14:30 / 22.07.2019
2 234

Барча судьялар ўқиши керак бўлган асар: «Тирилиш»

Барча судьялар ўқиши керак бўлган асар: «Тирилиш»
Иллюстрация: Борис Пастернак
«Тирилиш» (Воскресенье) Лев Николаевич Толстойнинг энг охирги романи. Толстой даҳосининг 10 йиллик меҳнати (1889 ─ 1899) самараси ўлароқ дунёга келган асарда адиб ўз замонасидаги воқеликни тасвирлаган бўлса-да, инсониятнинг барча замонларига хос муаммоларни очиб берган.

Сюжет линияси ҳақида
Насаб жиҳатидан дворянлардан бўлган Толстой ўз асарларида, асосан, олий табақа вакилларининг ҳашамдор, кўзни қамаштирадиган жимжимали ҳаётини тасвирлайди. «Тирилиш»да эса бу анъанадан ярим қадам чекинган ҳолда оддий рус халқининг кулранг бўёқли ҳаёти ҳам очиб берилган. Роман князь Дмитрий Иванович Нехлюдовнинг ўзи учун ҳаёт ҳақиқатини кашф этиши тўғрисида.

Князь бойвучча аммаларининг қўлида «ярим оқсоч, ярим асранди» бўлиб катта бўлган Катерина Маслова (Катюша)ни учратиб қолади. Катюша хулқи ҳаминқадар бўлган онадан ва тайини йўқ лўли отадан дунёга келган. Бойвучча графинялар эшигида хизмат қилиб катта бўлади ва кунларнинг бирида ўз бекаларининг меҳмонга келган хушсурат жияни ─ князь Нехлюдов билан тўқнашиб қолади. Аввалига улар бир-бирига маънавий эҳтиёж, пок муҳаббат билан боғланади.

Ҳарбий хизматга бориб, «катталар ҳаёти» билан танишгач, Нехлюдов мутлақо бошқача атворга эга бўлиб икки йилдан сўнг қайтади, бу гал Катюшага шаҳвоний ҳирс, жимоний талпиниш билан қарай бошлайди ва.....уни йўлдан уради. Бу айбини эса қизнинг қўлига 100 сўм тутқазиш билан «ювгандек» бўлади, чунки унинг наздида, «ҳамма шунақа қилади, бу табиий...». Ва қизни ёлғиз ташлаб, ўзининг ҳашаматли ҳаётига ғарқ бўлади.

Бўйида бўлганини англаган Катюша эса боладан «қутулиб олгач» ёмон йўлга кириб кетади, исловотхонада кун кўра бошлади. Кунларнинг бирида англашилмовчилик туфайли савдогарнинг ўлимида айбланиб, суд қилинади. Чархи кажрафторнинг иши билан, бу судда маслаҳатчилар таркибида Нехлюдов ҳам бор эди. Қизни таниган Нехлюдов унинг бу йўлга кириб кетишига ўзининг уни йўлдан ургани сабаб бўлган деган хулосага келади, гуноҳини ювиш учун судья ва маслаҳатчиларнинг ҳафсаласизлиги натижаси ўлароқ ноҳақ каторгага ҳукм қилинган қизни қутқаришга, унга уйланишга аҳд қилади.

Қизни қамоқдан чиқариб олишга ҳаракати давомида ҳибсхоналардаги аҳвол, арзимаган ҳаракат ва бахтсиз тасодиф натижасида қамалганларнинг тақдири билан таниша боради, судья, прокурор, адвокат, терговчи, ҳибсхона раҳбари ─ барчасининг инсонлар тақдирига ўта адолатсиз ва бефарқ қараши, бир матоҳдек муносабатда бўлишига, ночор кишилар ҳаётининг турмада чириб кетиши оддий ҳолга айланганига гувоҳ бўлади. Жамиятда бундай ҳол юзага келишига туртки бўлган факторларни ва айбдорларни излайди, бунинг баробарида ўз шахсиятида ҳам катарсис жараёни кечади.

Қамоқ ҳаёти унда бевосита яшаётган Катюша ва ҳибсдагилар учун нажот йўлини излаган Нехлюдов ҳаётида туб бурилиш ясайди, «тирилиш» ─ жисмоний эҳтиёжларга қурилган, тизгини нафс қўлига тутқазилган ҳаётдан маънавий поклик, инсоний олийжанобликка ўтиш жараёни бошланади.

Асарда ўқувчи эътибори икки параллел жараёнга қаратилади: инсон нафси ва ички «мен» ўртасидаги кураш ҳамда жамиятдаги адолатсизликлар, жиноятчиликнинг урчиши сабаблари.

«Мен» ─ ичимдаги қумурсқа
...Нехлюдов ўз умрида, унинг таъбирича, бир неча бор «қалбини покизалаб олган» эди. Баъзан, орадан анчагина вақт ўтгач, у маънавий ҳаёти сусайиб ёки турғунликка учраб қолганини ҳис этар ва кўнглида йиғилиб қолган бу турғунликка сабаб бўлган барча ифлосликларни тозалай бошларди. Ана шундай аҳволни «қалбни покизалаш» деб атарди...

Князь олий доирага мансуб. Бу доиранинг барча хислатлари ─ манманлик, худбинлик, молпарастлик, ҳашамат ва пулга ўчлик уни доимий таъқиб этса-да ва кўп ҳолларда ўзига бўйсундира олса-да, ундаги иноснийлик, ҳаётнинг чин маъносини излашга интилиш бутунлай жон бермаган. Ўзлигини англашга, умрининг асл мотивини ахтаришга бўлган интилиш унда уйғониб туради, қамоқхона ҳаёти билан танишгандан кейин эса бу жараён янада кучаяди.

Аммо олий доиранинг жимжимали ҳаёидан воз кечиш, умрни шунчаки яхши инсон бўлишга бағишлаш осон кечмайди. Бу ҳолатни Толстой қуйидагича тасвирлайди: ...уйқуга тўйиб уйғонган одам ўзини кутиб турган муҳим ва қувончли ишни бажариш учун аллақачон туриши кераклигини билса-да, уйқуси келмаётганига қарамай, тўшакда роҳатланиб яна ётгиси келади...

Ўз саволларига жавоб қидирган Нехлюдов шахсий эҳтиёжлари атрофида ўралашиб қолган кишилар умрини асл миссиясидан чалғиганларга қиёслайди: хўжайинининг ишини қилинглар деб боққа юборилган боғбонлар боғни ўзларнинг хусусий мулклари деб хаёл қилганлар, улар боғдаги жамики нарсаларни ўзлари учун қилинган деб билишган. Шунинг учун ишимиз хўжайинни эсдан чиқариб, хўжайинни ҳамда хўжайиннинг олдидаги бурчни эслатувчиларни ўлдириб, боғда гашт қилиб яшашдан иборат, деган фикрга келишган...

Нехлюдовнинг дўсти, Сенат котиби Селенин мисолида ички уйғоқлик кўрсатилади. Унинг оилавий ҳаётидан ҳам, ишидан ҳам, боринг-ки, ана эътиқод қиладиган динидан ҳам кўнгли тўлмайди. Бу кўнгли тўлмаслиқ, қониқмаслик ҳисси аслида ношукрлик ёки ношудлик эмас. Балки, аксинча, ўзидаги камчиликларни кўра олиш, улардан кўз юммасликдир...

Одатийлик, ўзи кўниккан қобиққа кўникиб яшаш, комфорт зонасидан чиқа олмаслик, ҳаётдан қониқиш ҳис қилиб ёки қониқаётгандек ўзини кўрсатиб яшаш осон, лекин бу ўлимга олиб боради, руҳий таназзулга етаклайди.

Нехлюдовнинг таъбирича, ҳар кимнинг ичида бир қумурсқа бор ─ бу асл «мен». У баъзида ғимирлаб, тўғри гапни айтиб туради, лекин биз шаҳвониятга шунчалар қулмиз-ки, бу қумурсқани эшитиб-эшитмаганликка оламиз, овозини ўчиришни истаймиз. Ваҳоланки, бу қумурсқани уйғотиш, қайта мудрашига изн бермаслик керак. Асл тирилиш, инқилоб шундай рўй беради.

Асл жиноятчи ким: судья ёки судланувчи?
«Тирилиш»даги марказий ижтимоий муаммо қамоқхоналарда чириётган умрлар ва бунга одатий ҳолдек қарайдиган, «қора фрак кийиб, тилла ҳошияли пенсне» тақиб олган судьялар, прокурорларнинг худбинлиги ҳақида.

Шолча ўғирлаб қўлга тушган есир болакайни сўроқ қилишаётганда Нехлюдов ўзича мулоҳаза қилади. «Бу бола қандайдир бир бошқача ёвуз эмасдир ахир, унинг оддийгина одам эканлигини ҳамма кўриб турибди-ку. У худди ана шундай одамларни етиштирадиган муҳитда яшагани учунгина жинояткор бўлган ахир. Мана шундай болалар бўлмаслиги учун эса бундай бахтсиз зотларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган шароитларни йўқ қилишга ҳаракат қилиш лозим. Биз эса нима қиляпмиз? Биз бунақа йигитларнинг мингларчаси қўлга тушмай четда қолиб кетаётганлигини билатуриб мана шундай қўққисдан қўлга тушиб қолганига маҳкам ёпишиб олиб, турмада унинг умрини бекорга чиритамиз ёки бемаъни меҳнат билан ўтказамиз...».

«...Улар хавфлию биз хавфли эмасмизми?.. Мен бузуқман, фоҳиш, алдамчиман. Менинг шунақалигимни кўра била туриб мендан нафратланиш у ёқда турсин, қайтага ҳурмат қилишади. Чунки мен олий табақадаман. Улар эса шунчаки қора халқ...»

Романда ҳибсхонларда турли сабаблар билан умри чириётган жиноятчиларнинг бу аҳволга келишига сабаб бўлган жамият, уларни қамоққа тиққан судья, прокурор, терговчиларнинг ўзи ҳам жиноятчиликда улардан кам эмаслиги, фақат улар ўз жиноятини «нафосат билан» амалга ошириши ва хаспўшлаши тасвирланади.

«Жиноятчиларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган шароитни йўқотиш учун ҳаракат қилиш ўрнига бундайларни етиштирдагина корхоналарни қўллаб-қувватлаймиз ҳам. Булар фабрика ва заводлар, қовоқхоналар ва фоҳишахоналардир... Жамият уларни йўқотмаяпти, демак, уларга ўзи ҳам эҳтиёж сезади». Бу Катюша Маслованинг тақдири мисолида кўрсатилади.

Маслова енгилтак. Лекин у ўзини кераксиз деб эмас, балки зарур шахс деб билади, ўзини қадрли деб ҳисоблайди. Чунки ҳаётида учраган эркаклар унга ва унга ўхшаган аёлларга зорлигини, этагига ёпишиб олишини ўзи кўрди, ҳис қилди. Жамиятнинг ўзи унинг кераклигини таъкидлади, исботлади.

Одамлар нима учун йўлдан озади? Атайми ёинки йўл қийшиқ бўлгани учунми? Бу қийшиқ йўлни жамият қургани учун эмасмикан? Халқ жиноят қилади, чунки у оч. У ишлайди, қора терга ботиб ишлайди. «Лекин у қашшоқликдан, бирламчи эҳтиёж ─ нон ва сутнинг йўқлигидан ўлиб кетяпти. Чунки улар ўз нони учун эмас, ер эгалари ва каттаконлар ўзларига шляпалар, ҳассалар, извошлар, ялтироқ нарсалар сотиб олиши учун ишлашади. Қора халқ ўғриликнинг ёмонлигини билмаслиги мумкин. Чунки унга ўғирлама дейишган. Лекин у фабрикалар ҳақини ушлаб қолиб меҳнатини ўғирлаётганини, ҳукумат солиқ солиб, бутун тўралари билан тинмай уни талаётганини кўриб турибди, шунга қараб хулоса қилади».

Шолча ўғирлаб қўлга тушган болакай Нехлюдовнинг биргина сўзи билан озод этилади. Гап Нехлюдовнинг обрўси, қўли узунлигида эмас, балки бу шолча ўғрисининг аслида айбдор эмаслигини ҳамма билиб тургани, лекин унинг ҳимоясига ҳафсала қилмагани билан изоҳланади.

«Ҳақиқий жиноят, одамхўрликлар Тайгаларда, сургунларда, авахталарда эмас, балки министирликлар, департаментларда, комитетларда рўй беради», - деб ёзади Толстой.

Лаб-лунжини қон қилиб, ифлос қўли билан одам гўштини ғажиётган одамхўр-у, худди ўша гўштни ёқасига оппоқ салфеткани қистириб, санчқини назокат билан ушлаб еяётган одамхўр эмасми?

Умуман, бировлар бошқаларни нега ва қайси ҳуқуққа асосан қамайди, сургун қилади, қийноққа солади? Қаматганнинг қамалгандан фарқи қанчалик? У оппоқми? Биров бировни қандай асосга кўра суд қилади? Конституциями? Ички қонунларми? Умумжаҳон декларацияларми? Шу ҳужжатларнинг ижодкорлари ҳам фариштайи бегуноҳ эмаслигига, бировга ёпиштираётган иллатидан холи эмаслигига ким кафолат беради? Ягона асос уларнинг жиноятини ҳеч ким кўрмаётганидами? Уларнинг жиноятини қимматбаҳо галстук ва қотириб дазмолланган оппоқ ёқалар яширадими фақат?

«...Сизлар жиноятчи деб билган кишиларни неча юз йилларадан бери жазолаб келасизлар. Хўш, жиноятчиларни йўқота олдингизми? Йўқ, балки жазо орқали бузилган жиноятчилар ҳисобига ҳам, баҳузур ўтириб олиб, одамларни жазоловчи жинояткор судья, прокурор, терговчи, турмачилар ҳисобига ҳам уларнинг адади ошиб борди холос...».

Нехлюдов шу каби саволлар ўртасида аросатда қолади. «Нега бегуноҳлиги кундек равшан бўлганлар каторгаю сургунда?» Бунга жавобан эса адвокат (!) хитоб қилади. «Қўйинг. Бу ҳақида бош қотирмай қўя қолайлик. Ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз...».

Романни Лев Николаевич ўз анаъанасига содиқ қолган ҳолда «толстойча» услубда якунлайди. Яна динга, Парвардигорнинг китобига мурожаат қилади. Нехлюдов ҳаётидаги барча адолатсизлик, йўлдан озишларнинг замири нимадалигига диндан жавоб топади. Инсоннинг ҳаётидаги асосий стержен дин эканлигини, ҳамма жавоблар асрлар аввал берилганини, лекин инсоният оятларни хом-хатала чайнаб, ютиб-ютолмаётганини исботлайди. Агар ҳаммаси динда тасвирланганидек бўлганида ҳаёт гуллаб-яшнарди. Қайси дин эканлиги эса муҳим эмас. Зеро дин кўп, руҳ эса битта...
Китобхон,
Толстой, «Тирилиш»

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Барча судьялар ўқиши керак бўлган асар: «Тирилиш»