12:22 / 27.06.2019
2 985

“Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан ёхуд сенатор Тошқуловга билдирилган эътирозга эътироз” мақоласига муносабат

“Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан ёхуд сенатор Тошқуловга билдирилган эътирозга эътироз” мақоласига муносабат
Бугунги ўзбек жамиятида соғлом мунозарага киришмоқчи бўлган киши ўзи хомтама, шаъни ва қадри “хомталаш” бўлади. Лекин начора? Сиз гапирмасангиз, оламни ўйламай сўйлайдиганларнинг овози тутиб кетади. Бу узоқ сукунатдан кейин табиий юзага келган бир вазият. Шундай экан, тушунилмасангиз-да гапирмоқ ҳаққингиз, ҳам инсоний бурчингиздир. Йўқса, келгуси авлод ўшаларнинг бақириқлари остида улғаяди.

Сенатор, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқуловнинг “Халқаро пресс клуб”даги фикрлари “фаол фуқаролик позициясини ифода этган” номи номаълум 58 кишининг советча сиёсий айбловига нишон бўлди. Гўёки сенатор конституцион тузумни бекор қилиб, ўрнига шаърий аҳкомлар ҳукмрон давлат қуришни таклиф этаётган эмиш. Беихтиёр мийиқларингда заҳархандалик пайдо бўлади. Бундай дейиш учун кимса ҳақиқат қонини симириб, туҳмат қучоғида тонг оттирган бўлиши керак!

Муносабат ёзмоққа чоғландим-у, яна ҳафсаласизлик билан қўл силтаб қўйдим. Садқаи сухан кетгурларга сарфлаган вақтинг ҳайф! Кўп ўтмай “Azon.uz” сайтида Убайдуллоҳ Адҳамовнинг айни мавзуга бағишланган “Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан ёхуд сенатор Тошқуловга билдирилган эътирозга эътироз” мақоласини ўқиб қолдим. Кўнглимдагини ёзибди. Шундан сўнг энг юқорида баён этган ўйларим ва Убайдуллоҳ Адҳамовнинг мақоласига айрим қўшимчаларим борлиги мени яна қоғоз қоралашга ундади.

“Фаол фуқаролар” мурожаатида аввал-адоқ сенаторнинг фикрини нотўғри талқин қилиш йўлидан борган. Шунча гапнинг эга-кесимини ўрнига қўйиб ёзишга ақли етганлар Абдуқодир Тошқуловнинг аслида нима деганини тушунмасликларига, рости, мен ишонмайман. Унда бундай йўл тутишларининг сабаби нимада? Бу “фаол фуқаролар” кимлар бўлиши мумкин?

Биринчи – сенаторнинг душманлари (бу ҳақиқатдан йироқроқ).

Иккинчи – Ўзбекистонда рус тили расмий тил бўлсин деган ташаббускорларнинг тоифасидагилар – миллий туйғу-ю қадриятлардан, аждодлар маърифатидан бебаҳралиги ва яна қаерлардандир манфаатдорлиги туфайли маънавий меросимизга қарши курашади улар.

Учинчи – ислом динининг оддийгина, аммо ғаддоргина душманлари. Бундай қарасангиз, улардан бағрикенг одам йўқ. Аслида эса дин ва диндорларга ўлгудек тоқатсиз. Мақсади йўлида ҳар кўйга тушишга рози. Парламентда диндор кишининг борлигидан ва у ислом маърифатидан баҳрамандлик халқимиз, ёш авлод учун фойдалилигини очиқ айтганидан жунбушга келишди. Қачондир мартаба пиллапояларидан янада юксалмаслиги учун ҳозироқ обрўсизлантириш, яксон қилишга уринмоқда. Чунки давлат миқёсидаги бошқарувда ислом дини моҳиятини яхши англаган, унга муҳаббатли кишининг иштирок этишини асло исташмайди.

“Халқаро прес клуб”даги нутқни сўзма-сўз тушунтириб беришга ҳожат йўқ, озгина эси бор одам яхши билади, чунки ҳаммаси аниқ айтилган. Энг моҳир сўз санъаткори ҳам минг уриниб ўша гапларни конституциявий тузумга қаршиликка олиб бориб тақамоқчи бўлса-да, иддаоларининг ортида мантиқсизлик сўлжайиб тургани аён кўринади. Қолаверса, Убайдуллоҳ Адҳамов мақоласида нутқдаги кўпгина фикрларга жўяли изоҳлар бериб ўтибди.

Абдуқодир Тошқуловга келсак, унинг сенатор ва ректор сифатидаги фаолиятини анчадан буён кузатиб келяпман. Термиз давлат университетини қандай ботқоқдан чиқариб олганини ҳам биламан. Ҳали ҳамон ўша ботқоқнинг нуқсини буткул тозалаш илинжида овора.

Демократик мулоқотга киришадиган кам сонли сиёсатчилардан бўлган, ўқитувчининг баҳосини талаба берсин, ривожланган давлатлар таълим тизимидан улги олайлик, деб турган кишидан радикал динчи ясаш учун нақадар инсофсиз бўлиш керак?! Ўқибди, ўрганибди – порахўрлик, ўғрилик, масъулиятсизлик, жамият тараққиётига кушандалик каби иллатларнинг давосини ислом маърифатидан баҳрамандликда кўрибди. Шу маънавий хасталикларни тузатиб олсак, ривожланамиз, ҳаммаси яхши бўлади, деяпти-ку. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Шу ният ортида конституцион тузумни истамаслик борми? Бунга “йўқ” деб мардона жавоб бериш учун инсон фақат холис бўлиши керак.

Нима бўлганда ҳам сенатор қувонаверсин, агар 37-йиллардаги сиёсат ҳозир ҳукм сурганда “фаол фуқаролар”нинг мурожаатидан сўнг ҳеч шубҳасиз қатоғон бўлиб кетарди. Мени эса бошқа ўй қийнайди, ниқоб кийиб халқ манфаатига зид иш қилувчилар биздан кейин ҳам бўладими? Энг даҳшатлиси, аввал кузатилганидек қулай пайт топиб, мақсадларига эришадими улар? Халқнинг ўзи бир вужуд эканлигини қачон англайди?!

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан ёхуд сенатор Тошқуловга билдирилган эътирозга эътироз” мақоласига муносабат