14:34 / 07.08.2019
2 498

Тест синовлари қандай ўтмоқда?

Тест синовлари қандай ўтмоқда?
Олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари бошланганига, мана, бир ҳафтадан ошди. Хўш, мазкур жараёндаги шаффофлик ва адолатдан абитуриентларнинг кўнгли тўляптими? Тақдирларда катта бурилиш ясайдиган ушбу масъулиятли давр ҳақида ота-оналарнинг фикри қандай? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида пойтахтимиздаги тест синовлари бўлиб ўтаётган “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасига ташриф буюрдик.

Эҳтиёт бўлинг, “паравоз” — видеофиксация
Билимларини синовдан ўтказишга ошиқаётган абитуриентлар белгиланган павильонга етиб боргунича уч ҳудудда андак сабр қилишига тўғри келади. Улар ҳар бир текширув пунктида тегишли органлар ходимлари томонидан металлодетекторлар ҳамда махсус ускуналар ёрдамида текширилмоқда. Хотин-қизларни кўздан кечириш учун махсус йўлаклар ташкил қилинган. Уларда тегишли органларнинг аёл ходимлари ишлаяпти.

Текширувнинг ҳар босқичида абитуриентлардан сумкалар, турли мосламалар, уяли телефонлар, “шпаргалкалар”, ҳар хил варақлар ва қоғоз парчалари олиб қолинмоқда. Муҳими, имтиҳонга олиб кирилмоқчи бўлган ортиқча буюмлар ҳар йилгидан-да анча кам. Йигит-қизларнинг кўпчилиги тартиб-қоидада белгиланганидек, фақат фуқаролик паспорти ва абитуриентлик рухсатномаси билан келишяпти.

Айтиш керакки, павильонлар эшиги олдидан қайтиб кетаётган абитуриентлар ҳам учраяпти. Чунки бу ерга видеофиксацион текширув қурилмаси ўрнатилган. Ушбу замонавий мослама тест синовида қатнашишга шаҳд қилган абитуриент юзини ҳужжат топшираётган пайтда олинган сурати билан автоматик солиштиради. Қурилма ўзаро мувофиқликни паст даражада қайд этган тақдирда абитуриентнинг бармоқ излари текширилмоқда. Шу каби замон талабларига мос усуллар бировнинг ўрнига имтиҳонга кирмоқчи бўлган “паравоз”ларни тутиб қолиш имконини беряпти.

Имтиҳонда қандай ҳаракат қилишни биласизми?
— Тест синовларига қадар ҳар бир абитуриентнинг бу саволга жавоби бўлиши керак, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази масъул ходими Орзиқул Бобоев. — Афсуски, талабаликка талабгорларнинг барчаси ҳам бу борада етарли маълумотга эга эмас. Бу уларни ҳатто тест синовларидан четлаштиришга ҳам олиб келяпти.

Хўш, барча текширувлардан муваффақиятли ўтиб, бинога кириб келган абитуриент қандай ҳаракатланиши лозим? У, аввало, рухсатномада кўрсатилган гуруҳда рўйхат бўйича ўзига тегишли ўринга ўтириши шарт. Имтиҳон жараёнида ўзгалар билан гаплашиш, тест саволларини бошқаларга узатиш, бир-бирига ёрдам бериш ман этилган. Жавоблар варағини буклаш, унинг белгиланмаган жойларига ёзиш тақиқланади. Жавобларни белгилаш ҳам масъулиятли жараён бўлиб, абитуриент битта тест топшириғига икки ва ундан ортиқ доирачани бўяши ёки тўлиқ бўямаслиги ё ҳаммасини бўш қолдириши мумкин эмас. Бундан тест топшириғига балл берилмайди.

Назоратчилар назорат остида
Имтиҳон жараёнларини назоратчилар синчковлик билан кузатиб бормоқда. Абитуриентларнинг ҳар бир ҳаракати уларнинг эътиборида. Назоратчилар олтин давр остонасида турган ёшларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб қолмай, тест синовларига саломатлигида баъзи нуқсонлар билан ёки ҳомиладор ҳолатда келган, шунингдек, имконияти чекланган абитуриентларнинг ўринларига жойлашишига ёрдам беряпти.

Орзиқул Бобоевнинг айтишича, ҳар бир назоратчи кўплаб талабгорлар орасидан саралаб олинган. Бундан ташқари, турли семинарлар, конференциялар орқали уларнинг билим ва савияси янада оширилган. Назоратчиларга тест жараёнидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари чуқур тушунтирилган. Қолаверса, павильонларга ўрнатилган видеокамералар уларнинг ҳам ҳар бир ҳаракатини ёзиб олмоқда.

Бирорта абитуриент улар фаолиятидан норози бўлиб, мурожаат этса, бу видеоёзувлар ҳақиқатни ойдинлаштириш учун асос бўлади. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган назоратчи, шубҳасиз, жараёндан четлаштирилади. Шуни ҳам қайд қилиш керакки, бундай масъул ходимларга меҳнати учун тўланаётган ҳақ бу йил сезиларли оширилган. Улар икки сменада фаолият юритса, 200 минг сўмдан ортиқ миқдорда маблағ ишлаб олади.

“Ўғлимни мониторда кузатиб турибман”
Фарзандининг тест синовидан чиқишини кутиб турган ота-оналар учун ҳам соя-салқин ҳудудда махсус жой, савдо шохобчалари ташкил этилган. Бундай қулай шароитлардан мамнун ота-оналарнинг нигоҳи шу ерга ўрнатилган улкан мониторда. Унда имтиҳон жараёнлари тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда.

— Ўғлим Ҳусан талаба бўлиши учун бу йил учинчи бор омадини синаб кўряпти, — дейди тошкентлик Зумрад Раҳмонова. — У Тошкент давлат стоматология институтига ўқишга кириш учун тест топширмоқда. Ўғлимни мониторда кузатиб турибман. Унинг ўзига ишониб ҳаракат қилаётганини хатти-ҳаракатларидан сезиб, хурсанд бўляпман. Насиб этса, билим олиш учун қилган меҳнатлари самара бериб, нуфузли институтнинг талабаси бўлади. Авваллари ота-оналар учун бундай қулайлик яратилмаган. Хусусан, ўтган йили ҳам монитор бир ишлаб, бир ишламай қолганди. Бошқа ҳудудларда ҳатто бу кўзбўямачиликка айлангани, мониторлар фақат бир “сурат”ни намойиш қилгани, қотиб қолгани, ҳамма павильонларни ҳам кўрсатмагани айтилганди. Бу йил ҳозирча бундай гап-сўзларни эшитмадик.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиздаги тест синовлари ўтаётган биноларнинг барчаси интернетдаги www.test2019.uz сайти ва махсус ДТМ телеканали орқали ҳам тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда.

Апелляция шикояти бериш тартиби қандай?
Имтиҳон натижалари ёки тест синовлари жараёнидан рози бўлмаган абитуриентлар учраши, табиий. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссияси уларнинг ҳар бир мурожаатини кўриб чиқади.

Норози абитуриентлар 20 августдан 31 августгача апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Абитуриентга апелляция шикояти қабул қилинганлиги тўғрисида уч иш куни ичида хабарнома берилади. Шикоятчи хабарномада белгиланган кунда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан келиши шарт.

Аппелляция Давлат тест марказида ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги бўлимларида қабул қилинади. Шикоятга абитуриент рухсатномасининг нусхаси илова қилиниши керак.

Абитуриент комиссиянинг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

Адолатга ишонч юқори
Тест имтиҳонини якунлаб, бино ташқарисига чиққан абитуриентдан жараёнларнинг қандай кечганини сўрадик.

— Тошкент давлат аграр университети талабаси бўлиш учун билимларимни синовдан ўтказдим, — дейди самарқандлик Рамазон Абдиев. — Биз учун яратилган шароитлардан мамнунман. Бино ичи салқин, барча зарур воситалар етарли. Тестни барча ўз билими билан ечди, назаримда. Турли алоқа воситалари ёки “шпаргалка”дан фойдаланган кишига кўзим тушмади. Шаффофлик таъминланган бундай жараёнларда адолат қарор топиб, энг билимлиларнинг юзи ёруғ бўлиши, шубҳасиз.

Кўриниб турибдики, бу йил имтиҳонларнинг ташкил этилиши кўплаб юртдошларимизни қониқтирмоқда. Улар абитуриентлар учун аввалги йиллардан-да қулай шароитларда, кенг ва ёруғ павильонларда, замонавий технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланилган ҳолда кучли назорат остида бўлиб ўтаётган имтиҳонлардан умиди катта. Улар тест синови фанларини чуқур ўзлаштирган, билими юксак ёшларга талаба бўлиш бахти насиб этишига ишонмоқда.

...Дарҳақиқат, яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимиз талабалари сафига минглаб ёшлар қўшилади. Уларнинг яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишига, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишига ишонамиз.
Дилшод КАРИМОВ

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тест синовлари қандай ўтмоқда?

Жамият янгиликлари