18:21 / 24.06.2019
3 161

Болаликдан маҳрум болалар

Болаликдан маҳрум болалар
Физика ва олий математика беш ёшдан бошлаб. Бизнес асослари тўрт ёшдан бошлаб. Мусиқа мактаби уч ёшдан бошлаб. Фигурали учиш ва нафис гимнастика икки ёшдан бошлаб. Чет тили бир яшарлигидан. Туғилганидан бошлаб интеллектини ривожлантириш... Ҳозирги болаларда болалигидан бошқа ҳамма нарса бор...

Албатта, ҳеч ким улардан сўраб ҳам ўтирмайди. Қолаверса ким ҳам уч яшарлигида лангарчўп билан сакраш, скрипка чалиш ёки кичкинтойлар учун биржа курслари унга керак ё керак эмаслигини билади? Одатда болалар бу ёшда ўйнаш ва дунёни англашни хоҳлайди. Лекин уларнинг вақти йўқ – эрталабдан кечгача секцияларга, тўгаракларга, курсларга, репетиторларга қатнаб, муваффақиятга эришиш ва етакчилик хусусиятларини ривожлантиришлари шарт (бу айниқса боғча болалари ва эмизикли болаларга «жуда керак»).

Уларнинг ота-оналари нима билан шуғулланишади? Ҳаётдаги ўрнини бой бермаслик учун кичик бизнеснинг оғир юкини тортиб юришибди. Банк ва офисларда ишлашмоқда. Беш тийинга олинган нарсани бир сўмга сотиш бўйича менежер бўлиб ишлашади ёки нима мумкин бўлса шуни пиар қилиш билан шуғулланишади. Майда амалдор курсисини эгаллаб, пашша қўриб вақт ўтказишади. Умуман олганда, ўзларининг кераклигини ҳис қилмайдиган ва заррача қониқтирмайдиган бемаъни иш билан умр ўтказишади. Улар учун иш – профессионал муваффақиятга эришув ёки жамиятга хизмат қилиш эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам тирикчилик учун пул топиш воситасидир.

Бироқ рўёбга чиқмаган амбицияни қаёққадир йўналтириш керак, йўқса ақлдан озиш мумкин. Ахир ҳаёт оғир ва зерикарли, ишда маъно йўқ, йиллар елдек ўтиб кетаяпти, ипотека ва кредитлар сиртмоғи бўйинда, олдинда эса – мавҳумлик.

Шунга қарамай яхшиям бола бор – буларнинг ҳаммаси унинг учун, унинг таълим олиши, карьераси, муваффақияти учун. Ўзингнинг тақдиринг бурун қоқиб ташлаб юбориладиган қўлрўмолчага ўхшайди.

Дилбандинг келажакда сендай қийналмайди.

Мен сузишни, шу жумладан синхрон сузишни ўргатадиган муниципал бассейнга қатнайман: унинг секцияларида уч-беш яшар болалар ҳафтасига бир неча марта икки соатдан шуғулланишади. Улар нимадан қалтираётганини билиб бўлмайди: сувнинг совуқлигиданми ё мураббийларнинг бақириқ-чақириқлариданми? Бир куни бир болакай ўриндиқ остига яшириниб, машғулот тугагунча – мураббийи уни топиб олгунча шундай ўтирди, бу болаларча шўхлик эмас, қўрқув ва ёқмаган машғулот билан шуғулланишни хоҳламаслик ифодаси эди.

Мен устибошхонада, машғулотлар тугаб уларда яна озгина вақт бола бўлиш имкони пайдо бўлганда бу болаларнинг чеҳрасида қувонч кўраман. Уларни навбатдаги спорт машғулотига, маърифий жазоланишга олиб кетишларидан олдин ҳам юзларидан ҳали қувонч кетмаган бўлади. Бассейннинг кутиш хонасида эса оналари – ёш, аммо озиб-тўзиб кетган, ҳолдан тойган аёллар кутиб туришади. Баъзиларининг қулоғига телефон ёпишиб қолган, айримлари ухламоқда ёки интернетда изғимоқда. Бекор кутиб ўтиришдан кўра бассейнда вақт ўтказишга уларда иштиёқ ҳам, куч ҳам йўқ. Улар учун болалари сузишади.

Уйимнинг ёнида 0+ ёшли болалар учун «интеллектни ривожлантириш маркази» бор. У ерда шахсни Уйғониш даврига хос уйғун ривожлантиришни таклиф этишмайди, лекин тез ўқишни ўргатишни ваъда қилишади. Ўқишда энг асосийси тезлик гўё. Тўрт яшар болага беш хонали сонларни ёддан кўпайтиришни, солфежжио ва партитурани ўқиш ва ҳоказоларни ўргатишади. Марказга болаларни машинада сийқа рэпни бор овозида эшитиб келаётиб ишга шошаётган оталар ёки иш ва рўзғор ташвишларидан эзилган, йўл-йўлакай ижтимоий тармоқларни варақлаб, ўпаётгандай лабини чўччайтириб селфига тушиб, расмини шу заҳоти «Instafram»га жойлайдиган оналар олиб келишади.

Боласининг ақлли, бахтли ва бой бўлишини хоҳловчи ота-оналар ўзлари ҳам ривожланишлари кераклигини аллақачон унутиб қўйишган.

Ҳа, менинг болалигимда ҳам болалар тўгарак, секция, қўшимча машғулотларга қатнар эди. Ижод уйларида йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди: юмшоқ ўйинчоқлар, тўқиш, фотография, радио тўгараклари, флорашунослик, шахмат, авиамодел, китобларни муқовалаш, ориентир олиш спорти ва ҳ. Мен кўплаб ажиб, аммо кераксиз кўникмаларни ўша пайтлари ўрганганман: Морзе алифбосини, плёнка чиқаришни, синтепондан мушук ясашни ва скрипкада «Неаполитан қўшиғи»ни айтишни (эшитмаганингиз маъқул) биламан.

Бироқ бу биз учун мактабдан кейин кўнгил ёзиш, вақтни мазмунли ўтказиш воситаси бўлган. Бунинг ота-оналар учун энг катта фойдаси болалар кўчада санғимай нимадир билан бандлигидан кўнгилни хотиржам қилиш, ўрни келиб қолганда эса, масалан, боласига пианино чалдириб меҳмонлар олдида озгина мақтаниш эди.

Энди эса ушбу тўгарак ва секцияларнинг ҳаммаси қийноқ воситасига айланаяпти. Боладан гоҳ-гоҳида ёлғиз қолиш ҳуқуқи, ўйинқароқлик ҳуқуқи, болалиги тортиб олинмоқда.

Бизнинг давримизда ҳаммаси оддий ва қувончли эди – ҳовли, қароқчилар ўйини, сақич ё пластилин пуфлаб отиладиган найчалар, рогаткалар, пичоқчалар... Совет болаларининг энг асосий эрмаги – карбид, уйда эса китоб эди. Ҳозирги болалар эса интеллектни ривожлантириш бўйича сон-саноқсиз курсларга қатнашади, зуғум билан китоб ўқишади, бутун ҳафта мобайнида қачон қаерга бориши соатигача ёзиб қўйилган. Гўё у бола эмас, вақти ўта тиғиз сиёсатчи ёки бизнес-корпорация бошлиғи.

Мен тожикистонлик мигрантларнинг фарзанди бўлмиш икки яшар қизчани кўрганман, улар Россияда боласининг келажаги порлоқ бўлиши учун унга кучукчани ўйин кўрсатишга ўргатгандай дунёдаги ҳамма давлатларнинг пойтахтларини ёдлатишибди. Жуда ажойиб, лекин томошадан бошқа нарса эмас. Гўдаклар учун мўлжалланган ушбу курсларнинг бари шундай шундай дрессировкадир, чунки тили чиққанидан бошлаб саволларга тўғри жавоб беришга ўргатиладиган бундай болалар мустақил фикрлашни ўрганиши амримаҳол.

Ким кўпроқ тўгарак ва секцияларга қатнаган, ким нечта синфни экстерн битирган, ким ривожланишда тенгқурларидан неча йил ўзиб кетган, ким мактабга олти, беш, тўрт ёшида борган – ушбу «кўпроқ, баландроқ, кучлироқ»лар кимга кераклигини тушунмайман. Ота-оналарнинг димоғини чоғ қиладиган бу пойганинг охири ҳам, фойдаси ҳам йўқ. Бунинг устига уларнинг кўпчилиги ҳатто «самарали методика бўйича ривожлантирувчи курслар», «мантиқий ва ижодий фикрлашни ривожлантириш», «кичкинтойлар учун молиявий саводхонлик», «ментал арифметика» ва шунга ўхшаш қулоққа ёқадиган сафсаталарнинг қанчалик ёмон ва бемаънилигини билмайди ҳам.

Лекин ота-оналар буни болам мендан яхши яшасин деб яхши ниятда қилади. Афсусланарли жойи ҳам шунда. Чунки тушкунликка тушган, ҳафсаласи пир бўлган ота-оналарнинг бошқа илинжи йўқ.

«Голос. Дети»даги ғирромлик одамларнинг қаҳрини келтиргани бежиз эмас. Нега ўтакетган тенгсизлик ва коррупцияга, ҳамма яхши жойларни сиёсатчилар ва артистларнинг болалари эгаллашига чидаб келган одамлар қандайдир бир қўшиқлар танловида бой ва қўли узун оиланинг истеъдодсиз қизчаси ғолиб чиққанига чидай олишмади? Чунки уларнинг ўзига нима қилинса ҳам фарқи йўқ ҳолатга тушиб қолишган, масала фарзандларига тааллуқли бўлса – фарқи бор.

Россиядаги ижтимоий лифтнинг симлари узилиб кетган, бу ҳаммага беш қўлдай аён. Аммо болалар дунёсида ҳали мўъжизалар содир бўлиши мумкин.

Шунга, болаларни охирги умидидан ҳам маҳрум қилишганига ота-оналар чидай олишмади.

Мен анчадан бери Россия нафис гимнастикада, фигурали учишда, балетда биринчи ўринда эканидан ғурурланмай қўйганман. Болаларига икки яшарлигидан конки кийдирадиган, уч яшарлигидан эса ўрта асрлардаги инквизиторларнинг тушига ҳам кирмаган тарзда мажбурлайдиган мамлакатни қувиб ўтиш мушкул. Биз паралимпиадаларда бўлгани каби спорт ва санъатнинг мазкур турларида ҳам биргина сабабга кўра биринчимиз – ногиронлар жамиятда ўз ўрнини топиши, баъзан эса уйга кириладиган йўлакда пандусга эга бўлиш учун спорт ягона имкониятдир.

Ота-оналар боласининг қичқириқ ва ўкиришларини эшитмаслик учун қулоқларини беркитиб олганини уларнинг ўта шафқатсизлигига йўймаслик керак. Улар мўъжиза юз беришига, боласининг келажаги порлоқ бўлишига ишонгани учун шундай қилишади. Дарвоқе, кимнингдир ростан ҳам келажаги порлоқ бўлиши мумкин: фигурали учиш ва балетда кимнингдир қизи ёки ўйнашини чемпион ё етакчи балерина қилишнинг деярли иложи йўқ (ҳаммага маълум истисно буни тасдиқлайди).

Бироқ балетнинг ҳақиқий тарихи "Болшой театр" саҳнасида эмас, фигурали учиш ва гимнастиканики чемпионлик шоҳсупасида эмас. Ҳатто ниҳоят фигурачи болаларга қанчалик қийинлиги ҳақида гапирган Юлия Липницкая ҳам яққол намуна эмас – нима бўлганда ҳам у муваффақиятга эришган, олимпиада чемпиони бўлган, ҳаётда ўз ўрнини топган. Ҳақиқий кўнгилсизлик ҳеч нимага эришолмаган минглаб болаларнинг тақдирида кўринади. Уларнинг нега муваффақиятга эришолмагани – бошқа масала.

Уларнинг барчаси болалигини тренировкаларда ўтказишади, вояга етиб ўхшамаган, ҳатто ўзлари танламаган карьерасини тугатгач эса ҳаммасини бошидан бошлашга мажбур бўлишади. Уларнинг аксариятини маълум вақт шаҳар байрамлари ва базмларида кўриш мумкин – Москвада фигурачиларнинг чиқишлари 2000 рубл туради, баъзан бундан ҳам кўп тўлашади. Ҳа кўпчилигимизнинг ҳаётимиз ўзимиз ё ота-оналаримиз хоҳлагандай бўлмайди. Лекин болалигим – пошшолигим деб ўзимизни овутамиз, чунки кўпчилик болалигини боладай ўтказмаган бўлади.

Россияда ҳамманинг вақти оз. Ёшинг улғайгани сайин муваффақиятга эришиш учун имкониятинг камайиб бораверади – агар ёшинг ўттизда бўлса Ғарбда сен келажаги порлоқ ёш инсонсан, Россияда эса пенсия ёшига яқинлашиб қолган, ишлатиб бўлинган материалсан.

Кўп мамлакатларда асабийлашмасдан ўзингни бирон нимада синаб кўришинг, танлашинг, ўйлашинг, саёҳатга чиқишинг ёки шунчаки вақтичоғлик қилишинг мумкин. Шундан кейингина бутун умрингга татигулик бирон ишнинг бошини тутасан. Россияда эса ёшинг ўн саккизга қанча яқинлашса омадинг келишига ишончинг шунча камаяди.

Омад эса ҳамиша келавермайди. Россиядаги меҳнат бозори ҳам тахминан бундай: «Йирик компанияда карьера қилишни истайсизми? Бизнинг савдо марказимизга кассир, новвой, қассобликка келинг. Инглиз тилини биласизми, дунёдаги воқеалар марказида бўлишни хоҳлайсизми? Метрополитендаги кассир лавозими сизга мунтазир. Ўзгача фикрлайдиган ижодкор инсонмисиз? Бизда шиша идишлар ёрлиғи дизайнери ўрни бўш...».

Учта тилни билувчи чайқовчилар, беш дипломли офис-менежерлар талаш. Шундай экан, бугун ҳар хил курс ва секцияларга қатнаб эзилиб кетган болалар эртага нари борса менежерлар, идора муншийлари, ҳисобчилар, пиарчилар, майда амалдорлар армиясини тўлдириши аниқ. Француз тилини, скрипка чалишни, «икки аксел – уч тулуп» усулида сакрашни билиш, эҳтимол, ишга киришда устунлик берар.

Елизавета Александрова-Зорина
журналист (Россия)

Таҳририятдан: Мақолани россиялик журналист ёзган ва унда Россиядаги муаммо қаламга олинган эса-да, Россия ўрнига Ўзбекистон деб ўқилса ҳам кўп нарса ўзгармайди. Аксинча, айрим спорт турлари ва болалар машғулотларини ўзбекча муқобилига алмаштириб ўқилса (масалан, "лангарчўп билан сакраш"ни футбол, "скрипка чалиш"ни "мол боқиш"), мақола худди биз ҳақимизда ёзилгандек. Демак, мақоладан чиқарадиган хулосаларимиз талайгина.

Манба: Minbar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Болаликдан маҳрум болалар