Tracker’ни иккига бўлган Cobalt ҳайдовчиси қамалди

Бухоро шаҳрида оғир йўл-транспорт ҳодисасини содир этган Cobalt ҳайдовчисига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти судлари ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 30 март куни Давлатобод ва Оқмасжид кўчалари чорраҳасида юз берган. 21 ёшли ҳайдовчи Cobalt автомобилида ҳаракатланиб кетаётиб, чорраҳада Tracker билан тўқнашган. Зарбанинг кучли бўлгани сабабли Tracker автомашинаси икки қисмга ажралиб кетган.
Текширувлар давомида ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани аниқланган. Суд уни светофор талабига бўйсунмаслик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида моддий зарар етказиш ҳамда ҳодиса жойини тарк этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларда айбдор деб топган.
Маълум қилинишича, ЙТҲ натижасида келиб чиққан қарийб 100 миллион сўмлик зарар ҳайдовчи томонидан қопланган.
ЖИБ Бухоро шаҳар суди қарорига кўра, Cobalt ҳайдовчисига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Ҳозирда у белгиланган жазо муддатини ўтамоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!