date
views 4 346

Абитуриентлар учун йилнинг энг оғриқли саволи: “B1ми, B2?”

Абитуриентлар учун йилнинг энг оғриқли саволи: “B1ми, B2?”
Ўзбекистон президентининг 2018 йил 5 июндаги 3775-қарорида 2019 йил 1 январга қадар Давлат тест марказига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳ.) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фан тест синовидан озод қилиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш буюрилган эди. Ушбу қарордан ёшлар, зиёлилар ва эл-юрт келажаги учун бефарқ бўлмаган миллионлаб одамлар мамнун бўлди. Чунки ер юзидаги деярли барча нуфузли университетлар тан оладиган машҳур сертификатларнинг бизда тан олинмаслиги жуда ғалати ҳол эди.

Тайёрланган қарор лойиҳаси 2018 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди. Лойиҳада юқорида тилга олинган сертификатларнинг тан олиниши айтилган. Бироқ лойиҳанинг бир нечта банди кўпчилик мутахассислар ва ёшларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди деб ёзади Minbar.uz нашри.

Қарор лойиҳасида айтилишича, агар чет тили бакалавриат босқичига кириш имтиҳонларининг 1-блок фани бўлса, ДТМ томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатнинг B2 даражаси талаб қилиниши керак. Миллий сертификатнинг B1 даражаси талаби эндигина йўлга қўйилаётган, шу даража сертификатини қўлга киритиш ҳам мамлакатимиздаги ёшларнинг камдан-камига насиб қилаётган бир пайтда талабнинг кўтарилиши сабабини тушуниб бўлмайди.

Соҳага алоқаси бўлмаган одамнинг нигоҳи билан қаралганда талабнинг кўтарилиши ижобий нарсадек кўринади, лекин тажрибали мутахассисларнинг фикрича ундай эмас.

Амалдаги Давлат таълим стандартларига кўра лицей ва коллежлар битирувчилари чет тили чуқурлаштириб ўтиладиган йўналишни битираётган бўлса чет тилини B1+, бошқа йўналишни битираётган бўлса B1 даражада билиши талаб қилинади. Демак, чет тилидан B1, нари борса B1+ даражани ўргатадиган таълим дастурлари, дарсликлар ва ўқитувчилардан таълим олган битирувчиларга ўзлари эгаллаган билимдан юқори талаб қўйишни “гуммага пул бериб, шашлик олиб келишни буюриш”га ўхшатиш мумкин.

Бундан ташқари, масаланинг бошқа муҳим жиҳатлари бор.

Биринчидан, чет тили билимларини ДТМнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида фойдаланиладиган, асосан грамматик саволлардан иборат бўлган тестлар ёрдамида “аниқлаш”, афсуски, ҳали ҳам давом этмоқда. Бу кўпчилик мутахассисларнинг фикрига кўра ҳозирги замонга мутлақо мос келмайдиган усул. Чунки тил грамматикадангина иборат эмас ва тил билимини қоғозда акс этадиган тест саволлари билангина баҳолаб бўлмайди, у эшитилади, ёзилади ва гапирилади. Грамматикани яхши билиш тилни яхши билади, ундан фойдалана олади дегани эмас. Чет тилини билиш даражасини аниқлаш, баҳолаш ва сертификат бериш амалиётининг йўлга қўйилиши юқорида айтилган муаммони ҳал қилиш йўлидаги дадил қадамлардан биридир. Аммо абитуриент учун қарорда айтилган B2 даражадан кўра 30 талик “эскича” тестларга тайёрланиш осонроқ, шунинг учун ҳам замон талабига анчагина мос бўлган CEFR тестидан кўра ўша тестларга тайёрланишни истовчилар кўпаяди. Бу эса – орқага қадамдир.

Иккинчидан, дунёнинг кўпгина нуфузли университетлари ҳам чет тили талабини нари борса B2 қилиб қўяди, ваҳоланки, уларда таълим айнан шу тилда олиб борилади. Бизнинг университетларимиз бундай нуфузга эга бўлмасдан туриб уларга кириш учун талабнинг қийинлаштирилиши ёшларимизнинг каттагина қисмида ўзимизнинг университетлардан кўра талаби осонроқ, дипломи эса нуфузлироқ бўлган чет эл университетларини танлаш истагини рағбатлантиради. Улар четда таълим олиб, яхши мутахассис бўлиб қайтса нур устига нур, аммо биздаги меҳнат муҳити билан уларнинг дипломлари ўтадиган илғор мамлакатлардаги меҳнат муҳити ўртасида фарқ борлиги учун уларнинг қанча-қанчаси бошқа юртларда қолиб кетади.

Учинчидан, Ўзбекистонда чет тилини B2 даражада биладиган ва ўргата оладиган ўқитувчилар кам ва буни яширмаслик керак. Бу муаммо марказдан узоқ, чекка ҳудудлар учун айниқса долзарб. Кўп мактабларда чет тили ўқитувчиси етишмайди. Вазият яхшиланмай туриб B2 даража талаб қилиш ақлга тўғри келмайдиган бир иш.

Қарор лойиҳасининг миллий сертификатимизга оид бандлари бўйичаҳам муаммолар юзага келди. Масалан, шу пайтгача олинган B1 сертификатларининг тақдири нима бўлади? Уларнинг эгалари имтиёз берилгани учун ҳам пул тўлаб, ўқишини режалаштириб сертификатга эришган. Аммо янги бериладиган B1 сертификатларига имтиёз бермаслик ҳам адолатдан бўлмайди. Тасаввур қилинг, билими сизникидан пастроқ шеригингиз сертификат имтиёзи туфайли университетга киради, сиз эса йўқ. Чунки у B1 сертификатини олдинроқ олган, сиз эса кейинроқ. Бу сизга қандай таъсир қилган бўлар эди?

Юқоридаги муаммоларга ечим сифатида қуйидагиларни таклиф қиламан:
  • илғор хорижий сертификатларга қўйиладиган талабни пасайтириш;
  • B1 сертификати имтиёзини ўз кучида қолдириш. Турли блоклар учун B1 даража балларини табақалаштириш (масалан, 1-блок 100 балл, 2-блок 90 балл, 3-блок 80 балл);
  • аввал олинган B1 сертификатлари учун ҳам ушбу табақалаштиришни жорий қилиш;
  • университетлар рейтинги ва нуфузига кўра чет тили сертификати даражаси талабини мустақил белгилаш механизмини йўлга қўйиш;
  • миллий сертификат билан боғлиқ барча ўзгаришларни келгуси йилдан жори этиш;
  • ДТМ CEFR тестларининг мураккаблик даражаси ва сифатини халқаро CEFR нормаларидан ошириб юбормаслик.

Қолаверса, миллий сертификат тизимига чет тили билимларини баҳолашнинг келажаги сифатида қаралишини хоҳлайман, эскича, самараси паст усулларни босқичма-босқич замонавий усулларга алмаштириш, яқин келажакда анъанавий грамматика тестларини қўллашга чек қўйиш керак деб ҳисоблайман.

Чет тили фани асосий фан бўлган юз минглаб ёшлар, ўқитувчилар, ҳатто ота-оналар учун ҳам шу машмаша важидан бу йил жуда оғир бўлди. Умид қиламанки, масъуллар айтиб ўтилган муаммоларни ҳал қилиб, болаларимизнинг қалбидаги адолатга, келажакка бўлган ишончни тиклайдилар.
Алишер Сотиволдиев,
инглиз тили ўқитувчиси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абитуриентлар учун йилнинг энг оғриқли саволи: “B1ми, B2?”