12:33 / 30.06.2019
4 712

«Потемкин қишлоқлари»​: Намунали уйлар масаласи нега муаммо бўлиб қолмоқда?

«Потемкин қишлоқлари»​: Намунали уйлар масаласи нега муаммо бўлиб қолмоқда?
Намунали уйларнинг талабга жавоб бермаслиги ҳақидаги танқидий мақолалар кунда-кун ора матбуот юзини кўряпти. «Жамият»​ газетасида Карим Баҳриевнинг намунали уйлар ислоҳотининг ўзини оқламаётганига қандай омиллар сабаб бўлаётгани ёритилган мақоласи эълон қилинди. Қуйида мақола ҳавола этилади.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари кам таъминланган аҳоли учун, ёшлар учун намунали уйлар қурамиз, деганда кўплар хурсанд бўлди, умидланди, ичда хурсанд бўлиб юришди. Лекин бу соҳада қатор камчиликлар бўлди ва бўляпти. Бу ҳақда матбуот деярли ҳар куни бонг урмоқда. Уларнинг сарлавҳаларига қаранг: «Намунали уйларнинг «намунали»​ муаммолари»​, «Навоийда намунавий уйларнинг нақ элликтаси яроқсиз экани кундай равшан бўлиб қолди...»​, «Тошкентдаги янги уйнинг муаммолари қачон ҳал этилади?»​, «Самарқанд аҳолиси намунали уйлар сифатидан шикоят қилмоқда», «Намунали уйларнинг аянчли аҳволи»​ ва ҳоказо.

Бу сарлавҳаларни тўқимадик, мазкур мақола ва фельетонларни бемалол ўқишингиз мумкин: сарлавҳани изловчи сайтларга қўйиб, топишни буюрсангиз Интернет топиб беради. Уларни такрорламоқчи эмасмиз.

Нега бундай бўлаётгани ҳақида мулоҳаза юритамиз. Нима қилиш кераклиги ҳақида фикр юритамиз. Олдиндан айтаман – бугунги ҳар қандай муаммонинг илдизи мамлакатда тизимий ислоҳотларни талаб қилади.

Сув сойга оқар
Халқимизда: «Бой – бойга боқар, сув – сойда оқар»​, деган ҳикмат бор. Тасаввур қилинг, сиз район (туман - таҳр.) ҳокимисиз. Ҳукумат ҳар туманда намунали уйлар қурилсин, деб қарор чиқаради ва ижрочи масъулияти ҳудудингизда сизга юкланган.

Яшириб нима қилдик: бу дунёда ҳар бир ишнинг таги сармояга, пулга бориб қадалади. Давлат банкка уларни қисман кредитлашни, молиялаштиришни топширган, лекин банкнинг пули ҳам чексиз эмас, ҳар куни бир қарор чиқарилади – ёш оилаларга кредит, кичик тадбиркорларга кредит, товуқ боқишга кредит, оилавий пудратга кредит, ижодкорларга уй ажратишга кредит, кам процентга кредит, фоизсиз кредит... Қолаверса, кредит бу – қарз ва у ўз муддатида қайтарилиши керак. Банкларга берилган кредитларни қайтармагани учун ҳам жазо бор.

Ҳоким қараса, бойларнинг пули бор, лекин уйи етарли, камбағалнинг уй орзуси бор, лекин пули йўқ. Туманда у ҳатто бошланғич пулини ҳам қариндошидан қарз олмай ё рўзғорни боқиб турган мол-ҳолини сотмай, тўлолмайди.

Ҳоким тумандаги бадавлатларнинг рўйхатини олади ва ҳар биринг биттадан намунали уй оласан, дейди. (Бу ҳам бизнинг «ўзига хослигимиз»​ – бизнесни ҳомийликка зўрлаш. Наврўзга пул ўтказ, кўчани асфальт қилиб бер, мактабни таъмирлаб бер ва ҳоказо).

Ўзим шахсан биламан, бир синфдошимнинг укаси, одамлардаги пландан ошган тамакини, майизни сотиб бой бўлган йигит, Шерали Жўраевни олиб келиб тўйлар қилган, ҳатто набирасига ҳам олдиндан икки қаватли уй солиб қўйган бизнесменни иккита намунали уй олишга мажбурлашган ва у олган. Бир куни қарасам, шошилиб кетяпти: «Комиссия келаётган экан, намунали уйларнинг олдига гул ва кўчат экиш керак экан, яна бир-икки миллион харажат, комиссия кетса, сув йўқ, гул ҳам қурийди... Шу уй ҳам бошга бало бўлди»​, - деди.

Қарорда ёш оилаларга деган-ку?! Бошқа бир бизнесменга камбағалроқ, ёшроқ жиянингнинг ҳужжатларини олиб кел, унга расмийлаштириб қўямиз, уй барибир сеники-ку, дейишибди. Ҳеч ерда ишлашни истамайдиган, пиёниста бир узоқ қариндошига расмийлаштирган экан. Комиссия келганда кийинтириб, ўша жиянни ёш хотини ва битта боласи билан киргизиб кўрсатишган экан.

Бир куни жиян: «Уй менинг номимда, чиқмайман»​, - деб туриб олибди. «Тоға»​ охири маст жияни билан муштлашган, кредитни тўлаш ҳам тўхтаган, чунки жиян пул топмайди. Банк уйни қайтариб олиш учун судга берган. Ёдингиздадир, жаҳон иқтисодиётининг охирги инқирози айнан Америкадаги ипотека кредитлари туфайли юзага келганди.

Шундай қилиб, бу уйларнинг илк муаммоси эгалик масаласидир. Уйлар эгасини топиши гумон эди. Ҳақиқий уйга муҳтожларда сармоя йўқ ва бўлиши даргумондир.

Қўйнидан тўкилса, қўнжига...
Иккинчи жиҳат – непотизм ва коррупция, яъни таниш-билишчилик ва тамагирлик. Яхши ҳокимларимиз ҳам, ҳалол амалдорларимиз ҳам бор. Айримларини узоқдан бир-икки кўрганман. Лекин типик мансабдоримиз ўз қариндошлари ва ҳомийлари, яъни «чўнтаклари» манфаатини дейди ва ҳукуматнинг ҳар қандай эзгу қароридан ўзиникиларга бирор манфаат чиқара олади.

Дейлик, ҳукумат «фермерлар ерларини оптималлаштириш»​ деса, у қайсар, тўғрисўз, ҳалол фермернинг ерларини тортиб олиб, қариндошиникига қўшиб беради. Ҳукумат «кредит ажратилсин, ҳар оила 100 донадан товуқ боқсин»​ деса, дарҳол тепага: «кредитни унинг ўзига берсак, бошқа нарсага ишлатиб юборади, катакни ҳам ўзимиз қуриб берамиз, товуқни ҳам натурада берамиз», - деб кўндиради.

Кейин қариндошига ўтказдиради банкдан миллионларни ва бу «фирма»​ катакларни сифатсиз материалдан қуради ва товуқларнинг озғин ва қариларини арзонга олиб, тарқатади, лекин товуқ катакни «сарой»​ деб, товуқларни «голланд товуқлари»​ деб расмийлаштиради ҳамда отни калласидек пулни «списать»​ қилади.

Кредитни эса товуқбоқарликни орзу қилган халқ шахсан тўлаши керак. Унинг ўзи товуқ олса, яхшисини оларди, катак қурса, сифатли қурарди. Бу соҳадан озгина хабари бор одам билади: товуқ тухумга киргач, болиғлик даврида бир-икки йил тухум қилади, кейин қилмайди. Товуқнинг оёғи таги қуруқ бўлмаса, тухум қилмайди.

У турли касалликлардан вақтида эмланиши керак. Унга муайян озуқа берилиши керак. Ишлаб чиқариш масштабида бу ҳамма қиладиган иш эмас. Ўзи «натура»​да берилган, пушти адо бўлган товуқлар тезда ўлди. Кредит элнинг бўйнида қолди. Шу тариқа ҳар бир юқоридан келган эзгу ташаббус непотизм «элаги»​га тушади.

Мавзумизга дахлдор ери шундаки, намунали уйларни қурадиган фирмалар, ташкилотлар бу «ёғли буюртма»​ учун сарф-харажат қиладилар, банкдан олинган пуллардан «откат»​ чиқаришлари керак, «тепа»​га узата туриб, «ўзим нега қараб туришим керак»​ деган қароқчилик мантиғидан тўғри кўринадиган йўлга ўтадилар, яъни ўзларини ҳам унутмайдилар.

Натижада икки ғишт деворнинг ўрнига ─ бир ғишт юпқа девор қўйилади, лекин уч ғишт деб ҳужжатлаштирилади, икки қатлам бўёқ сурилмай, бир қатлам сурилади ва тўрт қатлам сурилди, деб расмийлаштирилади, тунукасининг миллиметридан уриб қолинади ва ҳоказо. Малакали қурувчиларни эмас, бозордаги ҳар хил ишни қилиб юрган малакасиз ишчиларни олиб келиб, ишлатади, лекин қоғозда ҳақни «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи»​ ё меъморнинг ставкасида ёзиб қўяди.

Қиммат беҳикмат бўлмас, арзон беиллат бўлмас...
Натижада биз сўз юритган коррупция учинчи муаммони – уйларнинг сифатсизлигини келтириб чиқаради. Бугунги ҳаммамиз уй олганлардан эшитаётган, матбуотда ёзилаётган муаммоларнинг илдизлари шу ердадир. Мана, мўътабар ахборот агентлиги хабарининг сарлавҳаси: «Мирзиёев уйлар қурилишида камчиликларга йўл қўйган раҳбарларга ҳайфсан эълон қилди»​.

ОАВдан иқтибос: «Ҳали ҳам одамларимизнинг бошидан сув ўгириб ичса арзийди. Нўноқ, ўз ишининг устаси бўлмаган қурувчи барпо этган уйни кўриб, дили оғриса-да, кўпчилик ғинг дегани йўқ. Аслида «Қишлоқ қурилиш банк»​ молиялаштириб беради. «Қишлоқ қурилиш инвест» ​инжиниринг компанияси эса пудратчи қурилиш ташкилотларини ёллаб, уй-жой қурилишига жалб этади. Уй битганидан кейин тезда эгасига топширилиши лозим.

Машмашанинг каттаси ана шундан кейин бошланади. Аниқроқ айтсак, қурувчилар уй-жой соҳибиникига қўлини оёғига олиб, бўзчининг мокисидек югуриб қолади. Уларнинг мақсади — қандай бўлмасин, уй эгасига «Ҳаммаси жойида, уй-жойни қабул қилиб олдик» ​, дея имзо чектириб олиш. Бу ишга уста бўлиб кетишган. Қолгани ҳеч кимни умуман қизиқтирмайди»​.

Ҳукумат қарорлар қабул қилади. 2018 йил 1 июлидан 31 декабрига қадар имтиёзли ипотека кредити уч йилдан иборат имтиёзли давр билан ажратилиши белгиланган бўлса, 2019 йил 1 январдан бошлаб ушбу имтиёзли ипотека кредитининг (имтиёзли) даври икки йилдан иборат бўлиши белгиланди. Кредитни қайтариш муддати ўн беш йилдан йигирма йилгача чўзилди. 2019 йилда мамлакатимиз қишлоқ ҳудудларида яна 15 мингдан ортиқ уй-жой қурилади. Унинг 10 мингдан зиёди уй-жойга муҳтожларга, 600таси ёшларга, 1050таси ҳарбийларга ажратилади. Лекин буларнинг бари янги ислоҳотларнинг тақдири, изчиллиги билан боғлиқдир.

Маълумотларга кўра, қишлоқ ҳудудларида уй-жой барпо этиш учун шу кунга қадар банклар беш триллион сўм миқдорида маблағ ажратган. Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги «Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»​ги қарорига кўра, жорий йилдан бошлаб республикамиз қишлоқ ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши «Обод қишлоқ» ​дастури билан уйғун тарзда олиб борилади.

Бироқ реал ҳаётда камбағаллар учун қурилаётган уйларда қурилиш ишлари ҳалигача ўлда-жўлда қолиб кетмоқда. Битиш муддатидан ташқари, халқ бу уйларнинг сифатидан хавотирдадир. Мана, Паст Дарғом туманидан бир уй талабгорининг фикри:

— Ўзимиз эртага яшайдиган уйнинг қурилиш жараёнларини кузатар эканмиз, девордаги ғиштларнинг бутунидан кўра, синган, дарз кетганлари кўп экани ҳайрон қолдирди бизни. Энг ёмони, айрим деворлар қийшиқ экани ҳозирдан кўзга ташланиб қолган. Fишт териш тартиб-қоидаларига умуман риоя қилинмаган. Деворлар бурчаклари орасида бир неча сантиметрли очиқ жойлар қолган. Бу жойлар цемент қоришмаси билан тўлдирилиши керак эмасми? Тағин денг, цемент қоришмасининг ўзи, қўлга олсангиз, уваланиб кетади. Эрта бир кун кучсизгина ер қимирлаши ҳам бу деворларни йиқитиб юборишидан қўрқяпмиз...

Қоидага кўра, терилаётган ғиштлар орасига металл симлар қўйилиши керак. Аммо бундай симларни ҳар жойда бир дона учратасиз, холос. Қурувчилар «биз материалнинг борини ишлатамиз-да»​ деса, қурилиш корхонасининг иш юритувчиси «қурувчиларнинг эсидан чиққандир» ​дейди. Хуллас, бизнинг уйлар қурилишида очиқ-ойдин масъулиятсизликка йўл қўйилмоқда. Қурилишдаги масъулиятсизлик ва сусткашликдан норозилар сони ортиб бормоқда.

Бир йилда намунали уйларни сифатсиз қурган 17та пудрат ташкилотининг иши судга оширилган. Арзон ва қулай бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилишида бир қатор жиддий камчиликлар, жумладан, қурилиш қоидалари бузилиши, қурилиш-монтаж ишлари сифатсизлиги, лойиҳалардан четга чиқиш аниқланган.

Кўзбўямачиликдан сўзбўямачиликка...
Бу ҳолатнинг коррупция ва масъулиятсизлик баробарида юзага келаётган яна бир илдизи кўзбўямачиликдир. Халқаро сиёсий адабиётда «Потемкин қишлоқлари» ​деган ибора бор. Бу ибора Екатерина Иккинчи даврида давлат раҳбарининг кўзини қувонтириш учун княз Потемкин подшо ўтадиган йўлларда тезда барпо қилган «обод қишлоқлар»​ эди.

Екатерина Иккинчи кечда дам олишга ётганда ортдаги «обод қишлоқ»​ тезда кўчирилиб, подшо ўтадиган янги маршрутда тиклаб қўйиларди. Извош туйнугидан у хушчақчақ одамларни, самоварларда қайнаётган чойларни, балалайка чалиб, рақс тушаётган хонимларни, далаларда тоза кийимларда «ишлаётган» ​деҳқонларни кўриб қувонарди.

Тошкентдан Бўстонлиққа томон борсангиз – Бўстонлиқ гўзал табиатли, дам оладиган, хорижий меҳмонлар тез-тез борадиган жой – йўл четида қурилган «намунали уйлар»га кўзингиз тушади. Қишлоқ аслида ҳув олисда, одатда чашмалар, сойлар атрофида дунёга келади, чунки сув – ҳаёт манбаи.

Лекин намунали уйлар ҳамма вилоятларда шовқинли катта трассалар атрофида қурилган, чунки бу ердан раҳбарлар ва меҳмонлар ўтади. Гарчанд бу ерга газ ва сув олиб келиш муаммо, гарчанд ерости сувлари яқинлиги учун деворлар ярмигача шўрлайди, гарчанд канализация ўтказилиши учун шароит йўқ, чунки бу уйлар дарё сатҳидан пастликда қурилган. Фақат чет элликларнинг олисдан кўзи тушса бўлди!

Одатда уй қуриш учун ер танлашнинг тарихий анъаналари ва улкан илми бор. Ҳатто қадимий ҳиндулар турли ерларга дарахт экиб, қай ерда ниҳол яхши унса, ўша ерда иморат солганлар. Уй ёки намунали квартал қурганда сейсмик, геодезик тадқиқотлар ўтказиб танланиши керак, катталар ўтадиган йўлдан кўриниб туриши шарт эмас.

Сўнгсўз
Биз бу борада сўз айтган биринчи одам эмасмиз ва сўнггиси ҳам бўлиб қолмаймиз. Лекин миллатимиз ва халқимиз тақдири боғлиқ бўлган бугунги ислоҳотлар изчиллиги ҳаммамизнинг тақдиримизда ва болаларимизнинг истиқболида акс этади.

Жамиятдаги қатор муаммоларнинг, шу жумладан, кам таъминланган қатлам учун қуриладиган уйларга дахлдор муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари – иқтисодиётга, қонунчиликка, маънавиятга бориб қадалади. Уларнинг ечими ўтказилиши ваъда қилинаётган маъмурий, молиявий, суд-ҳуқуқ, солиқ, мулк соҳалари ислоҳотига, монополиядан воз кечиш, коррупцияга қарши курашиш суръатига, фуқаролик жамияти шаклланиши ва сўз эркинлигига боғлиқдир. Собиқ маъмурий-буйруқбозлик тизими асоратлари тўла барҳам топмас экан, ҳар қадай ташаббус самарасиз қолаверади. Адолат — шоҳликнинг мезони, деб уқтирган Навоий. Жамият фаровон, мулки обод бўлиши сирини Навоий аллақачон айтганлар:

«Шаҳиким, анга адл бунёд ўлур, Натижа буким — мулки обод ўлур. Қаю шаҳки, йўқ адл ила дод анда, Улус бирла мулк ўлмас обод анда».

Намунали уй сингари ҳар қандай эзгу орзуни чиппакка чиқарадиган нарса «адл»​га, яъни адолатга хиёнатдир. Бу уйларни чала-чулпа, омонат қурдирган ва қураётганлар малакасиз экани учун эмас, очкўз, ўғри экани учун шундай бўлмоқда. Бунга қарши кураш – коррупцияга қарши курашдир. Бу эса – жамоат назорати ва сўз эркинлиги билангина бўлади.

Иккинчи бир фикр. Мамлакатда мавжуд тизимнинг демократлашуви жараёнида ижтимоийликка эътибор беришдир. Ижтимоийлик, яъни социализм ғоясини шўролар тузуми бадном қилди, чунки унда реал тенглик бўлмади. Аммо бугун Швецияда, Финляндияда ва қатор Скандинавия давлатларида амалда социализмдир, яъни бойлар бойиши учун имкон яратилгани ҳолда, аҳолининг аксарият қисми камбағаллашмаган. Социализмдан сўнг биз қандай тузумга ўтдик? Капитализмгами? Феодализмгами? Авторитаризмгами?

Мана, бойлар учун «сити»​лар қурилмоқда. Уларда сифат ҳам бор, ҳашамат ҳам бор, жойлашган ерлари ҳам марказда ва гўзал туманлардадир. Мабодо бирор оддий инсонга бу юз миллионлаб турадиган уй совға қилинса ҳам, унинг йиллик солиғи ва коммунал тўловларини тўлай олмайди. Сотиб, четроққа, арзонроқ туманга жўнаворади. Жамиятда сегреция, табақалашув чуқурлашмоқда. Мабодо олигархия капитализми йўлини танлаган эканмиз, аҳолининг қуйи табақасини чуқур ҳимоя қиладиган тизим яратишимиз керак. Акс ҳолда, ижтимоий бўҳронлар домида қоламиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Потемкин қишлоқлари»​: Намунали уйлар масаласи нега муаммо бўлиб қолмоқда?