
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида давлат рақами 40 081 SBA бўлган «Malibu-2» автомашинаси билан боғлиқ юз берган воқеа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хабарларга кўра, мазкур транспорт воситаси ҳайдовчиси 100 тадан ортиқ қоидабузарлик содир этгани ва уларнинг 106 таси “охирги зарурат ҳолатида қоида бузган” деб топилиб, тегишли жарималар бекор қилингани маълум қилинган.

Яна бир қизиқ жиҳат – бу автомашина вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) бошлиғининг рафиқаси номидаги корхонага тегишли эканлиги тўғрисидаги хабарлар ҳам кенг тарқалди. Бу эса жамоатчилик орасида ҳуқуқий тенглик ва давлат органларининг холислигига нисбатан жиддий саволлар туғдирди.
Вилоят Ички ишлар бўлими ЙҲХБ матбуот хизмати расмий баёнот билан чиқиб, “фуқаро Ў.А. аризасига асосан Фарғона вилояти Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, ЙҲХБ бошқармасининг беш нафар ходими интизомий жазога тортилганини” маълум қилди. Шунингдек, “Malibu-2” автомобили билан содир этилган барча қоидабузарликлар учун жарималар белгиланган тартибда ундирилгани қайд этилди.

Бироқ расмий муносабатда кўплаб муҳим саволларга аниқ жавоб берилмаган. Жумладан, жарималарни қандай асосда ва қайси орган томонидан бекор қилишга рухсат берилгани, автотранспортни аслида ким бошқаргани, у кимнинг номида рўйхатда тургани ва энг муҳими – маъмурий амалиёт бўлими ходимларининг суд қарори бўлмасдан “охирги зарурат” ҳолатини белгилаш ваколати бор ёки йўқлиги ҳамон очиқлигича қолмоқда.
Мазкур ҳолат жамоатчиликда давлат органларига ишонч, қонун устуворлиги ва ҳуқуқий адолат масалалари борасида янада кўпроқ саволлар уйғотмоқда. Бу воқеа жамиятда шаффофлик ва холислик тамойилларини таъминлаш зарурлигини яна бир бор намоён этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар