
Андижон шаҳрида жуда ачинарли фожиа рўй берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, 36-умумтаълим мактабида бир гуруҳ ходимлар спиртли ичимлик истеъмол қилганидан сўнг оғир заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими расмий изоҳ берди.
Маълумотга кўра, ҳодиса жорий йилнинг 22 октябрь куни тахминан соат 17:00 атрофида юз берган. Дарслар тугагач, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича масъул ходими, чет тили фани раҳбари, қоровул ва бир нафар ўқитувчи биргаликда кечки овқатланиш жараёнида бўлган. Шу пайтда улар техник спирт истеъмол қилган ва оғир заҳарланиш ҳолатига дучор бўлган.
Бош прокуратура маълумотларига кўра, фожиа оқибатида икки киши — мактаб директори ўринбосари ва қоровул ҳаётдан кўз юмган. Қолган икки нафар фуқаро тиббий ёрдамга юборилган ва уларнинг ҳолати текширилмоқда.
Шаҳар таълим бўлими хабарида таъкидланишича, мактаб директори вазифасини бажарувчи Ф.Р. (аёл киши) ўша куни ишдан сўнг уйига қайтган ва ҳодиса пайтида мактабда бўлмаган. У фожиали воқеа содир бўлган пайтда мазкур жараёнларда иштирок этмагани маълум қилинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширув ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Эҳтимолий сабаблар, спиртнинг келиб чиқиши ва унинг мактаб ҳудудига қандай кириб келгани аниқланмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар таълим муассасаларида мутлақо йўл қўйиб бўлмас ҳолат ҳисобланади. Ҳозирда барча мактабларда меҳнат интизоми, хавфсизлик ва ички тартиб қоидаларига амал қилиш масаласи яна бир бор кўриб чиқилмоқда.
Бу воқеа жамоатчиликни жиддий ташвишга солди ва таълим муассасаларида масъулиятнинг қай даражада муҳим эканини ёдга солди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 