03.04.2019
3 923

Фолбиннинг башорати қимматга тушди

Фолбиннинг башорати қимматга тушди
Соппа-соғ юрган одам бирдан вафот этса денг. Ҳалимжон ишдан чарчаб келдию, хонтахта атрофидаги кўрпачага ёнбошлади. Хотини Наима чой дамлаб келса, эрининг аллақачон жони узилган.

Наима ўттиз йиллик турмуш ўртоғидан сира ёмон гап эшитмаганиданми ёки бемаҳал ажалдан даҳшатга тушганиданми, ҳушини йўқотди. Ўзига келганида касалхонада экан. Уч кундан сўнг ҳовлига қайтди, уй тўла одам, маъракаларга қайнопаси бош-қош.

— Укам қандай одам эди-я, харажатларни аяманглар, дастурхон мўл-кўл бўлсин, — дея ўғли Илҳомжонни дам-бадам бозорга ғизиллатаётган қайнопасидан кўнгли оғриди. «Тавба, шундай одам дунёдан кетса-ю, бу кишим дастурхон ташвишида», деган ўй ўтди.

Ҳаммадан ҳам Наимани қизи Роҳила ташвишлантирди. У катта хонадаги каравотда чўзилиб ётар, бир ярим яшар боласига қараш тугул, қимирлашга мадори йўқ. Айтишича, тинмай кўнгли айниб, ўрнидан турса, кўз олди қоронғилашяпти.

Наима эртасига азонлаб кўча бошида турадиган Сора фолбинникига чопди. Фолбин хола қарталарни обдон чийлади, сўнг битта-битта оча бошлади. Ҳар сафар янги қартани очаркан, фолбин узоқ бош чайқар, чуқур уф тортар, айтсамми, айтмасамми, дегандек иккиланар, бундан Наиманинг ичидаги хавотири ортарди.

— Хуллас, гап бундай, — деди Сора фолбин. — қизингизга ўлик чиққан хонани тозалаттиришган. Қизнинг руҳи сесканган. Тузалиши қийин, ақлдан озиши мумкин!

Наима бўшашиб кетди, кўз олдида ҳаммага иш буюраётган, ўғлини бозорга ғизиллатиб яхшигина харажат қилдираётган қайнопаси гавдаланди.

— Айланай сиздан, опажон, биласиз, сизга ихлосим баланд, айтинг, нима қилсам болам тузалади? — деди у кўзлари ёшга тўлиб. Фолбин кўп ялинтирди, охири ёнбосди.

— Ўзи бундай юкни олмасдиму сиз маҳалладошимсиз. Бунинг устига, яқинда хўжайинингиздан айрилдингиз. Майли, бу юкни ўзимга оламан. Аммо қизингиз бир ҳафта давомида ҳар куни битта қора товуқ олиб олдимга келади. Охирги куни оқ қўчқор, 20 та патир, бир қоп гуруч, икки қоп ун (Қозоғистонники бўлсин) келтирасиз, — деди.

Наима ҳамма айтганларини бажарди. Аммо бир ҳафта ўтгач ҳам Роҳила ўрнидан қўзғалмагач, онанинг фиғони фалакка чиқди. Бу орада қайнопаси ҳеч уйига кетай демас, «Роҳила тузалсин, сиз ёлғиз қолманг», деган гаплари унинг ғашини келтирар гўё бу шум аёл уларнинг аҳволи янаям оғирлашишини ўз кўзи билан кўриш учун қолаётгандек туюларди. Охири бўлмади, Наима «портлади».

— Нималар деяпсиз, келин? — деди қайнопа унга тик қараб. — Уят эмасми? Ахир, укам ётган хонани маҳалланинг дастурхончиси тозалади-ку...

Наима эшитишни истамади, кўчани кўрсатди. Опа чиқиб кетаётганида Илҳомжон аммасини тўхтатди, фолбинга ишонган онасини айблади, жанжал яна кучайди. Агар ичкаридан Роҳила чиқиб келиб, кўз олди қоронғилашиб ерга қуламаганида жанжал муштлашувга айланарди.

Дўхтирлар Роҳилани УТТ дан ўтказишди, аниқланишича, унинг қорнида 8 ҳафталик ҳомиласи бор экан, кўнгил айниши шунданмиш.

Бу хушхабар Наимани негадир эзди. Шу қадар эздики, унинг оғриғи эрини йўқотганидан ҳам кучли эди...

Manba: mahalladosh.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фолбиннинг башорати қимматга тушди