Бозорда сўлаётган чинни гул

  • 21 июль 2019, 16:12
  • 1 256
  • Жамият
  • Бозорда сўлаётган чинни гул
    У кимнингдир онаси, кимнингдир синглиси. Бироқ айбдори ким?

    У ёлланма ишчи бўлиб далада ишлайди. Уйда учта боласи ва эри бор. Яхшиям бахтига қизи бу йил тиббиёт коллежини битиради, ҳадемай ёнига киради. Насиб бўлса, унинг ойлик йўл чиптаси, тушлиги, коллеждан вақт бемаҳал пул сўрашлар-у «йиғди-йиғди»лардан ҳам қутилади. Эри эса қаерга ишга борса, уч кунда ҳайдалмоқда.

    Болаларини ва эрини боқиш учун бечора аёл бошқа аёллардан ҳам кўпроқ меҳнат қилади. Энг муҳими сидқидилдан, тоза ва сифатли ишлайди. У ҳар куни уйига егулик кўтариб борар, бундан ташқари болаларига кийим-кечак, рўзғорга керакли буюмлар, эрига сигарет, соқол ва мўйловини қиртишлашга устараю совун ҳам эсдан чиқмайди. Барча тўловлар ҳам унинг гарданида. Вақтида тўлаш­га ҳаракат қилади, чироғини ўчириб кетиш­­ларидан доим хавотирда, бечора.

    Истараси иссиқ бу аёл учун болаларининг бекаму-кўстлигини кўриш олам-олам қувонч бағишлайди. У саҳар туриб кечқурун қориб қўйган хамирни зувала қилишга уннайди, тандирга ўт ёқади. Қизи эса тонгда товуқларга дон сочиб, ҳовли супуради. Аёл сигирни соғиб келиб, нонушта тайёрлашга уннайди, сўнг болаларини кийин­тириб, ҳали ухлаб ётган эрига қуймоқ пиширади. Қуймоқни ва чойнак устини ёпиб тезгина ишга жўнайди...

    Ишдан келиб гулу райҳон­ларга сув қуяди, томорқага кириб, жўяк ичига шўнғийди. Бу эрнинг парвойига ҳам келмайди, гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдек. Телевизорда футболни тугатиб, овқатланиб олгандан кейин Россия каналларидан бериладиган ишқ-муҳаббат ҳақидаги кинони кўриш учун ёнбошлайди. Бечора аёл рус тилини тушунмай, кино кўраётган эрининг ёнида бироз ўтирадию мудраб ухлаб қолади. Телевизорни ўчириб ётоқхонага кирган эри, офтобда куйган, қўллари кетмон дастани маҳкам ушлагандан қабариб кетган, бутун вужудидан тупроқ ва дала-даштларнинг ҳиди келаётган аёлдан нарироқ сурилади...

    Эрталаб тонг отгач, яна унинг одатдаги ташвишлари бошланади. Ҳар кун аёл ишга кетишдан олдин ошхонага кириб бугун ёғ билан гуруч олиб келишим керак ёки туз, чой, макарон қолмабди, дея рўзхорхалтани бир кўздан кечириб олади. Қора меҳнатдан ҳали қирққа кирмаган аёлнинг аъзои бадани қорайиб, кичрайиб, сочлари, тишлари тўкила бошлаган. Аммо аёл бунга эътибор бермайди. Бутун борлиғи билан ишлаб, рўзғор деган ғорнинг камчилигини тўлдиришга ҳаракат қилади.

    «Яхшиям қўлимда ҳунарим бор. Ҳарна-да, рўзғорга қўшимча уч-тўрт сўм», дея ўз-ўзидан мамнун бўлади. Кечалари ухламай қўни-қўшнидан буюрт­ма олиб тикади. Ён қўшниси унинг дугонаси, ҳатто бир кунда туғилишган. Кеча қўшни аёл келиб «Айланай дугонажон, шуни эртага битириб беринг, эртага туғилган куним, эрим тикдириб кийиб ол, деб совға қилган» дея қимматбаҳо матони қўлига тутқазди. Аёлнинг юраги жиғиллаб кетди, ахир ўзининг ҳам туғилган куни-ку! Қўшни дугонаси чиқмаса, эсида ҳам йўқ. Аёл дугонасининг кўйлагини ухламасдан тикиб чиқди ва эрталаб унинг кўйлагини кийиб ойнага қаради. Янги кўйлак аёл ҳуснига ўн ҳусн қўшган эди. Қизини чақирди-да, кўйлакни бериб юборди. Кейин... кейин негадир роса эзилиб йиғлади.

    Аёл ишга кетяпти, эгилиб кетяпти, эзилиб кетяпти. Ахир, бугун унинг туғилган куни. Аёл ишлаяпти, берилиб ишлаяпти. Офтоб куйдириб юборган юзида ғамгинлик, қуёш тиғи учларини икки бўлиб ташлаган сочларининг толаларигача ғамгин, терлаганидан увиб елкасига ёпишган кўйлагининг униққан рангигача ғамгин. Негадир бугун шундай бошқача у.

    Аёл ишдан қайтяпти. У бозорга кириб рўзғорига керакли бўлган ҳамма нарсани олди. Кутилмаганда кабоб олиб егиси, ўзини хурсанд қилгиси келди. Кабобпаз олиб келган сихдаги гўштдан бир тишладию, кўзи бозорнинг ўнг томонидаги гул дўконига тушди. Аёл қизил чинни гулларни ёқтирарди. У оғзидаги кабобни базўр чайнади ва ўзига ўзи «Туғилган кунинг муборак бўлсин», деб йиғлаб юборди. Аёл кабобни бошқа ея олмади. У гўштни ноннинг орасига қўйиб, елимхалтага ўради-да, бозор сўмкасига солди. Қўлидаги оғир сўмкалари билан гул дўконига кирмоқчи бўлди, аммо оёғидаги таги едирилиб кетган шиппагиданми, қорайиб кетган қўллариданми, хуллас, юриш-туришидан хижолат бўлиб кирмади. Ўзининг кўриниши гул дўконига ярашмаслигидан уялди.

    У гул дўкони ёнидан ўтаётиб димоғига урилган муаттар бўйлардан энтикиб кетди. «Туғил­ган кунинг муборак бўлсин», – деди ўзига ўзи пичирлаб. У уйига бориб болаларига ош қилиб берди. Ҳамма хурсанд бўлиб еди. Аммо бу хонадонда, бу дунёда ҳеч ким уни табрикламади...

    Кеча қайнота ва қайнонаси келди. Келин бўлиб тушганидан кейин ўн бир йил уларнинг хизматини қилди. Келинининг ҳеч қачон товуши баланд чиқмагани учун қайнона ва қайнота унинг номини «ипак келин» қўйишганди. «Ипак, биз сендан мингдан минг розимиз, болаларингни тарбияси ҳам ҳамма ҳавас қилгудек, аммо биз ўғлимизнинг уззу кун уйда ўтиришидан хижолатдамиз. Бир нима десак «Бошқаларнинг ота-онаси тагига машина олиб бериб қўйибди.

    Ҳозир битта машина бўлганида мен ҳам тирикчилик қилиб пул ишлардим» дейди. Ипакой, сенинг уканг маҳалласидаги бели бақувватлардан биз ярим пулини берсак, укангдан қарзга деб ярим пулини олсанг, шу эрингга битта машина олиб берсак-да, кира қилиб сенга ёрдам қилса», де­йишди. Аёл ўйланиб-ўйланиб рози бўлди. Чунки энг оғир кунларида уни укаси қўллаб туради. Қизи тиббиёт коллежига ўқишга кираётганида шу укаси хотинидан бекитиб саккиз юз доллар берган.

    Икки ўғлини яхши мактабга жойлаштириш учун шу укаси беш юз доллардан бериб, ёрдам қилган эди. Ҳадемай қизи ўқишни битирса уни шифохонага ишга жойлаштириш учун ҳам шу укасидан бошқа кимга бош эгиб боради?..

    У укасиникидан ғамгин бўлиб қайтди. Укаси пул бермагани учун эри уни роса камситди ва жаҳл билан чиқиб кетди...

    Аёл оғир моддий етишмовчилик ва руҳий изтироблар гирдобида қолди. Эри бир йилдан буён кўринмай қўйгани учун қўшнилар ҳам «Ҳой айланай эрингиз ҳеч уйга келадими?», «Анави куни бир аёл билан кўришибди, у аёл ким?», – дея сўрайдиган одат чиқаришди...

    Қизи ўқишни битириш арафасида йиғлаб келиб, коллеждаги воқеаларни айтиб берди:

    «Гуруҳ раҳбаримиз диплом иш учун 350 минг сўмдан пул сўраяпти. Диплом ишини ўзи ёзиб берар эмиш. Биз беш ўқувчи ўзимиз ёзамиз дедик. Ўқитувчимиз алоҳида хонага киргизиб қаттиқ гапирди. Бир курсдошимнинг ота-онаси сутини соғиб ичиб турган сигирини сотиб пул берди. Бириники қўйини сотди. Бирисининг онаси улгуржи бозорга чиқиб уч кунда 350 минг сўм топиб берди. Хуллас, пулсиз иш битмас эмиш.

    Аёл қаттиқ изтироб чекди. Аммо сездирмади, юзига чиқармади. «Майли қизим, ташвишланма. Анави улгуржи бозорга чиқадиган дугонанг ойиси билан мен ҳам энди улгуржига чиқаман. Сен дарсгача қарашсанг бўлди», деди масалага ечим топганидан ўзича мамнун бўлиб...

    Она-бола тонг саҳар учда бошланадиган улгуржи бозорда пойабзал сота бошлашди. Биринчи куни бу ғала-ғавур бозор ҳаётига кўникиши қийин кечди. Аммо, бир кунда 109 минг сўм фойда қилишди. Тўрт кунда қизининг диплом ишига 350 минг топиб берди. Хуллас, у энди савдо-сотиқ ишида ҳам ҳалол­лиги ва чаққонлиги билан ўрнини топди. Аммо ит тинса тинди, қуш тинса тинди, фақат у тинмади...

    Бугун тунда яна нон ёпди. Яхши ухламаган бўлса-да тонг отмасдан бозорга жўнади. Аммо тўсатдан бир юк арава уни уриб юборди, аёл бор бўйи билан йиқилди. У йиқилди, унинг ёнида турли пойабзаллар, турли оёқлар ўтар эди. У шу ҳолатида ўзи ёқтирган бир дона чинни гулнинг бандидан узилиб оёқлар остида ётишига ўхшар эди. Негадир унинг бошидан қон оқарди. Яхши одамлар «Шошилинч ёрдам» машинасини чақиришди. Ҳушидан кетган аёлни шифохона қабулхонасидан хирургия бўлимига ўтказишди. Унга касаллик варақасини ёзаётган қиз секингина «Бугун унинг туғилган куни экан», – деб қўйди. Ҳа, бугун унинг туғилган куни буни ҳеч ким билмайди, ҳатто ўзи ҳам...

    Сизнингча, бу аёл ким? Шифохонага келтирилган бу аёл балки менинг опамдир. Бугун туғилган куни эканини билмайдиган бу аёл балки сизнинг онангиздир.

    Кимнингдир онаси, кимнингдир синглисидир. Ким бўлмасин у ҳалол инсон. Ипакдек мулойим, қалби тоза, қизил чинни гулларни яхши кўрадиган аёл бу...
    Зулфия МЎМИНОВА

    Манба: "Оила даврасида"

    » » Бозорда сўлаётган чинни гул