
Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 10 минг доллар пора олаётганда қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарига туман ҳудудидан кўп қаватли уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб беришни ваъда қилади ва эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Жорий йилнинг 5 июл куни бош мутахассис сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олиб, туман ҳокимига беради. 8 июл куни эса тадбиркордан қолган 20 минг АҚШ долларини ҳам олади. Унга туман ҳокимининг тегишли қарори билан «Токчилик» МФЙ ҳудудида умумий ўрта таълим мактаб биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уй қурилишига рухсат берилган ҳужжатларни тақдим этади.
Сўнгра, бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман ҳокимига 10 минг АҚШ долларини берган вақтида ДХХ ходимлари томонидан уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда Шароф Рашидов тумани ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан, бош мутахассисга эса Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Парсаматович Холбўтаев муқаддам Мирзачўл тумани ҳокими ва Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (2010-2011 ва 2018-2019 йилларда) бўлиб ишлаган, 2019 йил 26 октябридан Шароф Рашидов тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган эди.
У Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан «Дўстлик» ордени билан ҳам тақдирланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар