16:50 / 16.06.2019
3 803

Намунали уйлар нима учун қиммат? Сенат раиси қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида гапирди

Намунали уйлар нима учун қиммат? Сенат раиси қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида гапирди
Ўзбекистон капитал қурилиш соҳасидаги маъмурий-буйруқбозлик тизими, қурилиш материаллари етказиб беришда соғлом рақобат муҳити шаклланмагани, ер ажратиш бўйича ариза 12 та ташкилот томонидан 60 кун мобайнида кўриб чиқилиши каби қатор омиллар соҳада коррупцияга барҳам бериш имконини деярли йўққа чиқаради.

Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев 15 июнь куни коррупцияга қарши республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида шу ҳақда сўз юритди.

Йўлдошевнинг айтишича, бугунги мавжуд амалиётга кўра, қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун 4 турдаги лицензияга эга бўлиш талаб этилади. Ҳар бир лицензияни бериш алоҳида низомлар билан тартибга солинади, лицензияларни бериш муддатлари ва улар учун давлат божлари миқдори ҳам ҳар хил. «Умумий», яъни универсал лицензияни олиш имкони йўқ.

Қолаверса, лицензиялар фақат юридик шахсларга берилади. Қурилиш учун ер майдони ажратиш бўйича ҳам қатор масалалар долзарблигича қолмоқда. Хусусан, қурилиш ишлари учун ер ажратиш жараёнлари 60 кун давомида 12та ташкилот иштирокида кечади. Шу ҳолатнинг ўзиёқ соҳада коррупцияга барҳам бериш кафолатларини деярли йўққа чиқаради.

Бундан ташқари, Йўлдошевнинг таъкидлашича, қурилишни бошлаш учун бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни олиш ҳам талаб этилади. Жумладан, қурувчи архитектура-лойиҳалаш топшириқларини қўлга киритиш учун камида 30 кун вақт сарфлайди. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳам деярли шу тарзда кечади. Кейин лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш жараёни бошланади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш босқичи ҳам бор ва бунинг учун камида 2 ҳафта вақт зарур бўлади. Қурилиш билан боғлиқ ишларнинг иккинчи босқичи ҳам бор. У ҳам бўлса, қурилиш объектларида инспекциявий назорат жараёнлари билан боғлиқ. Бундай назорат қурилишда 7 босқичда амалга оширилади. Кейинги босқич эса, қурилиш объектини фойдаланишга қабул қилиш билан бевосита боғлиқ ва у коммуникация тизимларига уланишнинг ғоят мураккаб жараёнларини ҳам қамраб олади.

«Хўш, ана шундай тарзда баъзида асоссиз равишда чалкаштирилиб, мураккаблаштирилиб юборилган жараёнлар коррупция ҳолатлари билан бирга кечмаслигига ким кафолат беради?» дея савол билан мурожаат қилди Сенат раиси мажлис иштирокчиларига.

Йўлдошев, қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш билан боғлиқ ҳолатни ўрганилиб қатор камчиликлар аниқланганини эътироф этди.

«2016 йилдаги ўрганишларимиз асосида қурилиш материаллари ва жиҳозларни, жумладан дераза ромлари, эшиклар ва иситиш мосламалари каби қурилиш материаллари ва жиҳозларни ишлаб чиқариш учун республика бўйича бор-йўғи биттадан корхона танлаб олингани ва улар марказлашган ҳолда етказиб берилгани танқид қилинган, бу, ўз навбатида, рақобат муҳитини чеклашга олиб келгани мазкур қурилиш материаллари ва жиҳозларнинг сифатига салбий таъсир кўрсатиб, аҳоли ва пудрат ташкилотларининг норозилигини келтириб чиқаргани таъкидланган эди.

Қолаверса, катта ҳажмдаги қурилиш жиҳозларини қисқа муддатларда тайёрлаб бериш учун фақат бир корхонанинг имкониятлари етарли эмас. Аксарият ҳолларда ноқонуний равишда бошқа субъектларни буюртмани бажариш учун жалб этишга ва шу тариқа коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг давом этишига сабаб бўлади», - дея қайд этди Ниғматилла Йўлдошев.

Унинг айтишича, қурилиш материалларини фақат Тошкент шаҳри корхоналари ишлаб чиқариши, уларни жойларга етказиб беришда ортиқча йўл харажатларини келтириб чиқарган ва қишлоқ жойларда намунавий уйлар таннархининг ошиши ҳамда сифатининг йўқолишига олиб келган.

Сенат раисининг билдиришича, Олий Мажлис юқори палатаси 3 йил муқаддам, қурилиш соҳасидаги мавжуд камчиликлар юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиб, Вазирлар маҳкамаси ва бошқа идораларга киритган. Аммо, бу муаммолар барҳам топмаган, аксинча янада жиддийлашган.

«Бироқ, 3 йиллик таҳлилларга қараганда, бу муаммолар барҳам топиш ўрнига бугун яна ҳам жиддий тус олган. Яъни, ўша пайтда марказлашган тарзда жойларга етказиб бериладиган қурилиш маҳсулотлари ва жиҳозлари 7тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 20тадан ошган. Бундай марказлашган тизимда коррупция учун сабаб ва шароитларнинг йўқлигига ким кафолат беради?!», - деди Йўлдошев.

Бош прокуратурадан олинган маълумотларга кўра, 2017-2018 йиллар ва жорий йилнинг 4 ойи мобайнида қурилиш соҳасида қарийб 600 нафар шахсга нисбатан 359та жиноят иши қўзғатилган. Арзон уй-жойларнинг қурилиши юзасидан қарийб 60 шахсга нисбатан 30дан зиёд жиноят иши қўзғатилган.

Сенат раиси йиғилганлар эътиборини капитал қурилиш билан боғлиқ яна бир ҳолатга қаратди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги Фармони билан Давлат солиқ ва “Ергеодезкадастр” давлат қўмиталарига юклатилган бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни аниқлаш ва хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш вазифалари шу кунга қадар бажарилмаяпти.

Оқибатда мамлакат бўйича бўш турган, қурилиши тугалланмаган, самарасиз фойдаланилаётган жами 39 мингга яқин объектнинг ягона маълумотлар базаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ ва “Ергеодезкадастр” қўмиталарида шакллантирилмаган. Мазкур объектларнинг 11,6 мингтасининг мулкдорлари томонидан инвестиция лойиҳалари ўз вақтида тақдим этилмаган ва “Йўл хариталари” ишлаб чиқилмаган», - дея маълумотларни очиқлади Йўлдошев.

Биргина Андижон вилоятида қарийб 100та давлат объектида зарур инфратузилмага эга 90 гектар майдон ва 163 минг квадрат метр бинолар бўш тургани қайд этилди. Инвестор ва тадбиркорлардан эса, бўш турган бино, самарасиз фойдаланилаётган ерлардан фойдаланиш бўйича бюрократик тўсиқлар учраётганлиги тўғрисида кўплаб мурожаатлар мавжуд. Сенат раисига кўра, «бундай масъулиятсизлик ҳам коррупцияни юзага келтираётган омиллардан биридир».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Намунали уйлар нима учун қиммат? Сенат раиси қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида гапирди