date

Қуюқ туман ортидаги ҳақиқий сабаблар очиқланди

Қуюқ туман ортидаги ҳақиқий сабаблар очиқланди

Сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб совуқ антициклон таъсири изчил кучайиб бораётгани кузатилмоқда ва бу жараён 2025 йил 5 декабргача сақланиб туриши прогноз қилинмоқда. Махсус комиссиянинг маълумотига кўра, айни пайтдаги об-ҳаво шароитидаги кескин ўзгаришлар, айниқса, қуюқ туманлар кўпайгани табиий метеорологик омиллар билан чамбарчас боғлиқ.

Қайд этилишича, 29 ноябрдан бошлаб совуқ антициклон янада кучайиб, атмосфера босимининг кўтарилиши ва ҳаво ҳароратининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Натижада кечаси совуқ, кундузи эса кучсиз илиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Шундай шароитларда совуқ антициклонларга хос бўлган эрталабки туманлар шаклланиши эҳтимоли юқори. Узоқ муддатли инверсия эса ҳаводаги чанг, тутун ва майда дисперс заррачалар концентрациясининг ошишига, шунингдек, қуюқ туман ҳодисалари янада кучайишига олиб келади. Бу жараён ҳаводаги заррачаларнинг юқори қатламларга кўтарилмай, паст ҳаво қатламларида тўпланиб қолиши билан боғлиқ.

Комиссиянинг таъкидлашича, сўнгги кунларда атмосферага таъсир кўрсатувчи омилларни камайтириш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган ва шу кунларда ҳам давом эттирилмоқда. Тошкент шаҳри ва унинг атрофида ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида кенг кўламли рейд тадбирлари ўтказилмоқда. 24–28 ноябрь кунлари амалга оширилган ишлар қуйидаги натижаларни кўрсатди:

Иссиқхоналар бўйича:

Жами 1 449 та иссиқхона ўрганилган. Уларнинг 67 тасининг фаолияти тўхтатилган. 403 нафар шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилган ва 19 та хўжаликка газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилган.

Қурилиш объектлари бўйича:

Тошкент шаҳрида жами 53 та ноқонуний қурилиш объекти аниқланган. Улардан 34 таси вақтинча тўхтатилган. Атмосфера ифлосланиши қайд этилган 186 та ҳолат расмийлаштирилган ва 188 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 51 та қурилиш объектига сув пуркагич ўрнатилган.

Автотранспорт бўйича:

Юкни очиқ ҳолда ташиган 837 нафар ҳайдовчи ва меъёридан ортиқ зарар етказган 206 нафар ҳайдовчи жаримага тортилиши қайд этилган.

Қўшимча экологик тадбирлар:

Шаҳар миқёсида 77 та кўча ва 165 та жамоат жойи намлантирилган. 121 км ариқлар тозаланган. 126 та фаввора ишга туширилган. Шу билан бирга, Тошкент вилоятидаги дарёлардан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш бўйича 54 та ҳолат аниқланган.

Ушбу комплекс чоралар натижасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси маълум даражада камайгани қайд этилди. Хусусан, PM2.5 кўрсаткичи:

24 ноябрь — 171 мкг/м³,

25 ноябрь — 152 мкг/м³,

26 ноябрь — 140 мкг/м³,

27 ноябрь — 111 мкг/м³,

28 ноябрь — 97 мкг/м³ гача пасайган.

Бироқ ҳозирги пайтда мамлакат совуқ антициклон таъсирида бўлгани боис, инверсия ҳодисаси яна кучайиб, ҳаводаги майда заррачаларнинг муаллақ ҳолда йиғилиб қолиши кузатилмоқда. Бундай жараён табиий ҳол бўлиб, ҳаво ўз-ўзидан тозаланиш жараёнини секинлаштиради.

Шу сабабли давлат идоралари ҳам қисқа муддатли чора-тадбирлар, ҳам узоқ муддатли ечимлар бўйича тизимли иш олиб бормоқда. Махсус комиссия тузган ишчи гуруҳлар зарарли ташламалар чиқараётган манбаларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган рейд тадбирларини куну-тун амалга оширмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Қуюқ туман ортидаги ҳақиқий сабаблар очиқланди