Атлетико Мадрид Хулиан Альваресни сотиб таркибни янгиламоқчи

Атлетико Мадрид спорт директори Матеу Алеманй бошчилигида ёзги трансфер ойнасида катта ўзгаришларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Испания клуби Диего Симеоне жамоасини қайта қуриш ва янги юлдузларни жалб қилиш мақсадида ҳужумчи Хулиан Альварес учун келадиган рекорд даражадаги таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб Антуан Гризманн кетганидан сўнг юзага келган бўшлиқни тўлдириш учун Бернардо Силва ва Кристиан Ромеро каби юқори савияли футболчиларни сотиб олишни кўзламоқда. Ла Лига мавсумини тўртинчи ўринда якунлаган ва Чемпионлар лигаси ярим финалида тўхтаган мадридликлар таркибни тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини тушуниб турибди.
Хулиан Альварес 2024-йилда 75 миллион евро эвазига жамоага қўшилган эди. У жорий мавсумда 20 та гол уришга муваффақ бўлган бўлса-да, Мадридда ҳали бирорта соврин юта олмади. Жаҳон чемпиони учун курашга PSJ, Барселона ва Арсенал каби грандлар қўшилиши кутилмоқда. Хусусан, PSJ уни ўзининг юлдузли таркиби учун идеал номзод деб ҳисобламоқда.
Альвареснинг сотуви Атлетико Мадридга Манчестер Сити билан барча совринларни ютган Бернардо Силва ва Тоттенхем ҳимоячиси Кристиан Ромеро трансферини молиялаштириш имконини беради. Шунингдек, клуб қизиқишлари доирасида Жоау Гомес ва Марк Кукурелла каби футболчилар ҳам бор.
Диего Симеоне жамоадаги вазият ҳақида гапирар экан, футболчиларнинг келажаги борасидаги қарорларига аралашмаслигини ва ҳар бир ўйинчи ўз йўлини ўзи танлашини таъкидлади. Агар Альварес учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ таклиф қилинса, трансфер амалга ошиши эҳтимоли жуда юқори.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!