
Тошкент шаҳрида юз берган йирик молиявий жиноят – 90 минг АҚШ долларини ноқонуний равишда ечиб олиш билан боғлиқ ҳолат бутун мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган расмий маълумотларга кўра, мазкур жиноий гуруҳ аъзолари махсус техник ва дастурий воситалардан фойдаланиб, банк ходими билан келишган ҳолда йирик суммадаги маблағни ноқонуний тарзда нақдлаштиришган.
Маълумотларга кўра, воқеа 18 июнь куни Яшнобод туманида содир бўлган. Тenge Bank чакана хизматлар бўлими бошлиғи ИИБга мурожаат қилиб, номаълум шахслар томонидан банк кассасидан 90 000 АҚШ доллари талон-торож қилингани ҳақида хабар берган. Қўлга олинган шахслар тезкор суриштирув давомида банкка мижоз сифатида кириб, карталар орқали посттерминалга ёлғон маълумот киритиш йўли билан пулларни нақдлаштиришгани аниқланган.
Жиноий гуруҳ аъзолари интернет орқали танишиб, ўзаро махфий келишув асосида банк ходимини ҳам жалб этишган. Улар махсус дастурлар ёрдамида махинацияларни амалга ошириб, пулни қонунга зид равишда ечиб олишган. Тезкор чоралар натижасида гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинди.
Қўлга олинганларнинг бири ўз иқрор баёнотида шундай дейди: “Мен бир йил олдин Telegram’да турли гуруҳларга кириб, хитойликлар билан гаплашганман. Улар ҳар хил махинация ва мошенниклик дастурларини ўргатишган, банк ходимини топиб, шундан кейин ноқонуний йўлга қадам қўйдим. Энди қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман. Енгил пул ҳеч қачон ҳеч қаерда топилмайди”.
Тезкор тадбирлар давомида 12 дона телефон, посттерминал, 9 дона банк картаси, 1 670 000 сўм ва 36 495 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган. Ҳозирда жами 9 нафар шахс Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси асосида ушланган.
Тошкентдаги бу воқеа замонавий жиноятчиликнинг янги усулларидан огоҳ бўлиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Мутахассислар, айниқса, банк ва молия ташкилотларига хавфсизлик чораларини янада кучайтириш лозимлигини таъкидламоқда. Мухлислар эса бу ишнинг судда қандай якун топишини қизиқиш билан кузатмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар